Уздунробита касод деб эълон қилинди, МТС можароси битдими?

Image caption МТС бренди ўрнини ким эгаллаши номаълум

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, Тошкент шаҳар Хўжалик маҳкамаси Уздунробита мобил алоқа ширкатини касод деб тан олган ва уни бир йил ичида тугатиш ҳақида қарор чиқарган.

Шу йил январида МТС нинг шўъба корхонаси бўлган Уздунробита Ўзбекистон текширувчи идоралари талаб қилган 600 миллион доллар миқдоридаги маблағларни тўлай олмаслигини айтиб, хўжалик маҳкамадан ўзини банкрот деб эълон қилишни сўраганди.

11 мартда ўтган биринчи мажлисида Тошкент шаҳар Хўжалик суди кредиторларнинг сўровларини қондирмаган.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг энг йирик мобил алоқа ширкати бўлган Уздунробитани пул-маблағларни мақсадсиз ишлатиш ва солиқ тўламаслик каби ҳаракатларда айблаган ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мақсадида ширкатни миллийлаштириш ҳақида қарор чиқарганди.

Уздунробитанинг бир нечта юқори мартабали менежерлари ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилган.

2012 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳар жиноий маҳкамасининг аппеляцион коллегияси 600 миллион доллар эвазига ширкатни давлат тасарруфига ўтказиш жараёнини тўхтатишга рози бўлган эди.

Уздунробита ҳиссаларига эгалик қилган Россиянинг МТС ширкати ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги зиддият сабаб ўтган йил ёзида Ўзбекистондаги тўққиз ярим миллион мижозлар бирданига мобил тармоғидан узиб қўйилган.

Ўзбекистон хўжалик маҳкамасининг сўнгги қарори Президент Каримовнинг Москвага ташрифи ортидан эълон қилинмоқда.

Россия матбуоти МТС масаласи Москвадаги музокаралар чоғида муҳокама этилгани ҳақида ёзган.

'Хўжайинлар ўзгаради'ми?

Мустақил таҳлилчи Алишер Таксановнинг айтишича, Уздунробитанинг банкрот деб эълон қилиниши навбатдаги коррупцион бир келишувдир.

"Унга мувофиқ, Уздунробитанинг техникаси қайта сотилади ёки бошқа ширкатнинг номига расмийлаштирилади. Чунки Ўзбекистон ҳар қандай ҳолатда ҳам яхши, сифатли уяли алоқага, ахборот алоқасига муҳтож. Амалда эса Уздунробитанинг хўжайинлари ўзгаради, холос", - дейди таҳлилчи.

Унинг фикрича, МТС можароси яна бир марта Ўзбекистондаги сармоя муҳитининг "зарарли" эканини кўрсатган ва шундай экан, МТСнинг Ўзбекистонга қайтиш эҳтимоли кам.

Алишер Таксанов Уздунробитанинг ўзи ҳам Ўзбекистондаги фаолияти давомида амалдаги қонунчиликдан четга чиққан ва шунинг учун маҳкамада ўз манфаатларини ҳимоя қила олмаган, деб ишонади.

"Ўзбекистонда ишлаб келган барча йирик ширкатлар, Зарафшон-Ньюмонт ёки Oxus дейлик, ўз фаолиятларида қайсидир даражада амалдаги қонунчиликдан четга чиқадилар. Яъни уларнинг келишувларида барибир қандайдир қоронғу жиҳатлар бор, деб ишонаман. Назаримда, Уздунробитанинг фаолиятида ҳам худди шундай жиҳат бўлган ва шунинг учун ширкат ўзини ҳимоя қила олмади", - дейди таҳлилчи.

Бу мавзуда батафсилроқ