Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Petronas Ўзбекистон жанубидаги геология-қидирув ишларини тўхтатган

Малайзиянинг Petronas нефт ва газ ширкати Сурхондарё вилоятида геология-қидирув ишларини тўхтатаётганини айтган.

Ширкат ўз қарорини ушбу ҳудудга сармоя киритиш тижорий жиҳатдан ўзини оқламаслиги билан изоҳлаган.

Айни пайтда ширкат Ўзбекистоннинг бошқа лойиҳаларидаги иштирокини давом эттириши айтилмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ва Petronas ўртасида Сурхондарё вилоятидаги "Сурхон" сармоявий ҳудудида геология-қидирув ишларига доир шартнома 2008 йилда имзоланган эди.

Унга мувофиқ, Малайзия ширкати 5 йил давомида камида 29.3 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш мажбуриятини олган.

Сўнгги икки йилда Petronas ширкати Ўзбекистондаги фаолиятини сезиларли даражада қисқартиргани кузатилади.

2011 йил майида Petronas Орол денгизида қидирув ишларини олиб бораётган халқаро консорциумдан чиққан эди.

'Ўйин қоидалари'

Ўзбекнефтгаз ширкатининг собиқ раҳбари ва иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновга кўра, Сурхондарёдаги қидирув ишларининг тўхтатилиши ортида бошқа сабаблар, жумладан, минтақадаги сармоя муҳити билан боғлиқ муаммолар ҳам турган бўлиши мумкин.

"Ўзбекистонда хорижий сармоялар борасида ҳамма учун бир хил ва тушунарли ўйин қоидалари ҳанузгача ишлаб чиқилмаган", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Аммо шунга қарамасдан, у Petronas нинг Ўзбекистондан бутунлай чиқиб кетишига ишонмайди.

"Хорижий йирик кампаниялар учун Ўзбекистонда ҳеч қаерда бўлмаган зўр имтиёзлар бериб қўйилган. Даромадлардан солиқ тўлаш ва техникалар олиб киришда катта ва ҳаддан ташқари кўп имтиёзлар берилган. Бундаё имтиёзлар шароитида ҳеч қандай кампания чиқиб кетишни лозим топмайди", - дейди Ўзбекнефтгазнинг собиқ раҳбари.

Анвар Ҳусайинов бу каби имтиёзлар маҳаллий ширкатлар, Ўзбекистоннинг ўрта ва кичик бизнес билан шуғулланаётган ўз фуқароларига ҳам яратилиши мақсадга мувофиқ бўлур эди, деган фикрни билдиради.

Унга кўра, хорижда муваффақиятли иш олиб бораётган ўзбек тадбиркорлари ҳамда меҳнат муҳожирларининг бошини қовуштириш ва уларнинг сармояларини мамлакат иқтисодиётига йўналтириш йўлида аниқ ишларни бошлаш вақти келган.