Президент Каримов Россияга сафар қилади

Image caption Каримов ва Путиннинг учрашувлари кун тартиби тиғиз бўлиши кутилмоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 15 апрел куни Москвага расмий ташриф билан боришини тасдиқлаган.

Вазирлик тарқатган расмий хабарда айтилишича, жаноб Каримовнинг ташрифига ҳозирлик масаласи Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари - Г. Красин ва Э. Ориповларнинг чоршанба куни Москвада ўтган учрашуви кун тартибида бўлган.

Учрашувда ўзбек-россия муносабатларига оид долзарб масалалар муҳокама этилгани айтилган, аммо Президентлар Ислом Каримов ва Владимир Путиннинг кутилаётган музокараларига доир маълумот берилмаган.

Президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани борасидаги хабарлар манзарасида ушбу ташриф Россия ва жаҳон матбуотининг диққатини тортган.

Таҳлилчилар ташрифнинг амалга ошиб-ошмаслиги 75 ёшли Ўзбекистон раҳбарининг соғлиги билан боғлиқ ўзбек мухолифат манбаълари тарқатган хабарларни билвосита тасдиқлаши ёки инкор қилиши мумкинлигини айтишган.

Россия матбуоти ўтган ой охирида Ислом Каримовнинг гўёки юрак ҳуружи кечиргани ҳақидаги хабарлар ва унинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақидаги сиёсий башоратларга кенг ўрин берган.

Сув ва ҳаво

Коммерсант рўзномасининг ўз манбаъларига таяниб ёзишича, жаноб Каримов Путин билан биринчи навбатда Қирғизистонда Россия ширкатларининг пулига қурилиши режаланган "Қамабарота1" ва Юқори Норин каскадлари атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш ниятида.

Ўзбекистон ушбу гидроиншоот лойиҳалари минтақадаги сув мувозанатини издан чиқариб юборишидан хавотирда.

Москва зиддиятни Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия вакиллари иштирокидаги ишчи гуруҳи доирасида ҳал қилишга уринган, аммо ўзбек ҳайъати бу гуруҳнинг ўтган йил охиридаги биринчи мажлисидан кейин бошқа йиғинларга қатнашмаган.

Коммерсантга кўра, лойиҳага вето ҳуқуқини қўлга киритиш пайида бўлган расмий Тошкент, афтидан, ўз мақсадига ишчи гуруҳи доирасида эмас, балки давлат раҳбарларининг юзма-юз учрашуви орқали эришмоқчи.

Қирғиз ва тожик матбуоти Ўзбекистон Президентининг айнан сув масалаларини муҳокама қилиш учун Москвага бораётганига урғу бермоқда.

Пайшанба куни Ўзбекистон Россия авиаширкатларининг конвертация билан боғлиқ мауммоларини ҳал этгани ҳақида хабарлар олинган.

Узметроном нашри ўзининг ҳукуматдаги манбаъларига таяниб, 10 апрел куни Ўзбекистон Россия авиаширкатларидан конвертация бўйича қарзларини тўла узгани тўғрисида хабар тарқатган.

Россия ўзининг 13 та ҳаво ширкатига тегишли маблағлар 15 апрелга қадар конвертация қилинмагани тақдирда, Ўзбекистон учоқларига ўз ҳаво ҳудудидини ёпиш билан таҳдид қилган эди.

МТС

Таҳлилчиларга кўра, икки давлат ўртасида "ҳаво уруши"нинг олди олинган, аммо Россиянинг йирик мобил ширкати МТС атрофидаги можаро жаноб Каримовнинг ташрифига ҳануз соя солиш мумкин.

Коммерсантнинг ёзишича, Путин ва Каримовнинг учрашувлари чоғида МТС атрофидаги вазият муҳокама этилади.

Шу ой бошида Ўзбекистон Олий Хўжалик Маҳкамаси МТСнинг шўъба корхонаси бўлган Уздунробитанининг кассация тартибидаги шикоятини рад этган.

"Биржевой лидер" нашрига кўра, МТС раҳбарияти ҳануз Ўзбекистонга қайтиш ниятида воз кечмаган ва жаноб Каримовнинг Москвага ташрифидан сўнг ўзбек маҳкамаларининг Уздунробитага нисбатан ҳукмларини юмшатишига умид қилмоқда.

"Акс ҳолда, деб ёзади "Биржевой лидер", МТСнинг халқаро маҳкамага мурожаат қилишдан бошқа иложи қолмайди".

'Базагача бир қадам'

Жаноб Каримовнинг Москвага навбатдаги расмий ташрифи Ўзбекистон МДҲнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиққан ва АҚШ билан сиёсий ва ҳарбий ҳамкорликни кучайтирган пайтга тўғри келмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Каримов Путинни Ўзбекистон ҳудудида Америка ҳарбийларини жойлаштирмаслик борасида яна бир марта ишонтириши мумкин.

Москва Қўшма Штатларнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетиш жараёнида ҳарбий жиҳозларнинг бир қисмини Ўзбекистонга қолдириш режасидан хавотирда экани айтилади.

АҚШ Давлат департаменти аввалига гап алоқа ва навигация, шунингдек, электрон хавфсизлик жиҳозлари ҳақида бораётганини айтган, аммо ўтган ой Ўзбекистон Қўшма Штатлардан кўпроқ қурол-яроғ сўраётгани маълум бўлган.

АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк Ўзбекистон тақдим этган ҳарбий жиҳозлар рўйхатида учувчисиз учоқларнинг ҳам борлигини тасдиқлаган.

Коммерсант рўзномасининг Россия давлат тизимларидаги манбаъдан иқтибос келтиришича, вазият Москвани безовта қилади.

"Қурол-яроғ ва жиҳозлар билан бирга Ўзбекистонга ғарблик инструктор ва техниклар келишади, у ердан эса базагача бир қадам", дея Россия мулозимининг сўзларини келтиради Коммерсант.

Бу мавзуда батафсилроқ