Давлат маслаҳатчиси ўзбек киночиларни танқид қилди

Image caption Ўзбек киносида савиясиз филмлар кўпайиб кетаётгани танқид қилинди

Ўзбекистон интернет нашрларига кўра, президент давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов республикадаги давлат ва хусусий киностудияларда 2012 йилда ишлаб чиқарилган кино маҳсулотлар ҳисоботига бағишланган йиғилишда ўзбек киночиларининг фаолиятини танқид қилган.

Олдинроқ "Ўзбеккино" Миллий агентлигида раҳбарлар алмаштирилиб, Аъзам Исхоқов ўрнига Жаҳонгир Қосимов бош директор қилиб сайланган эди.

Президентнинг давлат маслаҳатчиси ҳозирда бутун умид янги раҳбардан эканини айтган.

Давлат маслаҳатчиси киноларга сарфланаётган миллионлаб пуллар осмонга сочилаётгани, кўнгилдагидек кинолар яратилмай, фақат баъзи кишиларнинг чўнтагини қаппайтираётгани ҳақида гапирган.

Ўзбекистон телевидениесида ҳақиқий санъатдан узоқ бўлган ҳаваскорлик даражасидаги филмлар реклама қилинаётгани ва айлантираётгани, бу эса ёшларнинг онгига айниқса салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Хабарларда айтилишича, жаноб Султонов актёр Мурод Ражабовнинг фаолиятини танқид остига олган. Ўзбекистондаги "Шов-шув.уз" сайтининг ёзишича, давлат маслаҳатчиси "маънавиятга тўғри келмайдиган номақбул ролларни ўйнаган актёрлар унвонларидан ҳам маҳрум қилинишлари мумкин"лигини билдирган.

Хайриддин Султонов шунингдек, ўзбек киносаноатида нега халқаро миқёсда тан олинадиган кинолар кам яратилаётгани ҳақида киноижодкорлардан сўраган.

Хайриддин Султонов ўзбек қишлоқлари киноларда нотўғри тақдим этилаётганидан норози бўлган, "Қишлоқда пахса девору молхонадан бошқа жой йўқми кўрсатадиган?" деган саволни берган.

"Ўзбеккино" да ўтган йиғилишда мулозим режиссёрларни қишлоқлардаги ўзгариш ва тарққиётни кўрсата олмаётганлари ёки кўришни истамасликлари ҳақида гапирган.

Бугунги ўзбек кинолари ҳақида биз билан ўз фикрларини ўртоқлашган тошкентлик журналистларнинг бири Хайрулло Султоновнинг "қишлоқда пахса девордан бошқа нарса йўқми?" деган гапини киноя билан қабул қилади.

"Давлат маслаҳатчиси ўзи билмасмикан қишлоқда ҳозир нима борлигини? Қишлоқларга боринг, неча фоиз одам яхши яшаяпти? Қанча фоизи мардикорликка кетган? Одамлар ҳақиқатда ночор яшашяпти. Ўша пахса уйларини ҳам таъмирлашга қурби етмайдиганлар бор ҳозир. Киночилар бу муаммоларни кўтариб чиқоладими? Мана, сиз сўрагандан кейин ўзбек кинолари билан қизиқиб кўрдим. Аввало номларини қаранг: "Ёлланган совчи", "Алданган совчи", "Замонавий совчи", "Эр бермоқ-жон бермоқ","Ўжар келин", "Келгинди келин", "Келгинди куёв", "Келгинди қайнона","Энди акам бўйдоқ", "Энди дадам бўйдоқ", эҳ-ҳе қўяверасиз энди номларни. Бу нимани англатади? Киночилар бошқа мавзуларда кино олишолмайди. Қўйиб берсин ҳеч бўлмаса Россия каби кино олишга. Шу маиший мавзулар, оила, келин-куёв, эр-хотин можаролари кулгу қилинаверади. Муаммо йўқ бошқа. Айб аслида киночиларда эмас, ўша кинони қандайлигини ўргатадиган раҳбарларда. Мен ишонаман Ўзбекистонда яхши режиссёрлар, сценаристлар бор. Лекин уларнинг ғояларига кенг йўл очиб берилмайди",- дейди тошкентлик журналист.

"Одамлар жиддий маънодаги киноларни кўришга сабри йўқ. Масалан комедия кинолари менга ёқади, уйдаги кам-кўстлар озгина бўлса ҳам унутилади. Лекин ҳозир майда-чуйда кинолар жуда кўпайиб кетди. Бир марта кўрасиз кейин кўргингиз келмайди",- деб айтади қаршилик уй бекаси бўлган аёл.

Ўзбекистонда бир-икки йилдан буён "Олтин Гепард" халқаро кинофестивалини ўтказиш йўлга қўйилди.

Унинг ташкилотчиси Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг нодавлат "Фонд-Форум" жамғармаси экани айтилади.

Лекин кино фестивалда ҳам, ҳар йили ўтказиладиган телевидение ва кино ижодкорларининг MNTV тақдимотида ҳам юқори санъат даражасида дейишга арзимайдиган ўзбек киноларининг тақдим этилгани ва мукофотлангани ҳақиқий кино мутахассисларию мухлисларини таажублантирган.

Халқаро танловларда тан олинган режиссёр Аюб Шаҳобиддиновнинг "Паризод" каби филмлари нега Ўзбекистондаги танловларда ҳатто номзод кинолар қаторига ҳам киритилмагани интернет тармоқларида танқидларга сабаб бўлган эди.

Адабиётшунос Наим Каримов биз билан ўтган суҳбатда яхши режиссёрлар яхши филмларини фақат нуфузли кинофестивалларга асрашларини айтган бўлса, актёр Бекзод Муҳаммадкаримов ҳар хил савиядаги киноларнинг чиқаётгани томошабинга танлов имкониятини берса ҳам, киноижодкорлар кино орқали томошабиннинг маданий савиясини пасайишига хизмат қилмаслиги лозимлигини билдиради.

Таниқли кинорежиссёр Али Ҳамроев ҳам бу ҳақдаги фикрларини биз билан ўртоқлашди.