BBC navigation

1980 йилда Афғон урушига кетган самарқандлик топилди

Сўнгги янгиланиш 4 март 2013 - 16:59 GMT

Шўро қўшинлари Афғонистонни 1989 йил февралида тарк этган.

1980 йилда бедарак кетган Совет аскари, Самарқанд вилоятида туғилган Баҳриддин Ҳакимов Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида топилган.

Бу ҳақда Москвада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ингушетиянинг собиқ президенти, Шўролар Иттифоқи қаҳрамони, МДҲ мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари кенгаши қошидаги байналмилал-жангчилар қўмитаси раиси Руслан Аушев эълон қилган.

Байналмилал-жангчилар қўмитаси раисининг ўринбосари Александр Лаврентевнинг айтишича, Баҳриддин Ҳакимовнинг дараги бундан бир йил олдин чиққан.

У билан учрашишга ҳаракат қилинган, бироқ уч марта бу амалга ошмаган.

Яқинда, 23 феврал куни маҳаллий одамлар Баҳриддин Ҳакимовни Александр Лаврентев билан учрашувга олиб келишга муваффақ бўлганлар.

Александр Лаврентевнинг айтишича, 1980 йилнинг сентябр ойида Ҳирот яқинидаги жангда Баҳриддин Ҳакимов оғир яраланган.

Уни маҳаллий одамлар оқсоқол табибнинг олдига олиб боришган.

Гиёҳлар билан оқсоқол қўлида даволанган Баҳриддин Ҳакимов ўзи кейин табиблик билан шуғуллана бошлаган.

Уни ҳозир Шайх Абдулла сифатида танишади.

Александр Лаврентевнинг айтишича, Шайх Абдулла 32 йил олдин олган жароҳат ҳозир ҳам сезилади.

Унинг юзи, қўли ва елкаси доим титраб туради.

Баҳриддин Ҳакимов ўзининг қаерда туғилгани, қаердан армияга кетгани, онаси, ва яқинларининг исми-шарифларини айтиб берган.

Александр Лаврентев Шайх Абдуллага ўша пайтларда Ҳирот атрофида бедарак кетган Шўравий ҳарбийларнинг иккисининг суратини кўрсатган.

Шайха Абдулла уларни билишини ва улар билан учрашганини айтган.

Баҳриддин Ҳакимов агар қариндошлари у билан учрашишни хоҳласалар ва бу учрашув уларга зарар етказмаса, кўришишни жуда ҳам хоҳлашини айтган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.