BBC navigation

"Уздунробита" аризаси бўйича тинглов қолдирилган

Сўнгги янгиланиш 12 март 2013 - 12:38 GMT

Хабарларга кўра, Тошкент хўжалик маҳкамаси МТС мобил алоқа ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Уздунробита" аризаси бўйича тингловни апрел охирига қолдирган.

"Уздунробита" ўзининг касодга учрагани борасида ўтган январ ойида маҳкамага мурожаат қилганди.

"МТС" бунинг сабабини Ўзбекистон маҳкамалари қарорлари билан "Уздунробита" ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажара олмай қолгани билан изоҳлаганди.

Тошкент хўжалик судининг сўнгги қарори ҳақида матбуотга маълум қилган манбага кўра, маҳкама кредиторларнинг "Уздунробита"ни банкрот деб эълон қилиш ва мол-мулкини молияга чақиш жараёнини очиш ҳақидаги талабини қондирмаган ва 22 апрелга қадар кузатув амалларини чўзишга қарор берган.

Россия мобил алоқа ширкати - МТСнинг билдиришича, Ўзбекистондаги воқеалар туфайли ўзининг соф даромадининг 1 миллиард 80 минг АҚШ долларидан воз кечишига тўғри келган.

Шу билан бирга, МТС ўзининг Ўзбекистондаги шўъба корхонасига қарши қилинган ноқонуний амаллар оқибатида кўрган зарарларини ундириш учун халқаро даражадаги барча ҳуқуқий воситаларни ишга солишини билдирганди.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида 2004 йилдан буён ишлаб келган йирик ширкат МТС лицензияси йўл қўйилган ноқонуний ҳаракатлари туфайли дея, ўтган йилнинг июл ойида дастлаб 10 кунга, кейинчалик 3 ойга тўхтатилганди.

Сўнгра, август ойининг бошида МТСнинг Ўзбекистонда иш юритиш учун берилган лицензияси бутунлай бекор қилинган эди.

Ўзбекистон расмий идоралари "Уздунробита"ни йирик солиқ тўловларини яшириш, пул ювиш, мижозлар пулларини ноқонуний ўзлаштириш кабиларда айблаган.

Расман 9,5 миллион деб айтилган "Уздунробита"нинг мижозлари бир кунда мобил алоқасиз қолишганди.

МТС "Уздунробита"га нисбатан илгари сурилган айбловларни рад этди, Ўзбекистондаги қудратли кучларни мўмай даромад келтирадиган бизнесларини тортиб олишга уринишда айблайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.