Ўзбекистон: Давлат мулкингни бузса, додингни кимга айтасан?

Image caption Тошкентда кўпайиб кетган машиналарни сақлаш муаммога айлангани айтилади

"Сизга тегишли темир гаражни 3 кун ичида кўчиришингизни сўраймиз".

Тошкентлик кўплаб минглаб гараж эгалари ана шундай мазмунда хат олишган.

Аслида бу сўров хати эмас огоҳлантириш ва гаражни қаерга кўчириш ҳам номаълум. Кўплаб гараж эгаларига кўра, уларга товон пули ҳам тўланмаяпти.

"Биз бир ой олдин эълон қилгандик. Ҳамма гаражларни секин секин ўзларинг кўчиринглар, деб айтганмиз" - дейди "Боғишамол" мағалла йиғинидан ўзини котиба дея таништирган суҳбатдошимиз - " Уч кун ичида йиғиштирилсин, деган қарор чиқди. Қарор ҳокимиятдан келган".

Маълум бўлишича, айни бузиш тадбири пойтахтнинг айрим туманларида кечмоқда. Келаси икки йил ичида эса Тошкентдаги 40 мингдан ортиқ гараж бузилади.

"Қонуний қурилган гаражлар учун бошқа жой ажратилади ва ё товон пули тўланади" - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов -"Лекин ноқонуний қурилган иморат ва гаражлар хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам бузилиши керак, деб қарор қилинган".

Аммо одамлар товон пулидан дарак йўқлигини ва қачон янги авто турар жойлар барпо этилиши номаълум қолаётганини айтадилар.

Ҳозир Тошкентда автомобиллар кўпайиб кетгани ва шаҳарда уларни сақлаш ва ҳатто тўхтатиш ҳам айрим ҳолларда муаммовий бўлаётгани айтилади.

Тошкентдаги мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам икки йил олдин 350 АҚШ долларига сотиб олган гаражи бузилганини, ҳозир ўзи яшайдиган мавзеда ярим мингга яқин гараж ё кўчирилиб, ё бузилганини айтади.

"Кўп қаватли уйларнинг олдида ҳозир машиналаримиз жуда тўлиб кетган. Мен 9 қаватли уйнинг олдида яшайман, олдимизда кечаси 50 дан ошиқ машина бўлиб кетади. Чунки ҳар битта хонадонда автоулов бор ва гараж ёўқлиги ўзига хос муаммоларни келтириб чиқармоқда", - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон зилзила юз бериб турадиган сейсмик ҳудудда жойлашган. Шу боис одамлар иккита балкон ўртасини бирлаштириб ошхона қуриб олишлари ва дераза ўринларини очиб олаётганлари ер қимирлаганда уйлар бапдош беролмайди, деган хавотирларни юзага келтирганди.

Кўп қаватли уйлар олдидаги гараж ва бошқа бинолар эса ёнғин каби ҳолатларда кўмак ёки қутқарув ишларини олиб боришга ҳам халал бериши айтилади.

Айни пайтда, аҳолининг ўз шахсий автомобилларини сақлаши учун авто турар жойлар ва махсус гаражлар етишмайди.

'Шикоятчига бир мири ҳам берилмайди'

Хабарларга кўра, қатор фуқаролар қонунга зид тарзда атиги бир неча кун қолганда гаражларни бузиш талаби ва унинг нархини қопламайдиган арзимас товон пули устидан шикоят қилишга ҳаракат қилишмоқда.

Аммо уларнинг бирон натижага эришишлари маълум эмас. Одатда, турли лойиҳалар ва ободонлаштириш баҳонасида уйлари бузилган шахслар уйларининг бозор нархини қоплайдиган ва ё оила эҳтиёжларига жавоб берадиган товон пули ёки бошқа уй-жой берилмагани ҳақила шикоят қилишган.

Ҳозир эса айрим ҳолларда бузилган гаражлар учун 200 АҚШ долларига тенг миқдорда пул берилиши мумкин. Лекин баъзи темир гаражлар нархи 300 АҚШ долларидан бошланиб, 2 минг долларгача етади.

Узметроном.ком сайтининг ёзишича шу кунларда Бўстонлиқ туманининг Тошкент-Чорвоқ трассаси бўйида жойлашган уйларни ҳам бузиш бошланган. Уй эгаларига 350 ва 1750 АҚШ доллари оралиғида бузилган мулк учун товон пули берилиши маълум қилинган.

Норози бўлиб шикоят қилганларга эса. ҳатто ана шу пулни бермаймиз, деб таҳдид қилишган.

Вебсаҳифадаги мақолада ёзилишича, бу пулга ҳозир Ўзбекистонда пойдевор ҳам ташлолмайсиз.