Ўзбекистон очиқ жамият барпо этмоқчи. Эксперимент билан

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов фармойиш имзолаб "Давлат идораларининг шаффофлиги" борасидаги янги қонун лойиҳасининг Самарқанд ва Бухоро вилоятларида синаб кўрилишига буйруқ берган.

Бу ҳақда Ўзбекистон маҳаллий матбуоти хабар тарқатган.

Бу янги қонун лойиҳасига кўра, ҳукумат идоралари ҳар қандай шахсдан тушган арз ва шикоятга 15 кун ичида, матбуот сўровларига эса етти кун ичида жавоб беришлари керак.

Президент фармойишига кўра, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги давлат ҳокимияти идоралари ўз фаолиятларининг очиқлигини таъминлаш бўйича тажрибани бир йил давомида бошларидан ўтказадилар.

Фармойишда давлат бошқаруви идорасига мурожаат қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, оғзакими, ёзмами, электрон почта орқалими ёки ўзининг ишончли вакили орқали бўладими, бу идора жавоб қайтариши шарт.

Бу йўлдаги ишлар, ундан кўзланган мақсад ҳақида Ўзбекистон парламенти жойларда тушунтириш ишлари ва анжуманлар ташкил этиши лозим.

Бир йилдан кейин икки вилоятда ўтказилган экспериментлар хулосаларига таяниб давлат идоралари очиқлиги ёки шаффофлиги ҳақидаги қонунни қабул қилиш мўлжалланган.

Ўзбекистон ёпиқ мамлакат экани нафақат ички, балки халқаро миқёсда ҳам таъкидлаб келинади.

Давлат идораларига террорчилик хуружи олдини олиш баҳонасида ҳокимликлар бинолари, вазирлик ва бошқа давлат идоралари бинолари бир неча метрли темир тўсиқлар билан ёпиб чиқилган.

Ўзининг шикоятини бу тўсиқлар оша идора қабулхонасига етказиш аксар оддий фуқаролар учун имконсиз амалга айланган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса милиция ёки прокуратура устидан ёзилган шикоят айнан ўша раҳбарнинг ўзига ижро этиш учун юборилиши оддий ҳолга айланганини айтишади.

Республиканинг энг олий тизимлари матбуот хизматлари эса журналистнинг муайян масала бўйича шарҳ бериш сўровига "аккредитация йўқлигини" рўкач қилиб жавоб қайтаришдан бош тортишлари қоидага айланганига ҳам кўп бўлди.

Ушбу очиқликка томон интилиш ва куни-кеча Бош прокурорнинг инсон ҳақларини бузган мансабдорни жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонун лойиҳаси билан чиқиши ҳақидаги хабарларда айримлар "Араб баҳори"га жавобни ҳам кўрмоқдалар.

Ўзбекистонда "Араб баҳори"ни қоралаш мақсадида тарғибот-ташвиқот кенг йўлга қўйилганига қарамасдан, узоқ Араб ўлкаларида оддий инсонларнинг арзу-додларига қулоқ солинмагани ва адолатсизликлар қудратли тизимлар емирилишига олиб келганини яхши англашади.

Бу мавзуда батафсилроқ