Ўзбекистон: собиқ милиция ходими 'қийноқлар натижасида вафот этган'

Image caption Ўзбекистон милицияси шафқатсиз қийноқ усуллари учун масъул кўрилади

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилотига кўра, ўтган ой тошкентлик собиқ милиция ходими Умид Аҳмедовнинг қийноқ излари бўлган жасади яқинларига топширилган.

Ташкилот раҳбари Надежда Атаеванинг айтишича, расмийлар жасадни тезда дафн этишни талаб қилганлар ва яқинларидан қийноқ излари ҳақида маълумот тарқатмаслик борасида тилхат олишган.

Ўлим ҳолати юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси ўтказишнинг ҳам тақиқлангани айтилади.

Надежда Атаевага кўра, марҳумнинг яқинлари ўлимнинг расмий сабаби борасида маълумот бериш ва ҳуқуқ фаоллари билан мулоқот қилишни исташмаяти.

'Чуқур жароҳат'

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" ташкилотининг айтишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг одам савдосига қарши кураш бўлими ходими бўлган 38 ёшли Умид Аҳмедов шу йилнинг 15 март куни пора олишда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Унинг шахси ва айблов тафсилотлари ҳақида бошқа ҳеч нарса маълум эмас.

Надежда Атаеванинг айтишича, ўлим тафсилотлари борасида марҳумнинг яқинлари билан боғланишга уринишлар зое кетган.

Аммо ҳуқуқ фаоли жасадни кўрган гувоҳлардан бирининг қийноқ излари ҳақида сўзлаб берганини айтмоқда.

"Умид Аҳмедовнинг баданида, буйни атрофида пичоқ санчилганидан кейинги чуқур жароҳат бўлган, бутун баданида қаттиқ калтакланиш излари бўлган, уларнинг диаметри 10 сантиметр атрофида. Бу яраларнинг келиб чиқишини уни тепишган, деб изоҳлашимиз мумкин. Бу гематомаларни марҳумнинг қовурғаси, тос суяги билан сон суягини туташтирган бўғинда ҳамда юзида ҳам кўрса бўларди. Қаттиқ калтакланишдан унинг юзи таниб бўлмайдиган ҳолатга келган", дея гувоҳнинг сўзларидан иқтибос келтиради Надежда Атаева.

Унинг сўзларига кўра, Умид Аҳмедовдан "ҳукуматдаги юқори мартабали шахс" га қарши кўрсатма талаб қилинган.

Атаева хоним манбаъ бу шахснинг хавфсизлигини ўйлаб, унинг кимлигини ошкор этмаганини айтмоқда.

"Умид Аҳмедовнинг иши бўйича батафсил маълумот олишга қаратилган уринишларимиз зое кетди",- дейди ҳуқуқ фаоли.

Шафқатсиз қийноқлар

Ўзбекистон тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари бот-бот учрайди.

БМТнинг Қийноқларга қарши махсус маърузачиси ўнлаб бу каби ҳолатларни ҳужжатлаштирган.

Ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовга кўра, қийноқ қурбонларининг яқинлари қўрқитилади ва таҳдид этиладилар.

"Шунда ҳам бизнинг қўлимизга етиб келаётган маълумотлар ўлим ҳолларининг кўпаяётгани, камаймаётганидан далолат беради", - дейди Сурат Икромов.

Мустақил Инсон ҳуқуқлари Ташаббус гуруҳига кўра, 2010 йилда 39 нафар маҳбус қийноқлар натижасида вафот этган.

Қийноқ қурбонларининг аксарияти диний-сиёсий айбловлар билан маҳкум этилганлардир.

Ўзбекистон милицияси шафқатсиз қийноқ усуллари учун масъул кўрилади.

Ўтган йил охирида Президент Ислом Каримов қийноқларни тақиқловчи қонунга имзо чеккан.

"Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида"ги қонун фақат 2013 йил охиридан кучга киради.

Аммо кузатувчилар қонун амалдаги вазиятни яхши томонга ўзгартиришига шубҳа қиладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ