BBC navigation

Бунёдкорнинг йўқолган чипталари ва ё ишга Гулнора Каримова аралашмоқчи

Сўнгги янгиланиш 25 март 2013 - 12:42 GMT
Мухлислар чипталар сотилишни бошлаган илк кунданоқ муаммоларга дуч келишди

Мухлислар чипталар сотилишни бошлаган илк кунданоқ муаммоларга дуч келишди

Гулнора Каримова футбол чиптаси билан боғлиқ муаммони бартараф этишга ҳаракат қилиши ҳақида Твиттер орқали билдирган.

Ўз навбатида кассалар орқали 3 кун сотилган чипталар дубинка билан қуролланган миршабларнинг қаттиқ назорати ва калтаклашлари манзарасида ўтган.

Мухлислар чипталарнинг доллар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг қўлларига чиқиб кетганидан шикоят қилган.

Твиттер микроблогида "Теша теккан гаплар" номи остидаги фойдаланувчи томонидан Гулнора Каримовага чипта муаммосини ечиб бериш сўралди.

“Биз Сиздан шуни илтимос қиламизки, ЎФФ билетни кассага чиқарсин, оддий мухлислар кассадан олсин! Агар шу масала юзасидан оддий халққа ёрдам берсангиз, биз Сиздан жудаям миннатдор бўлган бўлардик”, дейилади мурожаатда.

Мухлислар номидан ёзилган ушбу илтимосга Гулнора Каримова ўзбек тилида қисқагина “ҳаракат қиламан...инша'Аллаҳ”, - дея жавоб берган.

Мухлислар орасида Гулноранинг бу масалада ёрдам беролмаслигини билдирганлар ҳам бўлган. Уларга кўра, чипталарнинг ҳаммаси олибсотарларнинг қўлига чиқиб кетган ва бу жараённи тўхтатиш қийин.

Ўзбекистон футбол федерацияси ўйинга чипталар 23 март куни сотиб бўлинганини билдирган.

Замонавий услубда қуриб битказилган “Бунёдкор” стадионида илк расмий ўйин 26 март куни бўлиб ўтади ва ўша куни Ўзбекистон терма жамоаси Ливан билан жаҳон чемпионатига чиқиш учун баҳс олиб боради.

Мухлислар чипталар сотилишни бошлаган илк кунданоқ муаммоларга дуч келишди. Футбол федерацияси чиқарган расмий хабарга кўра чипталар 18 март куни 14:00 да сотувга чиқарилди ва ўша куннинг ўзида 6 минг чипта сотилди.

Аммо, эрталабдан буён чиптахона олдида турган мухлислар, чипталарнинг фақат 17:40 да сотила бошланганини ва 19:00 да чипта олишга интилаётган ишқибозларни милиция кучлари дубинкалар билан уриб ҳайдагани ҳақида айтишди.

Долларфуруш аёллар

Ижтимоий тармоқлар доллар савдоси билан ноқонуний шуғулланувчи чайқовчиларнинг расмларини қўйишди. Фойдаланувчиларнинг ёзишича, чипта савдоси долларфуруш аёлларнинг қўлига ўтиб кетган.

Ўзбекистонда ноқонуний равишда чет эл валютасини сотишда кўплаб аёллар иштирок этади. Ушбу аёлларнинг ҳукумат доираларида қўллаб турувчи одамлари борлигига ишонилади.

На федерация ва на ички ишлар ходимлари чипта сотувчи бу каби чайқовчиларга қарши чора кўрди. Чиптафурушларнинг суъратга олинган расмларига бирор изоҳ берилмади.

Аксинча, милиция ходимлари чиптани чиптахонларда сотишни талаб қилган мухлисларни дубинка билан 3 давомида қўрқитиб калтаклаб турган.

“Бунёдкор” чиптахоналари қаршисига чиққан милиция масъулининг мухлислар билан учрашуви видеоси интернет тармоғига чиқарилган.

“Мен Чилонзор туман милиция бошлиғи ўринбосариман, исмим Маъруф. Бу ерда билет сотилмаслигига мен кафолат бераман. Сиз кетганингиздан кейин билет сотилиб қолса, тупуринг менга”, - деган милиция масъули.

Милиция ходими мухлисларни билет нима учун сотилмаётганини федерациядан сўраш кераклигини айтади.

Ижтимоий тармоқларда ёзилишича, 500 дан ортиқ мухлис Ўзбекистон Футбол федерациясига юради. У ерда чипта сотилишига масъул, Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов билан учрашишни талаб ққилишади.

Аммо федерация масъуллари бунга жавобан дубинкали милицияни чақиради ва федерация дарвозаларни ёпиб қўяди.

Мухлисларга кўра билет расман сотилган 3 кун давомида чиптахона олдида 2 автобусда милиция махсус кучлари шай ҳолатда турган ва зарур пайти дубинкалар билан мухлисларни тарқатган.

Ҳисоб-китобларга кўра Бунёдкор стадионига чипталар тўлиқ ва белгиланган нархда сотилса ярим миллион АҚШ доллари бўлиши мумкин.

Аммо, қўлга чиқиб кетган чипталар 3 баробар қимматига сотилмоқда. Бу ноқонуний равишда 1 миллион доллар давлат ғазнасига эмас, ушбу сотишдан манфаатдорларнинг чўнтагига кетаётганини билдиради.

Ўзбекистон халқаро миқёсда коррупцияга ботган давлатлар сирасига киради. Кузатувчилар чиптанинг олиб сотарлар қўлига чиқиб кетишидан мансабдор шахларнинг ҳам манфаатдор эканлигини айтишади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.