Ёзувчи Тоҳир Маликнинг Би-би-си мақоласига муносабати

Тоҳир Малик
Image caption Ёзувчи Тоҳир Малик

Би-би-си Ўзбек Хизмати вебсаҳифасида чоп этилган "Китоби энг кўп босилаётган адиб" мақоласида ўзбек адабиётининг энг забардаст ёзувчиларидан бири Тоҳир Малик ижоди ҳақида сўз борганди.

Ушбу мақолага адиб ўз муносабатини билдириб мактуб ёзган.

Тоҳир Малик Би-би-си мақоласига муносабатида адабиёт билан боғлиқ қатор баҳсталаб мавзуларга диққат қаратади.

Айни мана шу ҳолат боис қуйида ёзувчининг ўзи йўллаган жавоб мактубини ҳеч бир ислоҳсиз тўла чоп этишга қарор қилдик.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ё раббимиз Аллоҳ, бизларга холис дўстларнинг эътиборини насиб қилаётганинг учун чексиз шукрлар қиламиз.

Ассалому алайкум, азиз биродаримиз! “Китоби энг кўп босилаётган адиб” деб каминани мақтов билан сийлабсиз, Сизни Аллоҳ сийласин. Каминани эса мақтовдан суюлиб кетиш хасталигидан асрасин.

Аввалги мактубингиздаги “яна ўзингизнинг бевосита ижод ҳақидаги ўйларингиз ва ижодингиз ҳақида адабиётшунослар, ижодкор дўстлар, оддий китобхонлар фикрларини юборсангиз мамнун бўлардим”, деган илтимосингизни жавобсиз қолдирган эдим. Аслида мақтовларингиз билан кифоялансам ҳам бўларди. Лекин мақоладаги бир гап мени озгина ажаблантирди ва айрим масалалар ҳақида сўз айтишга ундади. Мен олдиндан огоҳлантирай, лозим бўлса, ёзишмаларимизни ўқиғувчилардан узр ҳам сўрай. Баён қиладурғон фикрларим бир “ёш ҳаваскор, аммо келажаги порлоқ чол”нинг ҳасратлари эмас, иззатлаб нидолари ҳам эмас. Умид улки, бир эзма чолнинг ёшлар эътиборини ҳаётдаги айрим масалаларга қаратишга уриниши деб қабул қилинар. (Мен интернет тартиб-қоидаларини яхши билмайман. Агар мазкур мактуб сизга маъқул келса ва бошқалар учун фойдаси тегадиган фикрлар бўлса, мақолани эълон қилган жойингизга беринг. Фойдадан ҳоли бўлса, четга суриб қўяверинг.)

Мақолангизда Масъул Мақсудов деган китобхон укамизнинг фикрларини келтирибсиз. Мен бу укамизнинг “Умуман олганда эса, мен “Шайтанат”ни юқори савияда ёзилган асар дея олмайман... асарнинг 4-китобигача ўқиганман”, деган гапларидан ранжимайман. Тағин ҳам уч китобни тоқат билан ўқибдилар, барака топсинлар. Бу уч китобни ўқиш учун сарфлаган бебаҳо вақтлари учун рози бўлсинлар. Кишига асар ёқмаса, уч саҳифадан кейин ёки уч бобдан сўнг суриб қўя қолганини эшитувдим. Масъулжон бирон маънили гап чиқиб қолармикин, деган илинжда уч китобни ўқиган чиқарлар...

Мен бир гапни турли давраларда кўп такрорлайман: русларнинг “дид бўйича дўст йўқдир”, деган мақоли бор. Шунга кўра, лағмонни ёқтирадиган одамга паловни мақташингиз ортиқча. “Қора кўзим”ни йиғлаб эшитадиган одам “Қоши қора санамгина”га тоқат қила олмайди. “Бу менинг машинам, ўтиринг мадам” деган ашулани ёқтирувчи санъат мухлиси “Ушшоқ”ни эшитса, юраги сиқилади. Энди лағмонхўр одам паловни емай туриб, ош дамлаган ошпазни ёмонлаб ўтирса, қандай бўларкин? Бадиий адабиёт ҳам шундай. Кафкани қўлдан қўймай ўқийдиган китобхон “Кеча ва кундуз”ни менсимаслиги мумкин. Бунинг учун Кафка ҳам, Чўлпон ҳам айбли эмас. Энг бўш ёзилган асарнинг ҳам ўз ўқувчиси бўлади. Шунинг баробаринда, энг яхши асарнинг ҳам холис ёки нохолис танқидчиси бўлади. “Ўтган кунлар”га паст назар билан қарайдиганлар ёки “Ёзувчи “Меҳробдан чаён” деб нотўғри сарлавҳа қўйган”, дейдиганларни ҳам кўрганмиз, эшитганмиз.

Демоқчиманки, ҳар бир асарга билдирилган фикр – шахсий дунёқараш, бу дунёқараш эса зеҳн қувватига боғлиқ. Одам бир нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Маънавий маънода, ақл қаричи ҳам мавжуд, десак хато бўлмас. Шундай экан, баён қилинувчи танқидлар, фикрлар олишуви киши кўнглини вайрон эта олувчи фожиа эмас. “Шайтанат”нинг иккинчи китоби нашр қилинган йили менга қадрдон бўлган ёзувчи укамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Шайтанат”ни савияси паст ўқувчи ўқийди”, деб ёзган эди. Бу фикрдан ранжиган бир гуруҳ ёшлар газетага раддия ёзишганда, Бош муҳаррир Аҳмаджон Мелибоев бу мақолани бермабдилар. Ёшлар менга арз билан келиб: “муҳаррирга айтинг, бизнинг фикримизни ҳам берсин”, деб талаб қилишди. Газетачилик маданиятига кўра, бирон танқидий фикр берилар экан, шу саҳифанинг ўзида ё кейинроқ зид фикр ҳам берилса дуруст бўлади. Ҳамонки, муҳаррир буни лозим топмабдими, олишишдан наф йўқ, қолаверса, мен ўзимни ҳимоя қилишимга зарурат ҳам йўқ эди. Мен “қўяверинглар, мевали дарахтга тош отилади”, дейиш билан чекландим. Аслида мен у ижодкор укамдан ранжисам ҳам бўларди, негаки, у аввало паст савияда деб, мени-ёзувчини эмас, ўқувчини ҳақоратлади. Иккинчидан, асарнинг савияси пастлигини исбот қила олувчи бирон далилни келтирмади. Келтиролмасди ҳам, ахир асарни ўқимай туриб танқид қилган одам, даъвосига қаердан асос топсин?

Масъулжон укамизда бундай қусур йўқ, учта китобни ўқибдилар. Аммо бу укамизнинг “Бу тўғрида муаллиф билан ҳам кўп суҳбатларда бўлганман, фикрлашганман” деганлари каминани ғоят ажаблантирди. Бир неча кун ўйладим, “Масъул Мақсудов” деган одам билан кўп суҳбат қурганимни эслолмадим. Уни қаерда ва қачон кўрган эканман, бу ҳам ёдимда йўқ. Эҳтимол укамиз мен билан хаёлан ёки тушларида суҳбат қургандирлар. Агар шундай бўлса, даъвоимиз йўқдур.

Бу мактубни ёзишга даъват этган ҳолат ҳам айнан шу бўлди. “Шайтанат” ҳақида мақтовларни кўп эшитдим. Жиноят оламида юриб, бу китоб билан танишгач, тўғри йўлга ўтганларни ҳам эшитдим, айримлари билан суҳбат ҳам қурдим. Китоб бир одамга наф берса ҳам шукр қиламан.

Танқид кам бўлди. Асосли танқид деярли бўлмади. Биринчи китоб чиққанда раҳматли Шукур Холмирзаев “Асарни нега “бисмиллоҳ” билан бошлайди”, деб танқид қилган эканлар, буни ўзимга ҳам айтганлар. Диссертациялар ёзилди, ёқланди, дипломлар ёзилди, ёқланди. Лекин жиддий танқид эшитмадим, бунга ажабландим ҳам. Чунки: ё асар чиндан ҳам камчиликлардан холи (бундай бўлиши мумкин эмас) ёки танқид қилишга ҳам арзи-майди (шунисидан Худо асрасин!).

Мени бошқа нарса ранжитади: у ер бу ерда бу асар ҳақида танқидий руҳда гапирадиган одамлар шу асарларни ўқимаганлар. Етмишинчи йилларда бир ёзувчи дўстимиз Асқад Мухторнинг “Чинор” романини ёмонлаб кетди. Асарни мен ўқиган эдим. Унинг ёмон-лашлари ғалат туюлди. Баҳслашмоқчи бўлсам, баҳсдан ўзини олиб қочди, шунда “романни охиригача ўқидингизми?” деб сўрасам, дангалига “йўқ”, деди. Маълум бўлишича, роман журналда эълон қилинганда биринчи жумласини ўқибоқ ёқтирмай қолган экан. Бунга нима дейсиз? Афсусли жойи шундаки, ҳозир ҳам шунақа билимдонлар бор. Бир асарга баҳо бериш учун биргина жумла ўқиш кифоя уларга. Ҳатто ўқимасликлари ҳам мумкин. Кимдандир эшитган гаплари билан ҳукм чиқариб юбораверадилар.

Қайсидир йили тўрт-беш ёзувчи бир вилоятга бордик. Кундузги тадбирдан кейин зиёфат бошланди. Бундай зиёфатларга тоқатим бўлмагани сабабли қўшни хонага кириб ётдим. Кўзнинг иши осон: одам кўргиси келмаса, юмиб олса бас. Аммо қулоқни беркитиб бўл-майди. Мен чиқиб кетишим билан мен ҳақимдаги гап бошланди. Гап пойлаш одатим йўқ. Лекин эшитишга мажбурман. Даврадаги ёзувчи акаларимиздан бири: “Тоҳирнинг “Шайтанат”и яхши чиқди, шуни Навоий мукофотига қўйсак ҳам бўлади”, дедилар. Шунда дўстларимиздан бири: “Йўқ, жуда-а ошириб юбордингиз, Навоий мукофотига арзимайди”, деди. Шунда акамиз дедиларки: “Дуруст, Навоий мукофотига арзимаса, кейинги йили Қодирий мукофотига тавсия этиш керак, бу мукофотга арзир, а?” Дўстимиз “Бу мукофотга ҳам тортмайди-ку, лекин Тоҳир ака яхши одам, қўйса бўлади”, деб марҳамат қилдилар. Шунда акамиз яна сўрадиларки: “Менга қаранг шоир, асарни ўқиганмисиз?” Дўстимиз ростгўй эдилар, “Йўқ” деб жавоб бердилар.

Шунга ўхшаган гаплардан хабарим бор-у, Масъул Мақсудовнинг фикрларидан бехабарга ўхшаб турибман.

Худонинг марҳаматини қарангки, мукофотлар йўқ бўлди. Китобларни ўқимай туриб ҳукм чиқарувчи қадрдонларимизни ҳижолатпазликдан қутқарди. Агар Аллоҳ таборак ва таоло қилган ҳизматларим учун фақат биттагина холис фикрловчи китобхоннинг меҳрини менга насиб этган бўлса, бахтлиман. Биттагина китобхоннинг холис дуосини олиш саодатига етишган бўлсам ва бу дуо менга Қиёматда асқотса, Аллоҳга шукрлар қиламан. Очиғини айтсам, кўп мақтов эшитишдан қўрқаман. Бу дунёдаги мақтовлар Қиёматда асқотадиган мақтовлар ўрнига бўлиб қолмасайди, деб қўрқаман. Ҳар бир банда каби Қиёматдаги мукофотдан умидворман.

“Гадонинг душмани гадо бўлади”, деганларидек, баъзи муҳтарам ёзувчиларимиз, айрим азиз ҳамкасбларимиз ғийбат, иғво ҳатто фитналардан нафрат қилмайдиган бўлиб қолганлар. Ичқоралик, ҳасад хасталигидан биринчи галда ўзлари жабр чексаларда, шифоланиш ҳаракатини қилмайдилар. Раҳматли Рауф Парфи “ёзувчилар уюшмаси” дейиш ўрнига “Ёзувчилар ўйишмаси” дердилар. Катталар-ку, шу хасталик билан ўтяптилар, Аллоҳ ёшларимизни асрасин! Бир-бирларига бўлган меҳр-оқибатларини янада зиёда қилиб берсин. Яқинда муҳтарам шоир акаларимиздан бири таъсирли воқеани айтиб бердилар. Касалхонага устозларини йўқлаб борсалар, яна бир устоз ҳам ўша ерда эканлар. Ҳа, икковлари ҳам эътиборли устозлардан эди. Аммо икковларининг қанотида икки гуруҳ паноҳ топган ва бу гуруҳлар зимдан бир-бирини эговлаш билан банд эди. Устозлар ҳам уларнинг изидагилар ҳам бир-бирлари билан ўпишиб кўришардилар, аммо қўлларидаги ханжар яланғочланган ҳолда турарди. Буни ҳамма биларди, лекин билмаганга оларди. Ёзувчилар уюшмасидаги турли мажлислар болаларнинг беркинмачоқ ўйинига ўхшаб кетарди. Хуллас, ўлим тўшагидаги икки устоз умрлари кераксиз олишувлар билан ўтганини тан олиб, афсусланишибди. Худонинг қудратини қарангки, “Дунёда фақат мен борман” деган икки устозни бир ҳолатда, бир пайтда, бир жойда учраштириб, афсус кемасида олиб кетди. Шу ҳолатни уларнинг шогирдлари ҳис қилдиларми экан? Масала айнан шунда!!

Китобхонлар эҳтимол билишмас, қарийб йигирма йилдан бери Ёзувчилар уюшмасига деярли келмайман. Ўзаро тарафкашликлар, ҳасадгўйликлар, ғийбатлар билан ўралашиб қолмай, вақтимни ижодга бағишлашни афзал биламан. Ардоқли ҳамкасбларим бу гапимдан ранжимасинлар. Мен кўпчилик шундай, демоқчи эмасман. Лекин бир челак зилол сувга бир томчи сиёҳ тушса нима бўлади. Мен тилга олган маънавий хасталиклар ҳар бир одам учун зарарли. Лекин, дейлик, кимёгарлар орасида фитна ё иғво бўлса, уларни кечириш мумкиндир. Лекин ёзучиларни ҳеч-ҳеч кечириб бўлмас. Чунки ёзувчининг зиммасида тарбиячилик вазифаси ҳам бор. Ичи қора тарбиячи кимни қандай тарбия этади?

Бир дўстимизнинг гаплари баҳонасида ғойибона суҳбатлашдик. Агар фикрларимизда маъно бўлиб, ёшларимиз бирон наф олсалар яхши. Бўлмаса, интернет ўқиғувчиларининг қимматли вақтларини олганимиз учун узр сўраймиз, Аллоҳнинг олдида тавба қиламиз. Чунки ўзгаларнинг вақтини исроф қилиш ҳам гуноҳ экани каминага маълум.

Ассаламу алайкум, ва роҳматулиллаҳи ва баракатуҳ. Аллоҳ барчаларингизнинг хонадонингизга қут ва баракот бериб, турли офатлардан Ўзи асрасин. Омийн!

Дуогўйингиз Тоҳир Абдумалик ўғли, деб билурсизлар.

2013 йилнинг 6 март куни. Ҳижрий 1434 йилнинг рабиус соний ойи, 23 куни, чоршанба.

Бу мавзуда батафсилроқ