Янгийўл ҳокимиятида дўппосланган фермер оламдан ўтган

Image caption Фермерлар мунтазам равишда ҳокимиятга ҳисобот беришга мажбурлар

Янгийўл туман ички ишлар бошқармаси раҳбаридан ҳамманинг олдида мушт еган фермер Турсунали Содиқов бир кун ўтиб 16 апрель куни юрак ҳуружидан ўлган.

Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фермер иснодга чидолмасдан инфарктга йўлиққанини даъво қилмоқда.

Тоталитар тузум бўлган Ўзбекистонда ҳоким ва миршаблар томонидан фермер ҳамда қўл остида ишловчи кадларни таҳқирлаш ва уриш ҳоллари тез-тез учраб туради. Бу таҳқирлашлар ортидаги масъуллар жазосиз қолади.

Қўмита хабарига кўра, 15 апрель куни Янгийўл туман ҳокими фермерларни йиғиб мажлис ўтказ

ган. Мажлисга айрим фермерлар кеч қолиб келган.

Кеч келганларни туман ички ишлар бошқармаси раҳбари Азиз Тошпўлатов муштлари билан дўппослаган.

Вазиятга аралашган фермер 63 ёшли Турсунали Содиқов ҳам жаноб Тошпўлатовдан мушт еган. Фермер эртаси куни юрак ҳуружидан вафот этган.

Бу ҳақда ушбу мажлисда иштирок этган бошқа фермер Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига келиб шикоят қилган.

Қўмитаси раиси Марат Зоҳидов ҳавфсизлик нуқтаи назаридан гувоҳнинг алоқа рақамларини беролмаслигини айтди ва ҳодисани ўзи сўзлаб берди.

"Ўша ерда калтак еганидан кейин уйга кетган. Кайфияти тушган. Мажлисдаги одамлар бақира бошлаганидан кейин сал тинчиб қолишган. Лекин 63га кирган, олдин бунақа нарсаларга дуч келмаган одам таъсирланган. Уйга келиб касал бўлиб, эртасига инфаркт олиб ўтиб кетди, бечора", - дейди Зоҳидов.

Янгийўл туман ҳокимияти Би-би-сига Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида 15 апрель куни ҳоким иштирокида фермерларнинг йиғилиши бўлганини тасдиқлади.

Исмини ошкор қилишни истамаган ходим милиция томонидан ҳеч ким калтакланмаганини айтди.

"Милиция томонидан урди-урди, кечикиб келиш деган нарса бўлгани йўқ. Ўзим иштирок этдим, аммо ҳеч нарсани кўрганим йўқ", - деб айтди ҳокимият вакили.

Янгийўл туман ички ишлар бошқармаси раҳбари Азиз Тошпўлатовдан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади. Туман ички ишлар бошқармаси ишонч телефони гўшагини кўтарган ва ўзини Жамшид дея таништирган ходим калтаклаш борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Жамшидга кўра, милиция ходимлари ҳокимиятдаги йиғилишларга фермерларни йиғиб беради.

"Милицияга фермер керак эмас-ку. Ҳокимиятда йиғилиш бўлади, фермерларни чақиртириб беринглар дейилади. Участка нозирлари телефон орқали етқазади, ҳокимиятга етиб келишади. Келишдан бош тортган фермерларни кўрмаганман", - дейди Жамшид.

Милиция ходимидан нима учун ҳокимиятдаги йиғилишга одамларни милиция чақириш билан шуғулланиши сўралганда, у "ҳокимиятда ишчи кучи етишмаслиги ва шунинг учун ҳамкорлик сифатида амалга оширилиши" сабаб эканини айтди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда фермер ва қўл остидаги шахсларни таҳқирлаш ва калтаклаш одатга кирганини эътироф этишади.

Бундан сал олдинроқ Наманган вилоят ҳокими ва ўринбосари томонидан фермерлар ва газ таъминоти идораси раҳбарини калтаклагани ҳақида хабар чиққан эди.

Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдилла Раззоқов вилоятда фермерлар ҳокимият, ички ишлар, прокуратуранинг тазйиқи остида қолганини ва мустақил фаолият юрита олмаслигини айтади.

Одатда бундай ҳуқуқ бузилишларидан шикоят қилинган тақдирда ҳам иш кўриб чиқилмайди.

"Шикоят қилади, лекин унинг шикояти ҳеч қачон туман ёки вилоят прокуратураси томонидан қаноатлантирилмайди. Сабаб ҳар қандай қонуннинг олдида биринчи навбатда қишлоқ хўжалиги туради. Фермер калтакланадими, вояга етмаган болалар эксплуатация бўладими, бу каби аризаларга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди", - дейди Раззоқов.