Марказий Банкнинг собиқ мулозими порахўрликда айбланмоқда

Image caption Банк тизими Ўзбекистондаги энг коррупциялашган соҳалардан бири, деб ишонилади.

Ўзбекистон Марказий Банки раисининг 23 март куни лавозимидан четлатилган собиқ ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаровга қарши мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ва порахўрлик айблари билан жиноят иши очилган.

Аввалроқ маҳаллий интернет нашрлари собиқ мулозимнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатганди.

Сўнгги абарларга кўра, жаноб Ҳайдаров 25 март куни Тошкент шаҳар маҳкамасининг қарори билан гаров эвазига озодликка чиқарилган.

12.uz нашрининг хабар қилишича, унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг "мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш", "сохтакорлик" ва "пора олиш" ҳақидаги бандлари билан жиноий суриштирув олиб борилмоқда.

Прокурорлар 42 ёшли Шуҳрат Ҳайдаровнинг жиноий маблағларни қонунийлаштиришда иштирок этгани ва кредит шартномалари ҳамда тендерларни сохталаштирганини даъво қилишган.

Шуҳрат Ҳайдаровнинг ўрнига Улуғбек Мустафоев Марказий Банк раисининг ўринбосари этиб тайинланган.

Ўтган ой Тошкентдаги Ипотека Банкнинг бир қатор бошқарувчилари молиявий жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Марказий Банк мулозимига қарши қўзғатилган жиноят ишининг бу ҳибсга олишларга алоқаси бор-йўқлиги номаълум.

Ҳибсга олишлар шу йил бошида Марказий Банк хорижий валюталарни сотишнинг янги тартибини жорий этиш ортидан юз берган.

Янги тартибга мувофиқ, фуқароларга нақд валюта сотиш тақиқланади.

Тошкентдаги тижорий банк ходимларидан бирининг Би-би-сига билдиришича, шу кунларда ўз ҳисобларига хориж валютасида пул қўяётган фуқароларга фақат чет элга сафар қилганлари тақдирдагина бу пулни ечиб олишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Аммо ўз ҳисобидаги 2 минг доллар миқдоридаги маблағни олиш мақсадида Қозоғистонга сафар қилган қашқадарёлик бир мижознинг айтишича, у кунига фақат 100 доллардан пулни ечиб олишга муваффақ бўлган, холос.

Шуҳрат Ҳайдаровнинг лавозимдан четлатилганини тасдиқлаган Марказий Банкнинг номини ошкор этишни истамаган мулозими Би-би-сига бу борада шарҳ беришдан бош тортди.

'Давлат ичидаги давлат'

Шуҳрат Ҳайдаров ҳозирга қадар Ўзбекистон Марказий Банкининг коррупцияда айбланган энг юқори мартабали мулозимидир.

Марказий Банк раиси Файзулла Муллажонов ҳукуматда энг узоқ муддат ишлаган шахслардан бири ҳисобланади.

65 ёшли Муллажонов 1991 йилдан буён Марказий Банк ва пул-кредит сиёсати бўйича ҳукумат комиссиясига раҳбарлик қилади.

Ўзбекистоннинг иқтисоди ва молия тизими ёпиқ ҳисобланади.

Таҳлилчилар бу ёпиқлик бошқа соҳаларда бўлгани каби банк тизимида ҳам коррупциянинг урчишига олиб келганини таъкидлайдилар.

Аввалроқ Бухоро вилояти мисолида банк тизимларининг қандай ишлашини ўрганган Бухородаги Гуманитар-ҳуқуқий марказ банклар "давлат ичидаги давлат" ва уларнинг бошкарувчилари учун хусусий даромад манбайига айланган, деган хулосага келган.

Марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниевга кўра, оддий фермер банкдан кредит олиш имконига эга эмас ва ходимлар амалдорларнинг яқинларига хизмат кўрсатишга мажбурланадилар.

"Банклар ёпиқ институтга айланган ва жамият уларнинг қандай ишлашини билмайди", - дейди Шуҳрат Ғаниев.

Бу мавзуда батафсилроқ