Халқаро Диний Эркинликлар бўйича комиссия: "Ўзбекистонга қарши жазо чоралари қўллансин"

Қўшма Штатларнинг дунё давлатларидаги диний эркинликлар бўйича вазиятини кузатиб борувчи ҳайъати Ўзбекистонни яна бир бор "алоҳида хавотирга молик" давлатлар қаторига киритишни сўраган ва унга қарши жазо чоралари жорий этишга чақирган.

Халқаро Диний Эркинликлар бўйича комиссия йиллик ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари энг кўп топталадиган давлат сифатида қайд этилган.

Ҳукуматга маслаҳатлар берувчи, аммо қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлмаган ушбу ҳайъат Вашингтондан юқори лавозимли ўзбек расмийларини Америкага киришларини тақиқлашни сўраган.

Комиссия ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ҳукумати 1991 йил мамлакат мустақилликка эришганидан бери диний эътиқод ва бошқа инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда ва чидаб бўлмас даражада топтайди.

"Ўзбек ҳукумати шахсларни қайси диний ташкилот ва ё оқимга тегишли бўлишидан қатъий назар ҳаддан ортиқ жазолайди. Диний эътиқодни чекловчи қонунлар давлатга мамлакатдаги барча диний жамоалар, айниқса, кўпчиликни ташкил этувчи мусулмонлар устидан назорат ўрнатишга имкон яратган", дейилади йиллик ҳисоботда.

Бундан ташқари, комиссия Ўзбекистон ҳукумати расмий белгилаб берилган тартибларга амал қилмайдиган мусулмонларни ҳибс қилиши ҳамда муайян шахслар, гуруҳлар ва масжидларга нисбатан репрессив сиёсат юргизишини таъкидлайди. Ўзбек ҳукумати тақиқланган ташкилотлар қаторида "Ҳизб ут-Таҳрир", Акромийлар, Таблиғчилар Жамоати, Нурчилар ҳамда Ваҳҳобийлик каби қатор бошқа диний оқимлари бор.

"Ҳукумат уларнинг экстремистик сиёсий дастурларга эга эканини даъво қилади", дейди АҚШнинг Халқаро Диний Эркинликлар бўйича комиссияси.

Комиссиянинг таъкидлашича, минглаб одамлар ақидапараст деган айбловлар билан қамоқхоналарда қолмоқда. "Уларнинг кўплари эса, қийноқларга солингани хабар қилинади".

Америка ҳайъатига кўра, дин номи билан давлатга таҳдид солувчи гуруҳларга қарши дея ишлаб чиқилган "мужмал" қонунлар Ўзбекистондаги кўплаб мусулмонларга қарши қўлланилади. Ҳайъат Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган мусулмонлар сони "5 мингдан 10 минггача" эканини айтади.

Ҳисоботда диний ҳуқуқлари топталган қатор инсонлар номлари ҳам келтирилган.

Америка ҳайъати Ўзбекистон қамоқхоналарида бедарак йўқолган икки имом ҳамда 2012 йил февралида Швецияда отиб кетилган Обидхон қори Назаров ҳақида ҳам эслатади.

Шу ўринда, комиссия 2010 йил милиция текширувлари пайти уйидан ушбу имомларга тегишли аудиоёзувларни топилиши ортидан журналист Хайрулла Ҳамидовнинг 6 йилга озодликдан маҳрум этилишини ҳам қўшимча қилади.

Бундан ташқари, Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси Ўзбекистонда диний эркинликлари чекланаётган фақат мусулмонлар эмаслиги, бошқа турли диний оқимлар вакиллари ҳам расмийлар босимларига дуч келаётганини урғулайди.

Комиссия ҳисоботида "Яҳова шоҳидлари", "Еттинчи кун адвентистлари", "Баптистлар", "Баҳоийлар" ҳамда "Буддавий"лар ҳукуматнинг доимий кузатуви остида экани айтилган.

Image caption Ўзбекистонда диний эркинликлари чекланаётган фақат мусулмонлар эмаслиги, бошқа турли диний оқимлар вакиллари ҳам расмийлар босимларига дуч келаётганини таъкидланади

Америка Давлат Департаменти Ўзбекистонни "алоҳида хавотирга молик" давлатлар сирасига 2006 йилдан бери киритади. 2009 йилдан бери эса, айни рўйхатда бўлишича қарамай, ижобий ўзгаришлар томон қадам ташлашни рад этиб келаётган давлатлар қаторида қайд этади.

Комиссия Ўзбекистон учун қатор тавсиялар ҳам берган. Улардан биринчиси, АҚШ ҳукумати диний эркинликлар билан аҳволни яхшилаш борасида Ўзбекистон томони билан музокаралар бошлаши лозимлигидир. Агар бу музокаралар 180 кун ичида амалга ошмаса, жазо чоралари жорий этиш, Президент Каримов дохил юқори ва ўрта мартабали ўзбек расмийларини Америкага келишларини тақиқлаш сўралган.

Покистон илк бор рўйхатда

АҚШ Халқаро Диний Эркинликлар бўйича комиссияси йиллик ҳисоботида Хитойдаги уйғурлар ва Тибет буддавийлари аҳволи абгорлашиб бораётганидан, Миср, Эрон, Бирма, Саудия Арабистони ва бошқа қатор мамлакатлардаги муаммолардан ташвиш билдирилган. Марказий Осиёдаги Тожикистон, Туркманистон каби давлатлар номлари ҳам ҳайъат рўйхатига тиркалган.

Шу билан бирга, Қўшма Штатлар ҳукумати томонидан тайинланган ушбу ҳайъат Покистонга диний эркинликлар аҳволи юзасидан босимларни оширишга чақирган.

Ҳайъатнинг огоҳлантиришича, мамлакатдаги диний озчиликлар билан боғлиқ вазият инқироз даражасига етиши мумкин.

АҚШ комиссияси Покистонни "алоҳида хавотирга молик" давлатлар қаторига киритишни сўраган. Бу агар вазият ўнгланмаса, айни давлатга нисбатан жазо чоралари кўрилиши эҳтимолини англатади.

Комиссиянинг билдиришича, шиа озчиликларини нишонга олган "сурункали мазҳаблараро зўравонликлар мисли кўрилмаган даражада ортиши" туфайли Покистонда диний эркинликлар поймол этилади.

"Ҳукумат насронийлар, аҳмадийлар ва ҳиндуларни муҳофаза қила олмаяпти", дейилади ҳисоботда.

Унда айтилишича, шаккокликка оид ва бошқа қонунлар кенг кўламда "диний эркинликларга зид қўлланилади".

Ҳисоботга кўра, ўтган йил Покистонда юзлаб шиалар, айниқса, келиб чиқиши Афғонистондан бўлган ҳазоралар ўлдирилган.

Давлат Департаменти 2001 йил сенбяр ҳужумларидан бери Қўшма Штатлар билан яқин, бироқ пасту баланд муносабатларга эга бўлиб келган Покистон бундан олдин диний эркинликлар бўйича "алоҳида хавотирга молик" давлат рўйхатига киритмаганди.

Бу мавзуда батафсилроқ