BBC navigation

Гулнора Каримова ўзига қарши танқидларга илк бор Ғарб матбуотида жавоб қайтарди

Сўнгги янгиланиш 8 март 2013 - 14:31 GMT

Ўтган йилнинг ёзида бошланган Швейцария банки билан боғлиқ можаролардан сўнг биринчи марта Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова Швецария банки, МТС ва Беҳзод Аҳмедов билан боғлиқ саволларга жавоб берган.

Швецарияда нашр қилинадиган Bilan иқтисодий мажалласига кўра, Гулнора Каримова таҳририят саволларига Twitter ва электрон почта орқали жавоб берган.

Гулнора Каримовага кўра, Беҳзод Аҳмедов ўзи билан яқин муносабатларини суистеъмол қилган.

Айни пайтда Британияда чоп этиладиган Financial Times рўзномаси ҳам "Ўзбекистон ва унинг биринчи хоними" деб номланган мақола чоп этган.

"Мен кўп вақт бу масалага тегмадим, аммо энди вазиятга ойдинлик киритиш вақти келди" - дейди Гулнора Каримова Bilan саволларига жавобларида - "Ҳаммаси 2011 йили МТС ширкати фаолиятини солиқ идораси текширувидан бошланган".

Гулнора Каримова МТС Қирғизистон, Туркманистон ва Ҳиндистонда аянчли тажрибага эга бўлган ширкат бўлгани ва давлат идоралари эътибори бирдан МТСнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари бош директори Бехзод Аҳмедовга тушганини айтади.

"Мен уни узоқ вақтдан бери биламан, ота-онаси ва синглисини танийман" - давом этади Ўзбекистон президентининг қизи - "Энди билсам, Ўзбекистонда ўзига ҳеч ким тегиб бўлмайдиган шахс қиёфасини яратиш йўлида бу воқеликдан фойдаланган".

Махсус дастурларни ишга солиб, қўрқмасдан, абонентлар ҳисобидан катта миқдорда маблағларни олган. Муаммони ички текширув асосида ечишга уринганда эса, МТС ширкати норозилигига дуч келинди ва Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистондан қочиб кетди, деб айтади Гулнора Каримова.

"Ҳар қандай таниқли одамда бўлгани каби, рақибларим бу ишни менинг номимга боғламоқчи бўлишди", деб ёзган Каримова хоним.

Лекин Ғарбда бу ўринда муайян ҳужжатлар ва олди-бердилар ҳақида иддаоларга Гулнора Каримова Ўзбекистон бозорига киришга интилган TeliaSonera ширкати собиқ менежерлари электрон почталарида музокаралар мен ва ёки синглимга алоқадор контактлари орқали ўтишгани ҳақида маълумотлар топишганмиш, деб айтади.

Мен бу каби ҳужумларга илк бора дуч келаётганим йўқ, дейди Гулноар Каримова. Ва 2011 йилди Нью Йоркдаги Мода ҳафталаги, 2010 йили Канндаги воқеаларни ҳамда ўзи ишлаган тақинчоқларни тақдим этганида бўлган воқеаларни мисол сифатида келтиради.

Шунингдек, Швециядаги Mannheimer Swartling адвокатлар коллегияси олиб борган мустақил текширув менинг номимга доғ туширадиган материал топмаган, деб айтади Гулнора Каримова.

"Мен ҳеч қачон TeliaSonera вакиллари билан учрашганим ҳам, гаплашганим ҳам йўқ" - деб у ўз жавобида қатъий кесган.

Гулнора Каримова ўз мавқеидан келиб чиққан ҳолда, тайинланган вакилларни ишлатмаслигини, чунки бу доимо муаммолар яратишини қайд этади.

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ўз исми матбуотда Zeromax, Interspan, Oxus Gold, Вим-Биль-Дан ва Carlsberg алоқадор тарзда эслатилганини, ҳатто бир бора Швейцарияда маҳкамага мурожаат қилмоқчи бўлганини, лекин унинг Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили ўларо мавжуд дипломатик мавқеи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, маҳкамага мурожаат қилишига йўл қўймаганини айтади.

"Бу каби ҳужумларга қарши туриш катта куч талаб қилади, аммо унда Фонд Форумдаги асосий ишингиздан чалғиб кетасиз" - дейди Гулнора Каримова.

Ўзбекистон ва унинг "биринчи хоним"и

Financial Times эса илк жумласини яккаҳоким раҳбарнинг ашулачи қизи олиб борган тижорат ишларига текширувлар янгича ойдинлик киритмоқда, деб бошлайди.

Мақола "Ўзбекистон ва унинг "биринчи хоним"и деб аталади.

Мақолада Гулнора Каримова ўтган 10 йил давомида дунёдаги энг зулмкор тузумнинг Ғарбга дўстона қаровчи юзи эди, дейилади.

"Аммо энди у шафқатсиз бизнесмен ва ўз манфаатлари учун оиласининг мавқеидан фойдаланиб, тижорий рақибларини чилпарчин қилади", деб иддао қилинади.

Financial Timesнинг ёзишича, нашр кўрган ҳужжатлар шуни кўрсатади, Каримова хоним Ўзбекистон телекоммуникация соҳасида йирик холдингларни барпо этган ва башанг уй-жойларга эгалик қилмоқда.

Газета МТС ширкати машмашасини эслатади ва бу борадаги зиддиятлар Ўзбеккистон сиёсий келажагига таъсир қилиши мумкинлигини айтади.

Нашрга кўра, ҳозир 75 ёшли президентнинг саломатлиги савол остида қолаётган бир апйтда, унинг қизи ўз иттифоқчилари билан биргаликда, отаси ўлимидан кейин қудратга эришишга интилаётган, деб кўрилади.

Гулнора Каримова билан гўё яқиндан ишлаган одамдан иқтибос келтирган нашр, унинг атрофидаги зиддиятлар ва курашиш усуллари унга қарши иш бериши мумкин ва Ўзбек ҳукумати уни ҳимоя қилишга қийналиб колиши мумкин, деб ёзади.

Financial Times ҳали 2003 йили ҳам Гулнора Каримованинг тижорий фаолияти ҳақида ёзган.

Ўшанда у Каримова хонимнинг тижорати борасида батафсил ёзишга интилган илк Ғарб нашри бўлганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.