Барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Обамага ҳамдард

Image caption Американинг Бостон шаҳрида юз берган ва уч кишининг умрига зомин бўлган қўшалоқ портлаш ҳеч бир Марказий Осиё раҳбарини бефарқ қолдирмаган

Американинг Бостон шаҳрида юз берган ва уч кишининг умрига зомин бўлган қўшалоқ портлаш ҳеч бир Марказий Осиё раҳбарини бефарқ қолдирмаган.

Ҳар беш давлат раҳбари ҳам АҚШ Президенти Барак Обамага йўлланган расмий ҳамдарликларида юз берган ҳодисани "террорчилик амали" сифатида баҳолашган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг расмий хабарига таянилса, Ислом Каримов америкалик ҳамкасбига "Бостондаги инсоний талофатларга сабаб бўлган террорчилик амали юзасидан ўз ҳамдардлигини изҳор этиш" билан чекланган, холос.

Қирғизистон ва Туркманистон президентларининг таъзиялари ҳам узоққа чўзилмаган.

Президент Алмазбек Атамбаев ўз ҳамдарлигини юзма-юз мулоқоти чоғида тўғридан-тўғри Американинг Қирғизистондаги элчисига билдириб қўя қолган.

Аммо Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасидан, айниқса, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ҳамдардлик мактуби ўзининг кескинлиги билан ажралиб туради.

Президент Раҳмон Бостондаги ҳодисани террорчиликдан ташқари, "ноинсоний амал", дея қоралайди ва ҳатто, Американинг "террорга қарши курашида ўз дастагини таклиф этади".

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг расмий таъзияси эса, худди тожикистонлик ҳамкасбиники каби "террорчилик ҳужумида берилган инсоний талофатлардан чуқур қайғуда эканликлари"ни изҳор этишдан бошланади.

Президент Назарбоев мактубида, "унинг дунёга таҳдид солаётган террорчилик ва экстремизмнинг барча кўринишларини қоралаши" ҳам таъкидланади.

Ҳам Тожикистон ва ҳам Қозоғистон президентлари ҳамдардликлари, қораловларидан ташқари, "Бостондаги портлашларда яраланган инсонларнинг тезроқ тузалиб кетишларини ҳам тилаб қолишган".

Президент Ислом Каримов билан Москвадаги учрашуви ортиданоқ юз берган Бостон ҳодисасини қоралашда Россия президенти марказий осиёлик барча ҳамкасбларини ортда қолдириб кетган.

Image caption Президент Ислом Каримов билан Москвадаги учрашуви ортидан юз берган Бостон ҳодисасини қоралашда Россия президенти марказий осиёлик барча ҳамкасбларини ортда қолдириб кетган

Россия раҳбари тожикистонлик ҳамкасбидан ҳам ўзиб, Бостондаги ҳодисани, "ёвуз жиноят сифатида кескин қоралайди ва тергов жараёнида ёрдамлари лозим бўлса, ҳозир бўлишлари"ни ҳам қистириб ўтади.

Америкада душанба куни юз берган теракт дунёнинг бошқа кўплаб давлатларида ҳам акс-садо берган, жумладан, Афғонистон, Покистон ва Франция президентлари биринчилардан бўлиб ўз ҳамдардликларини изҳор этиб чиқишганди.

Қўшалоқ портлаш Бостонда кечаётган марафоннинг сўнгги босқичида юз берган, уч кишининг умрига зомин бўлган ва 150 дан ортиқроғини яралаганди.

Бу йил 117-бор ўтказилаётган марафонда 20 мингдан ортиқ спортчи иштирок этаётган ва яна ўн минглаб кишилар уни томоша қилаётган бўлишган.

Сўнгги хабарларда портловчи моддаларнинг буғли қозонда бўлгани тахмин этилмоқда.

Масъулларга кўра, сатҳдан портловчи модда қолдиқлари, қора рюкзак ва темир парчалари топилган.

Америкалик хавфсизлик масъуллари ўз текширувлари ортидан Бостон ҳозир тинч экани, ҳеч бир хавотирга ўрин йўқлигини айтишмоқда.

Ҳозирча ҳужум кимнинг иши экани, Американинг ўзидами ёки четда режалангани – маълум эмас.

Президент Барак Обама эса, қурбонларнинг дафн маросимида иштирок этиш учун эртага пайшанба куни Бостонга боришни режаламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ