Ўзбекистонда хайрия марафони бекор бўлди

Бостон портлашлари ортидан Тошкентда ўтказилиши режаланган "Ҳаёт учун" хайрия марафони бекор қилинган.

Ушбу югуриш тадбири Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова етакчилигидаги Форум жамғармаси томонидан ташкил қилинаётганди.

Бу ҳақда Тветтирдаги саҳифасида маълум қилган Каримова хоним 28 апрелга режаланган хайрия тадбири хавфсизлик хавотирлари боис бекор қилинганини айтган.

"Мазкур имкониятдан фойдаланиб, сизларга шуни маълум қиламанки, қўриқланадиган иншоотлардан ташқаридаги барча оммавий тадбирлар бекор қилинди. Қарор хавфсизликни таъминлаш учун олинди", деб ёзган Гулнора Каримова.

Маълум қилинишича, марафон ўрнига "Бостондаги портлашдан жабр кўрганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида акция" ўтказилади.

Хайрия марафонини Форум жамғармаси ва Кўкрак бези саратони миллий уюшмаси 2010 йилдан бери ташкил қилади. Мақсад аёллар кўкрак саратонига қарши курашга кўмак бериш экани айтилади.

Ўтган йил Тошкент шаҳри ва ундан олдин вилоятларда ташкил этилган югуриш тадбирларида 40 мингга яқин киши иштирок этгани хабар қилинганди.

Тўпланган маблағ 1 миллиард 50 миллион сўм эса, аёлларда кўкрак саратонини аниқлаш ва даволашга сарфланиши ҳақида айтилганди.

Аммо, хорижда ушбу тадбирни ташкил қилувчи Сюзан Комен номидаги жамғарма ҳамда Лувр музейи Форум жамғармаси билан ҳамкорликлари учун танқидга тутилгандилар.

Улар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ вазиятга кўз юмаётганликда айблангандилар.

Бу мавзуда батафсилроқ