Ўзбекистоннинг тахт ворислиги қўшни давлатларда ҳам муҳокама қилинмоқда

Image caption Тожикистонда ҳам Ўзбекистон раҳбариятида бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг соғлиғи борасидаги хабарлар чиқиши ортидан салкам чорак асрлик ҳукмдорнинг ўрнига қандай одам келади деган тахминлар ўртага чиқа бошлаган.

Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг президентликка номзод дея кўрилаётган сиёсатчиларни твиттердаги микроблоги ва блогидаги саҳифаси орқали очиқ танқид қилишни бошлаши тахт ворислиги жараёнининг тезлашаётгани дея қабул қилинмоқда. Ўзбекистоннинг ён қўшнилари бўлган Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам бу каби таҳлиллардан четда қолаётгани йўқ.

Қозоғистонда чиқадиган “Эксперт Казахстан” журнали “Ўзбекистоннинг меросхўри ким” сарлавҳаси остида мақола билан чиққан. Мақола муаллифи Каримовнинг издоши ўзбек элитасини қаноатлантирувчи нейтраль бир одам бўлиши мумкинлигинит ва агарда томонлар муросага келмаса ҳукуматга диндорларнинг келиш эҳтимоли юқорилиги ҳақида ёзади.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали Ўзбекистон тепасига ким келишидан қатъий назар бу жараён ўзбек халқига зиён етказмайдиган ҳолатда амалга ошишини истайди. Таҳлилчига кўра 30 миллионлик аҳолининг тақдири бир кишининг соғлиғига қараб қолгани ачинарлидир.

Расул Жумали Ўзбекистоннинг бўлажак президенти нафақат Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги балки миинтақадаги алоқаларни яхшилаши кераклигини айтади.

“Ҳозир аҳвол жуда ҳам салбий кўринишда. Мен фақат Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларини эмас, балки бутун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатни назарда тутаяпман. Ўзбекистон тепасига нафақат тор ички манфаатларни бошқарувчи, балки минтақавий манфаатларни ҳимоя қилувчи раҳбар келиши мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан биридир”, - дейди Расул Жумали.

Сиёсатшуносга кўра минтақавий геосиёсат республикаларнинг олдида бирлашишдан бошқа йўл қолдирмаяпти. Бу вазиятда Ўзбекистон муҳим ролни ўйнаши мумкин.

Алоқалари кейинги вақтларда жуда ҳам совуқлашиб кетган Тожикистонда ҳам Ўзбекистон раҳбариятидаги бўлиши мумкин бўлган ўзгаришлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тожик матбуоти қўшни давлат бошқарувига келадиган шахс ўртадаги алоқаларни юмшатишга ва юзага келтирилган муаммоларни бартараф этишда муҳим роль ўйнашинини умид билан ёзишмоқда.

Тожикистонлик мустақил Журналист Зафар Сўфий тожик халқи икки мамлакат ўртасидаги алоқалар яхшиланиши орзу қилиб яшаётнганини айтади. Ташқи дунё билан асосан Ўзбекистон орқали боғланадиган тожикистонликлар катта муаммолар қаршисида қолган.

“Орзулари икки малакат ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши. Тожикистоннинг ярим аҳолисининг Ўзбекистонда қариндошлари бор. Ҳудди шундай кўплаб ўзбекистонликларнинг қариндошлари Тожикистонда қолган”, - дейди журналист.

Қирғизистонлик ўзбеклар ҳам сўнгги хабарлар ортидан янги умидлар қила бошлаган. 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг бу ердаги ўзбеклар Ўзбекистон бошқарувига миллат ҳақида қайғурувчи шахс келишини умид қилишади.

Қирғизистондан ҳуқуқ ҳимоячиси Равшан Гапиров Ўзбекистон мавжуд тузим ўзгарса кўплаб ўзбеклар у ерга кўчиб кетиш орзусида юрганини айтади.

“Агар ҳокимият ўзгариб халққа яхши қарайдиган давлат бошлиғи келадиган бўлса, Ўзбекистонга ўтиб яшасак яхши бўларди, дейдиганлар кўп. Бу ерда ўзбек бўлиб ватанимиз йўқ, сенинг ватанинг Ўзбекистон деб камситишдан бошимиз чиқмаяпти, дейдиганлар тиқилиб ётибди”, - дейди Равшан Гапиров.

Тошкентдан келаётган Ўзбекистон фуқароларининг айтишларича, Тошкентда ҳозир ҳамма жиддий ўзгаришларни кутишяпти. Барча “тўфон олдидан сукунат” холатига тушиб қолгандек.

Кимга хокимият ўтиши ва ким бўлиш мавзуида муҳокамалар бўлаяпти. Кўп одамлар Президент оиласи аъзоларининг бирортасини ҳам хоҳлашмайди.

Гулнора Каримова ёшларга турли тадбирлар қилиб беришини тан олишса ҳам, лекин халқ имиджига бу хеч нарса қилмаётгани ва халқнинг қолоқ холатда қолиб кетганини гапиришади.

Бу мавзуда батафсилроқ