Қаршилик тадбиркорлар энди президентдан кўмак сўрашмоқда

Image caption "Орзу" савдо мажмуида 600дан ортиқ тадбиркорлар фаолият юритган.

Қаршидаги "Орзу" савдо мажмуасининг бир гуруҳ тадбиркорлари шаҳар ҳокимининг қарорига асосан 13 феврал куни ёпилган бозор қайта очилишида ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Президентига мурожаат қилишган.

Бундан олдин тадбиркорлар норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти, шунингдек вилоят ҳокимлиги ва вилоят солиқ идорасига ҳам хат йўллашганини айтишади.

Қарши шаҳар ҳокимининг 2013 йил 13 феврал куни чиқарган қарорига асосан "Чорсу камалаги" масъулияти чекланган жамиятга қарашли "Орзу" бозори 10 иш куни муддатига фаолияти тўхтатилган.

Шаҳар раҳбарияти мажмуада дўкон сотиб олиб, ҳар ой мунтазам солиқ ва патент тўловларини тўлаб келаётган тадбиркорлар билан учрашув ташкил этган ҳамда бозор 1 март куни қайта очилади, дея ваъда берган.

Бироқ 1 март куни Қарши шаҳар ва Қашқадарё вилоят милиция бўлинмалари ходимлари келиб тадбиркорларга бу ердаги ўз товарларини олиб кетиш буюрилган.

Уларга "Бозор маъмуриятининг жойларни ноқонуний сотгани" ва бу камчиликларни тузатиш лозим"лиги билдирилган.

Бироқ тужжорлар орадан икки ой ўтишига қарамасдан бозор қайта очилмаётганини айтишади.

Тадбиркорларга кўра, улар қонуний фаолият юритганлар. "Бозор маъмуриятининг хатоси учун улар жавоб беришлари қонунга тўғри келмайди".

"Бизни арз-додимизни ҳеч ким тингламаяпти, минглаб кишилар ишсизлигига олиб келди. Бу билан ҳукуматимизга яна ишсизлар сони ошди. Бозор бузилгудек бўлса неча миллионлаб маблағимизга куйиб қолишимизга тўғри келади", дейишмоқда ўз ҳуқуқлари поймол этилаётганидан шикоят қилган тадбиркорлар.

Уларга биноан, 2010 йилдан 2013 йил 17 -февралигача "Орзу" савдо мажмуасида тужжорлик билан шуғулланиб, белгиланган солиқларни тўлаб келишган.

Савдо мажмуасида ишлаган 600дан ортиқ тадбиркор давлатга жами 520 минг даромад солиғи, 80 минг нафақа солиғи тўлаган.

Маҳаллий ҳокимият томонидан бозорнинг ёпилиши Вазирлар маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги "Бозорлар ва савдо комплексларининг фаолиятини тартибга солиш" тўғрисидаги қарорининг "камчиликлар аниқланган ҳолда бозор ўн кунга ёпиб қўйилиши мумкин"лиги ҳақидаги бандига асосланиб амалга оширилгани маълум қилинган.

Тадбиркорларнинг ёзишларича, айни пайтда "Орзу" савдо мажмуидаги кўрсатилган камчиликлар тугатилган, лекин ҳокимият томонидан бозорнинг қачон очилиши ҳақида тадбиркорларга айтилмаяпти.

Қаршилик тадбиркорлар ўз фаолиятларини қайта давом эттириш учун президент Каримовдан ёрдам кутишмоқда.