Ўзбекистон: Президент Каримов қариндош-уруғчиликка қарши гапирди

Image caption Бу Президент Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар олинган 22 мартдан буён жамоатчилик олдида илк чиқишидир

1 апрел куни Тошкент вилоятининг навбатдан ташқари сессиясида гапирган Президент Ислом Каримов кадрларни танлашда қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик кераклигини таъкидлаган.

Жаноб Каримовга кўра, юқори мартабали мулозим ёки раҳбар "энг аввало бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёнинг талабларига жавоб бериши керак".

"У ўзига ишонч билдирган одамлар олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилиши, энг долзарб муаммолардан бохабар бўлиши лозим", - деган Президент.

Унинг сўзларига кўра, "раҳбар шахс халқнинг дард ва ташвишлари, орзу ва умидлари билан яшаши керак".

Жаноб Каримов мулозимларни одамларни бир-биридан ажратмасдан, ҳаммага адолатли муносабатда бўлиш, таниш-билишчилик ва қариндош уруғчиликдан узоқ туриш ҳақида огоҳлантирган.

Бу Президент Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар олинган 22 мартдан буён жамоатчилик олдида илк чиқишидир.

Генерал-ҳоким

Президент Каримов Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Рустам Холматовни аҳолини газ ва электр, шунингдек, ёшларни иш билан таъминламагани учун танқид қилган.

"Агар у ўз атрофида одамларни мамлакатни ривожлантиришдек эзгу мақсад йўлида бирлаштирганида, бундай муаммолар келиб чиқмас эди", деган Президент.

Сессияда бунга қадар Андижон вилоятини бошқарган Аҳмаджон Усмонов Тошкент вилоятининг янги ҳокими этиб тайинланган.

55 ёшли Усмонов Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг яқин одами сифатида кўрилади.

Жаноб Мирзиёев Жиззахга ҳокимлик қилган 1990-йиллар охирларида Аҳмаджон Усмонов Жиззах вилоят ички ишлар идораси, кейинчалик эса Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи бўлган.

Президент Ислом Каримов милиция генерали бўлган Усмоновни 2005 йил майидаги Андижон воқеалари ортидан ушбу вилоятга ҳоким этиб тайинлаган эди.

Ҳокимият учун кураш?

Президент Каримов кадрларни танлашда қариндош-уруғчиликка йўл қўймаслик ҳақида бундан аввал ҳам гапирган, аммо сўнгги баёнот Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг, кузатувчилар назарида Ўзбекистондаги олий ҳокимиятга даъвоси янада қатъийлашиб бораётган бир пайтда янграган.

Шу ой бошида Каримова хоним Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини суришни истисно қилмаслигини айтган.

Лас-Вегасда жойлашган Celebrity Scene News кўнгилҳушлик ва пиар ахборот воситасига берган интервьюсида Гулнора Каримова Президент лавозимида ўзини синаб кўришига ишора қилган.

"Буни синаб кўрмагунимча, бу саволга жавоб бера олмасам керак (кулади). Ҳозирги ҳолатимдан мамнунман. Мен бирон лойиҳани бажара олишига ишонч ҳосил қилмагунча, қадам ташламайдиган одамман", - деган у.

Президент Тошкент вилоят кенгаши депутатлари қаршисида нутқ сўзлаган 1 апрел куни Гулнора Каримова шунингдек, Твиттер микроблогидаги саҳифасида президентликка яна бир эҳтимолий номзод-Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовга қарши ҳужумларини давом эттириб, бу сафар уни коррупцияда айблаган.

"Бу ерда йигитлар айтишяптики, 4 миллиард доллар!!! Азимовда бор", деб ёзган Каримова хоним.

25 март кунги твитларида Гулнора Каримова Рустам Азимов Осиё Тараққиёт Банки Ўзбекистонга ажратга кредитларнинг ноқонуний ўзлаштирилишига алоқадорлигини даъво қилган эди.

У шунингдек, Ўзбекистон Молия вазири бўлган жаноб Азимов "Каримовлар оиласининг ҳамёни" деган иддаоларни ҳам рад этган.

Рустам Азимовнинг Гулнора Каримованинг чиқишларига муносабати маълум эмас.

Ўзбекистонда ҳокимият ёпиқ ва юқори мартабали мулозимларнинг бир-бирларни танқид қилишлари ноодатий ҳол.

Таҳлилчиларга кўра, Гулнора Каримованинг сўнгги чиқишлари ҳокимият учун пинҳона курашлар очиқ тус олаётганини англатади.

Бу мавзуда батафсилроқ