Президент Каримов Оқсаройда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Image caption Учрашув Президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар ортидан бўлиб ўтган

Президент Ислом Каримов чоршанба куни Оқсаройда Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовни қабул қилган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати раҳбари Илёс Умаровнинг Би-би-сига маълум қилишича, Президент Каримов билан учрашув режаланмаган эди.

"Кун тартибида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувлар бор эди, холос. Аммо сўнгги соатларда Президент Ислом Каримов билан учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлашим мумкин. Фақат учрашув тафсилотлари ҳақида ҳозирча менда ахборот йўқ", - деб айтди ҳозирда Остонада бўлган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Би-би-сига.

Жаноб Умаровнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири 26 март куни Тошкентга ишчи сафари билан жўнаб кетиши олдидан Президент Ислом Каримовнинг юрак ҳуружига учрагани ҳақида интернетда пайдо бўлган хабарлардан бохабар бўлган.

"Интернетга имкони бўлган ҳамма одамлар қатори биз ҳам хабардор эдик. Аммо бизда бошқа ҳеч қандай қўшимча ахборот йўқ", - деб айтди Илёс Умаров.

Жаноб Идрисовнинг чоршанба куни Президент Каримов томонидан қабул қилингани ҳақида биринчи бўлиб қозоқ ахборот агентликлари хабар берди.

"Қозоғистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарини олқишларкан, И. Каримов Қозоғистон томонидан илгари сурилаётган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома зарурлигини урғулади. Ушбу ҳужжат Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг 2013 йил июнида Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, учрашув давомида Каримов Марказий Осиёдаги мавжуд таҳдидларга қарши туришда интеграция мавзуси ҳақида ҳам гапирди", дейилади Казинформ тарқатган хабарда.

Ўзбекистон давлат хабар агентлиги- ЎзА Оқсаройдаги қабул ҳақида қозоқ агентликларидан анча кейин хабар тарқатди.

Раддия

Аввалроқ мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Президент Каримов 19 март куни гўёки юрак ҳуружи кечиргани ҳақида хабар тарқатган.

Ўзбекистон расмийлари бу хабарларни шарҳламаган, аммо Россиянинг РИА Новости агентлиги Президент девонидаги манбаъларга таяниб, ушбу хабарларни рад этган эди.

Сешанба куни Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Твиттер микроблог саҳифасида отасининг юрак ҳуружи кечиргани ҳақида мухолифат манбаълари тарқатган хабарни рад этган.

Твиттер фойдаланувчиларидан бирининг Президент Каримовнинг соғлиги ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Каримова хоним Президентни касал деб ўйлаш учун одам "ақлдан озган бўлиши керак", деб айтган.

Гулнора Каримова отасининг Наврўз тантаналари чоғида 20 дақиқа тўхтамай ўйинга тушганини хотирлатган.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 75 ёшли Президент Каримовнинг 19 март куни юрак ҳуружи кечиргани ҳақида хабар тарқатган ягона манбаъ бўлиб қолаётир.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари, Президент Каримовнинг 1991 йилдаги сайловларда рақиби бўлган Муҳаммад Солиҳ жаноб Каримовнинг юрак ҳуружи кечиргани ҳақидаги хабар учта алоҳида манбаъдан тасдиқланганини айтган.

Ўзбекистон Президентининг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар бундан аввал ҳам пайдо бўлган, аммо рад этилганди.

Ўзбекистонда расман Президент Ислом Каримовнинг соғлиги муҳокама этилмайди.

Кузатувчиларга кўра, Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги сўнгги хабарлар қарийб чорак асрдан буён якка шахс томонидан бошқариб келинадиган мамлакатда Президент Каримовдан сўнг ҳокимиятнинг кимга ва қандай шаклда ўтиши борасида аниқ режанинг йўқлигини кўрсатган.

Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2015 йилнинг биринчи ярмига белгиланган.

Бу мавзуда батафсилроқ