CPJ: Муҳаммад Бекжон зарур тиббий муолажа олиш учун озод қилинсин

Image caption Муҳаммад Бекжон сохта сиёсий абловлар билан 14 йилдан буён қамоқда қолмоқда.

Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбек ҳукуматидан қамоқда соғлигини жиддий йўқотган Муҳаммад Бекжонни озод қилишга чақирмоқда.

Халқаро ташкилот баёнотида айтилишича, Муҳаммад Бекжон дунёда энг узоқ қамоқ жазосини ўтаётган иккита журналистдан биттасидир.

Иккинчи журналист 1999 йилда 15 йилга озодликдан маҳрум этилган Юсуф Рўзимуродов экани таъкидланади.

"Ҳозирда фаолияти тўхтатилган "Эрк" газетининг бош муҳаррири бўлган Бекжонов 1999 йил февралида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилган.

2012 йил январда жазо муддати ниҳоясига етишидан олдин Ўзбек маҳкамаси Бекжоновни қамоқхона тартибини бузганликда айблаб, унинг жазо муддатини яна беш йилга чўзди", деб ёзади Журналистлар халқаро қўмитаси.

Муҳаммад Бекжонов айни пайтда Навоийдаги қамоқхонада сақланмоқда.

Муҳаммад Бекжоннинг аёли Нина Бекжонова март ойида эринининг олдига борганида, унинг аҳволи жуда оғирлигига гувоҳ бўлган.

Нина Бекжонованинг журналистларга айтишича, турмуш ўртоғи сил касаллигидан азоб чекмоқда, грижасини олиб ташлаш учун жарроҳлик амалиёти зарур.

Бекжонова олдинги сафарлар соғлигидан унча нолимаган эри ўтган ойда унга " буёғига узоқ яшамасам керак", деганини билдирган.

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитасининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича ходими Музаффар Сулаймонов "Ўзбекистон ҳукумати Муҳаммад Бекжонга ҳеч бир пайсалсиз зарур тиббий ёрдам кўрсатишни тайинлаши керак", "Биз Муҳаммад Бекжоновни озод қилишни талаб қиламиз", деб айтган.

Сохта айбловлар

Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов дастлаб Украинада қўлга олиниб, сўнгра Ўзбек ҳукумати талаби билан ватанига экстрадиция қилинган.

Олти ой ўтгач, уларга тақиқланган газета ва материаллар чоп этиш ва тарқатиш, тақиқланган сиёсий намойишларда қатнашиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга уриниш каби айбловлар қўйилади.

Маҳкама жараёнида Бекжонов ва Рўзимуродов ўзларига қўйилган айбларни рад этиб, қийноққа солинганларини айтишган.

59 ёшли Муҳаммад Бекжон Ўзбекистонда сиртдан 15,5 йилга ҳукм этилган "Эрк" партиясининг раҳбари, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон ҳукумати Бекжоновнинг қамоқ муддатини чўзиш билан мухолифатнинг руҳини синдиришни кўзлаётгани, лекин бу ниятига эришолмаслигини таъкидлайди.

Журналистларни Ҳимоя қилиш халқаро қўмитаси Ўзбек ҳукуматидан тўқиб чиқарилган айбловлар билан қамоққа олинган яна икки журналист- Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Саййидни ҳам озод қилишга чақирган.

Диний-сиёсий маҳкумлар

Ўзбекистонда ҳар йили Конституция куни муносабати амнистия эълон қилинсада, бу сиёсий-диний айбловлар билан қамалган маҳкумларни четлаб ўтади.

Ҳукумат расмийларининг ўзи эса Ўзбекистонда диний-сиёсий маҳкумлар йўқлигини таъкидлашади.

Ўзбекистондаги айни пайтда қанча сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган маҳбуслар борлиги ҳақида аниқ маълумот олишнинг иложиси йўқ. Бироқ таҳлилчиларнинг хулосаларига асосланган ҳисоб-китобларда уларнинг сони 15-20 мингга етиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ