BBC navigation

Футбол: ФИФА Сервер Жепаров фойдасига ҳукм чиқарди

Сўнгги янгиланиш 12 март 2013 - 10:39 GMT

"Аш-Шабаб" ва Сервер Жепаров ўртасидаги тортишув ўзбекистонлик футболчи фойдасига ҳал бўлди

Бундан аввал футболга ихтисослашган турли маҳаллий интернет нашрларида ўзбекистонлик юлдуз футболчи сўнгги футбол мавсумини ўтказган Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб” жамоаси унинг янги клубга ўтишига тўсқинлик қилаётганига оид хабарлар пайдо бўлганди.

Ўзбекистондан тасдиқланган хабарларга кўра, “Аш-Шабаб” Сервер Жепаров “Сёнгнам Ильва Чунма” жамоасига ўз розиликларисиз ўтгани мазмунида ФИФАга шикоят аризаси билан чиққан, аммо куни-кеча халқаро ташкилот ўзбекистонлик футболчи фойдасига ҳукм чиқарган.

Аён бўлишича, ФИФА ўтган дам олиш кунларида бу хусусдаги расмий ҳужжатни Жанубий Корея клуби раҳбариятига ҳам тақдим этган.

Халқаро Футбол Уюшмаси “Аш-Шабаб”нинг шикоятини қондирган тақдирда эса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардорининг узоқ вақт футболдан четлатилиши мумкинлиги айтилганди.

Ўзбекистондаги футбол манбаларига кўра, Сервер Жепаровнинг “Сёнгнам Ильва Чунма” билан янги шартномаси расмий тафсилотлари сўнгги янгилик ортидан тез орада маълум бўлади.

“Икки карра Осиёнинг энг зўр футболчиси” бўлган Сервер Жепаров қитъанинг энг кўзга кўринган ўйинчиларидан бири саналади.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон миллий терма жамоасининг қатор муҳим халқаро учрашувлари арафасида кузатилмоқда.

Жамоа Сервер Жепаров сардорлиги остида 22 март куни 2015 йилги Осиё Кубогининг навбатдаги гуруҳ босқич учрашувида сафарда Бирлашган Араб Амирликларига қарши майдонга тушади.

Орадан тўрт кун ўтиб эса, 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқич саралаш беллашувлари доирасида Тошкентда Ливанни қабул қилади.

“Сёнгнам Ильва Чунма”

Ўзбекистонлик футбол юлдузининг Жанубий Кореянинг энг номдор жамоаларидан бири саналувчи “Сёнгнам Ильва Чунма” жамоасига ўтаётганига оид хабарлар матбуотда яқинда пайдо бўлганди.

Унинг К-Лигага қайтгани, Жанубий Корея клуби билан ўз шартномаси шартларини келишиб олгани, ҳатто, ўтган дам олиш кунларида янги жамоаси сафида дебют қилиши мумкинлиги ҳам хабар берилганди.

Сервер Жепаров Саудия Арабистонининг “Аш-Шабаб” клуби билан 2001 йил шартнома имзолаган ва ўша пайтда унинг ўзбекистонлик энг қиммат легионерга айлангани хабар берилганди.

Ўзбекистонлик футбол шарҳловчилари бундан аввалги суҳбатларимизда Сервернинг “Аш-Шабаб” жамоасида ҳалича ўзининг ўрнини топгани йўқлиги, саудияликлар кўпроқ бошқа легионерларга урғу беришаётганини ҳам таъкидлашганди.

Ўзбекистонлик юлдуз футболчи Саудия Арабистони жамоаси билан шартнома имзолашидан аввал Жанубий Кореянинг “Сеул”и таркибида тўп сурган ва клуб ўша йили мамлакат чемпиони ҳам бўлганди.

Жанубий Кореянинг энг кўзга кўринган жамоаларидан бўлган “Сёнгнам Ильва Чунма” ўзбекистонлик футбол аҳлига яхши таниш.

Сўнгги Осиё Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида Сервер Жепаровнинг собиқ жамоаси – Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби “Сёнгнам”ни ўз майдонида енгиб қайтганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.