Тошкент милицияси "коммунал қотиллар"ни қидирмоқда

Image caption Тошкент шаҳар милицияси қотилларни тутишнинг уддасидан чиқолмаяпти

Тошкент милицияси пойтахтда қатор қотиллик, босқинчилик ва ўғирликларни содир этган жиноятчиларни ушлашда ёрдам берганлар учун 5 миллион сўм миқдорида пул мукофоти ваъда қилган.

Гумондорларнинг Осиё миллиатига мансуб 40 ёш атрофидаги аёл ва эркак экани айтилади.

Милицияга кўра, пойтахтни ларзага солган жиноятчилар қаровсиз қолган қарияларни ўлдириш ва уларнинг мол-мулкини талаш билан шуғулланиб келмоқда.

Бир аёл ва бир эркакдан иборат гуруҳ Тошкент шаҳрида 2012 йилнинг охиридан буён 20 дан ортиқ жиноят содир этилгани айтилади.

Жиноятчиларнинг қурбони асосан ёлғиз ва қаровсиз қариялар ва ёш болалар эканлиги маълум.

Тошкент шаҳар милицияси қотилларни тутишнинг уддасидан чиққани йўқ.

Шаҳар кўчаларига қотилларнинг тахминий портрети чизилиб хабар беришни сўраб ёпиштириб чиқилган.

Унда Осиё миллатига мансуб 30-40 ёш атрофидаги аёл ва эркак акс эттирилган. Жиноятлар асосан Ҳамза туманида содир этилгани хабар қилинади.

Ҳамза туман ички ишлар бошқармасидан исмини ошкор қилишни истамаган милиция ходими жиноятчиларнинг ўзинини қандай тутиши ҳақида айтади.

“Аёл киши 25-30 ёшгача, эркак киши 40-45 ёш. Газданман деб, келади. Ёки эшикни тақиллатиб боламга сув бериб деб сўрайди. Мақсад-эшикни очдириш. Эшикни очса яхши бўлмайди, агар ёлғиз одам бўлса қўл оёғини боғлаб, тунайди”.

Милиция ходими мана шундай ҳолатлар бўлганида 02 рақамига қўнғироқ қилишни тавсия қилди. У жиноятчиларни топиш учун қандай чоралар кўрилаётгани борасида маълумот бермади.

Бармоқ излари

Fergananews.com веб сайтининг ёзишича, Ички ишлар ходимлари жиноятчиларни топиш мақсадида шаҳардаги уй-коммунал хўжалигида ишловчиларнинг бармоқ изларини олишни ташкиллаштирган.

Уй-коммунал хўжалигида ишловчилар ишдан қолиб бармоқ изларини қолдириб келиш талаб қилинаётгани айтилади. Аммо ушбу чоралар ҳозирча бирор самара бергани йўқ.

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов қатор қотилликлар шаҳарда шов-шув бўлиб кетганини айтади.

"Тошкентда ўзига яраша миш-мишлар тўпланиб бўлди. Бу ҳодисалар асосан Ҳамза туманида содир бўлаётганмиш", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Журналист қотилларнинг Ўзбекистондек ҳуқуқ-тартибот тизими кучли давлатда тез фурсатда қўлга олинишига ишонади.

Бунгача ҳам Тошкент шаҳри ва вилоятида ёлғиз аёлларга нисбатан бир неча бор қотиллик содир этган жиноятчилар қўлга олиниб узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган эди.

3 кишидан иборат жиноий гуруҳ Ўзбекистон ва Қозоғистонда жами 11 та қотиллик содир этган ва ўлдирилган аёлларнинг тилла тақинчокларини бозорда сотиш билан шуғулланган.

Жиноий гуруҳнинг раҳбари Қозоғистонда қўлга олинган бўлса, унинг бир иштирокчиси Ўзбекистонга ушланган ва иккала жиноятчи суд томонидан узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилинган.

Жиноий гуруҳнинг 3 чи иштирокчиси эса ҳамон қидирувда.

Бу мавзуда батафсилроқ