АҚШ Давлат Департаменти: 'Солижонни озод қилинг!'

Image caption Давлат Департаменти ўзбекистонлик журналистни озод қилишга чақирмоқда

Ўзбекистонда қамоққа ташланган таниқли журналист Солижон Абдураҳмоновнинг масаласи Америка Давлат департаментининг кундалик матбуот йиғинида илк асосий мавзуга айлаган.

Давлат департаментининг воизларидан бири Патрик Ветрелл журналистлар билан суҳбатда, “ Мен учрашувнинг энг аввалида бир масалани эътиборингизга ҳавола этмоқчиман. Биласиз, биз икки ҳафталик "Матбуотни Озод Қилинг" номли кампанияни бошлаймиз. Биз Жаҳон Матбуот куни арафасида Солижон Абдураҳмоновнинг тақдирига эътибор қаратмоқчимиз. Солижон Ўзбекистонлик журналист, уни 2008 йилда гиёҳванд моддаларга алоқадор дея шубҳали айбловлар билан ўн йилга озодликдан маҳрум қилишган. Солижон порахўрлик муаммосини ўрганган, иқтисоди абгор Ўзбекистонда фермерлар ҳуқуқларини ҳимоясига отланган журналистдир. Яқинда унинг иши яна журналистлар назарига тушди, чунки мулозимлар уни зиёрат қилишни истаган Халқаро Қизил Хоч жамиятига кўрсатишмади. Аввалроқ, Америка Қўшма Штатлари Солижон Абдураҳмонов масаласини Ўзбекистон ҳукумати билан муҳокама қилди. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан Солижон Абдураҳмоновни озод қилишни сўраймиз. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон ҳукумати дохил барча ҳукуматларни фикр эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя этишга ва журналистларни озод ҳамда мустақил фаолият юритишига тўсқинлик қилмасликка чақирамиз”, деб айтган.

Солижонни озод қилинг!

Image caption Солижон Абдураҳмонов 2008 йилдан бери қамоқда қолмоқда

Ўтган ҳафта бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари Президент Ислом Каримовнинг Дўрмондаги қароргоҳи яқинига боришга муваффақ бўлишган ва муваққат равишда қўриқчилардан бирига Ислом Каримовга аталган номаларини топширишган.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаевага кўра, айни номада журналист Солижон Абдураҳмоновни озод этиш талаби ҳам бўлган.

Президентнинг Дўрмондаги қароргоҳи қаттиқ қўриқланади ва унинг олдидаги кўча йўл ҳаракати учун ёпиб ташланган.

Ўтган йил ноябр ойида Қарши қамоқхонасида сақланаётган мустақил журналистни Халқаро Қизил Хоч ташкилоти комиссияси ходимлари бориб кўришмоқчи бўлишган.

Аммо унинг яқинларига кўра, мулозимлар журналистни ташкилот ходимларидан яширишган.

Солижон Абдураҳмоновни Қорақалпоғистон маҳкамаси 2008 йилда ноқонуний гиёҳванд моддаларни сақлаш ва тарқатишда айбдор деб топиб 10 йилга озодликдан маҳрум этган эди.

Журналистнинг автомобилига гиёҳванд моддалар ташлаб қўйилгани ва сохта айбловлар билан озодликдан маҳрум этилгани халқаро ҳамжамиятнинг ҳам танқидларига сабаб бўлган эди.