Қизил Хоч Ўзбекистон қамоқхоналарига ташрифларини бекор қилди

Image caption Қизил Хоч маҳбуслар билан яккама-якка учрашувларга тўсқинлик қилинганини айтмоқда

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси Ўзбекистон қамоқхоналарига барча ташрифларини бекор қилган.

Қўмита тарқатган баёнотда айтилишича, бундай қарорга ташриф шартларининг ҳурмат қилинмагани, жумладан, маҳбуслар билан қамоқхона шароитлари борасида яккама-якка суҳбатлашиш имкони берилмагани сабаб бўлган.

Қизил Хоч бу каби фавқулодда қарорга шу ҳафта Тошкентда ўтган музокаралар ортидан келганини айтмоқда.

"Қизил Хоч учрашишни истаган барча маҳбусларни бориб кўриш ва улар билан гувоҳлар иштирокисиз, яккама-якка суҳбат ўтказиш -маҳбусларни самарали ҳимоя қилишнинг муҳим шартидир", деб айтган ўзбек расмийлари билан музокаралар олиб борган Қизил Хоч Бош директори Ив Даккор ўз баёнотида.

Жаноб Даккорга кўра, бу каби ташрифлар қамоқхона шароитларига сезиларли таъсир кўрсатиши керак.

"Ва жазони ижро этиш расмийлари билан мулоқот конструктив бўлиши керак. Ўзбекистон мисолида бундай деб айтолмаймиз",- деган Қизил Хоч мулозими.

Қизил Хоч ҳайъати 2001 йилдан буён Ўзбекистон қамоқхоналарига ташриф буюриб келади.

Ташкилот маҳбуслар билан учрашувлар эвазига ўз маълумотларини фақат ҳукумат билан бўлишади.

Қийноқлар билан ном чиқарган Ўзбекистон қамоқхоналарида расмийлар маҳбусларнинг Қизил Хоч ҳайъати билан учрашувларига тўсқинлик қилган ҳоллари кўплаб қайд этилган.

Хусусан, бу каби ташрифлар мобайнида сиёсий айблар билан қамалган фаоллар ва мустақил журналистларни яшириб қўйиш ҳоллари маълум.

Ўзбекистон расмийлари Қизил Хочнинг сўнгги қарорига ҳозирча муносабат билдиришгани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ