Тошкент милицияси: велосипедлар оммавий мусодара қилинаётгани йўқ

Тошкент милицияси пойтахтда велосипедлар оммавий мусодара этилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этган.

Ўзбекистондаги қатор нашрлар хабар тарқатишича, милиция ходимлари бир неча кундан буён пойтахт кўчаларида одамларнинг велосипедларини тортиб олишмоқда, эгаларига эса 26 минг сўм ёки тақрибан 10 доллардан жарима солишаяпти.

"Новий век" рўзномасига кўра, бу чоралар велосипедчилар иштирокидаги йўл-ҳаракати ҳодисалари кўпайгани билан боғлиқ.

Оммавий мусодаралар ҳақидаги савол билан Би-би-си Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилганида, бошқарма ходими, велосипедлар мусода қилинаётгани йўқ, деди.

Бу борада бирор ёзма ёки оғзаки буйруқ бўлганми, деган саволимизга, ҳеч қандай буйруқ бўлгани йўқ, деб айтди.

Шаҳарда охирги кунларда велосипедларни мусодара қилиш ҳоллари юз берипти-ку, деган саволга, Тошкент милицияси ходими, қоидани бузган велосипедчининг тагидаги улов мусодара қилинган бўлиши мумкин, деб айтди.

Тошкент шаҳрида велосипедларни прокатга бериш билан шуғулланадиган "Giant" ширкатидан айтишларича, улар ҳам велосипедни ижарага олаётган кишиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик лозимлигини уқтирмоқдалар.

Мусодара рейдлари сизнинг бизнесингизга таъсир кўрсатдими, деган саволга "Giant" ходими "ҳозир ҳаммага ҳам велосипедни ижарага бермаяпмиз", дейди.

"Giant" ширкатига кўра, бир кишидан паспортини олиб, 7000 сўмга 1 соатга велосипедни ижарага беришди.

Агар кимдир велосипедни ижарага олиб Тошкентдан ташқарига олиб чиқиб кетмоқчи бўлсан, бир кеча-кундузда 45 минг сўм ёки 16 доллар тўлаш керак.

Тошкентлик журналистларга кўра, охирги икки йилда Ўзбекистон пойтахтида спорт ва актив дам олиш усули сифатида велосипед тобора оммалашиб бораяпти.

Ҳозирги кунда Тошкентда велосипедларни прокатга берадиган ўнлаб ширкатлар очилган.

Тошкентлик журналистлар велосипедларнинг одамлар орасида оммалашиб, пойтахт кўчаларида велосипедчилар сонининг кўпайиб бораётгани йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги учун муаммолар пайдо қилаётгани ҳақидаги фикрга қўшиладилар.

Журналист Алексей Волосевичнинг айтишича, Тошкент кўчаларида велосипед минганларнинг ҳаракатланиши кўзда тутилмаган, устига пойтахт йўлларидаги автомобилларнинг сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Тошкентлик ҳайдовчилардан бири йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиб велосипед ҳайдайдиганлар кўпайганидан нолийди.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида бундан етти йил олдин мотоцикллар ҳаракати тақиқланган, бу тақиқ сабаби ва унга боғлиқ ҳужжат ҳеч қаерда эълон қилинмаган эди.

Айрим хабарларда Ўзбекистонда мотоцикл мамлакат президенти ҳаётига суиқасд олдини олиш мақсадида маън этилгани хабар қилинган.