Жаҳон бозорларида олтин нархи тушиши Ўзбекистон иқтисодига қандай таъсир қилади?

Жаҳон бозорларида олтин нархи охирги 2 кун мобайнида кескин тушиб кетди.

Тилло нархининг 9 фоиздан кўпроққа тушиб кетиши охирги 30 йил мобайнида кузатилмаган ҳол, дея баҳоланмоқда.

Олтин билан бирга нефт, алюминий, мис каби табиий захирларга ҳам нархлар тушган.

Олтин ишлаб чиқариш Ўзбекистон иқтисодининг салмоқли соҳаларидан бири эканлиги маълум. Жаҳон бозорларида нархларнинг тушиши мамлакат иқтисодига не қадар таъсир қилади?

Иқтисодий таҳлилчи Алишер Таксановнинг айтишича, бу таъсир не қадар бўилишини тахмин қилиш жуда мушкул.

Алишер Таксанов: Биласизми охирги йилларда Ўзбекистон олтин савдосидан қанча маблағ олаётганини айтиш имконсиз эди. Ўзбекистон йилига тахминан 90 тоннадан 120 тоннагача олтин ишлаб чиқариб келгани маълум. Ўзбекистон шўролар даврида олтин ишлаб чиқариш бўйича киши бошига олганда биринчи ўринда эди. Лекин бу салмоқли ишлаб чиқаришнинг мамлакат молия соҳасида тутган ўрни ва ундан тушадиган пуллар нималарга сарфлангани деярли очиқланмаган. Бошқа томондан Ўзбекистон олтин ишлаб чиқараётган бўлса ҳам сотувга чиқармаётгани эҳтимолини ҳам рад этиб бўлмайди. Балким олтин банкларда сармоялар ва барқарорлик кафолати сифатида шунчаки сақланар. Шунинг учун жаҳон бозорларида олтинга нархлар тушган вақти мамлакат иқтисодига қандай таъсир қилишини айтиш қийин. Балким Ўзбекистон олтин сотаётган бўлса ҳам, нархлар тушган вақти сотмай турар. Олтин ўз ҳислатини ўзгартирмайдиган товар, уни келгуси йил сотса ҳам бўлади, ёки 100 йилдан кейин ҳам.

Би-би-си: Демак жаҳон бозорларида нархлар тушиши Ўзбекистон иқтисодига қандай таъсир қилишини айтиш имконсиз, шундайми?

Алишер Таксанов: Биласизми олтин ишлаб чиқариш мамлакат иқтсидининг бир қисми бўлса ҳам асосий соҳаси эмас. Албатта бу жуда фойда келтирувчи соҳа, лекин бу олтиннинг қанчаси сотувга қўйилаётгани, тушаётган пулларнинг қанчаси давлат бюджетига қўйилаётгани, иқтисоддаги улуши қанчалиги ҳақидаги маълумотлар йўқ экан, буни айтиш жуда қийин. Бир вақтлар Ўзбекистоннинг Швецарияга экспорт ҳажми миллиард доллар, деб айтиларди. Ўзбекистон Швецарияга нима экспорт қилиши мумкин, албатта олтин. Лекин "Зеромакс" ширкати ёпилганидан сўнг экспорт ҳажми бирданига 1 миллиарддан 70 миллионга тушиб кетди. Лекин шунда ҳам бу олтин сотув учунми ёки сақлаш учун чиқарилганми барибир ноаниқ.

Би-би-си: Охирги йилларда Ўзбекистондан олтин ишлаб чиқариш соҳасига сармоя киритган икки йирик ғарб ширкати чиқиб кетишга мажбур бўлди, бу ҳолат олтин ишлаб чиқариш соҳасига таъсир қилганми ёда у аввалги суръатда давом этяптими?

Алишер Таксанов: Менинг фикримча суръатлар сақланиб қолган. Чунки яхши асос солинган, ишлаб чиқариш базаси, турткилар сақланиб қолган. Айнан шу сабабли ҳам, яъни "ғарб ширкатларсиз энди ўзимиз ишни давом эттириш учун имкониятлар яратиб бўлинди", деб ҳисоблангани туфайли ҳам уларни сиқиб чиқаришди. Лекин муаммо шундаки, энди бундан буёғига ғарб сармоячилари бу каби соҳаларга кириб келишдан эҳтиёткорроқ бўладилар. Олтин, нефт-газ, пахта сохалари эса бу иқтисоднинг стратегик соҳаларидир.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг олтин запаслари ҳақида бирон маълумотлар борми?

Алишер Таксанов: Тасаввур қилинг, агарда йилига ўртача 90 тоннадан олтин ишлаб чиқарилган бўлса, демак Каримов раҳбарлари остида охирги 20 йил мобайнида деярли 2 минг тонна олтин ишлаб чиқарилган. Лекин бу олтин қаерда ҳеч ким билмайди. Агар эсингизда бўлса 90- йиллар бошларида Президент "биз ғарб банкларида сармояларга кафолат сифатида 100 тонна олтин сақлаймиз" деб айтганди. Ўшандан бери олтин запаслари ва қаерда сақланиши, ёда савдоси ҳақида ҳеч нима айтилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ