Каримов ўзининг ўрнига замонавий фикрлайдиган ёш келишини истайди

Image caption "Президент сифатида мен учун эртага нима бўлиши ҳаддан зиёд муҳим", деган Президент Каримов.

Тошкентдаги анжуманда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўзининг ўрнига эскича фикрлайдиган раҳбар эмас, маърифатли, замонавий фикрлайдиган ёш келишини исташини айтган.

Президент Ислом Каримов айтишича, интернет муҳимлиги учун Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатишни кучайтиришга қарор қилинган.

Тошкентдаги халқаро анжуманга “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” деб ном берилган.

Анжумандаги маърузаси пайти Президент Ислом Каримовнинг айтишича, қишлоқ жойларида давлат барпо этаётган уй-жойлар у ердаги ёшларнинг дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатади.

"Тасаввур қилинг, бизнинг қишлоқ жойларидаги болаларимиз, ўсиб келаётган авлодимиз ўзларини қандай ҳис қиладилар? Уларнинг кайфиятини, уларнинг кўзлари, уларнинг эртанги кунга ишончини тасаввур қилинг", деган Президент Ислом Каримов ўзининг ўрнига эскича фикрловчи эмас, замонавий фикрлайдиган, маърифатли ёшлар келишини исташини айтган.

"Президент сифатида, халқимизнинг ишончини қўлга киритган шу мамлакатнинг раҳбари сифатида мен учун эртага нима бўлиши ҳаддан зиёд муҳим. Бизнинг ўрнимизга ким келади? Ё бу маърифатли, замонавий фикрлайдиган, мустақил фикрлайдиган ёшлар, ёки булар эски, эскирган тамойилларга таянадиган, биз Шўролар ҳокимияти пайтидаги 70 йиллик тамойилларга таянадиган одамлар", деб айтган Президент Каримов.

Замонавий уйлар қураётганимиз бизнинг болаларимиз ҳақида, эртанги кун ҳақида қанчалар қайғураётганимизнинг исботи, деган жаноб Каримов, эртага Ўзбекистонда нима бўлишини билмоқчи бўлганлар, ҳар қандай коллежга бориб кўришини маслаҳат беришини айтган.

"Мен чет эллик вакиллар ва бошқа мамлакатларнинг раҳбарлари, айниқса, Ғарб мамлакатлари раҳбарлари билан учрашганда мен уларга тўғрисини айтаман, сиз менга қараманг, мен балки эски тарбия одамидирман. Лекин Ўзбекистонда эртага нима бўлишини билмоқчи бўлсангиз, ҳар қандай коллежга боринг. Биз қисқа вақт ичида 1550 та замонавий лицей ва коллежлар қурдик. У ерда иккита-учта замонавий мутахассислик билан бирга албатта, чет тили, асосан инглиз тилини ўрганишади. Ўзбекистонда президент фармони қабул қилинган. Бу фармон бўйича шу ўқув йили, яъни 2013-2014 ўқув йилидан биринчи синфдан бошлаб Ўзбекистонда инглиз тили ўқитилади. Бу фақат биз инглиз тилини ҳурмат қилганимиздан эмас, аслида бу жуда яхши тил, гап шундаки, биз интернетга кириш фақат инглиз тили орқали бўлишини жуда яхши тушунамиз", деб айтган Президент Каримов.

Бу мавзуда батафсилроқ