Милиция зобити калтагидан сўнг вафот этган фермер яқинлари адолатга умид қилишмоқда

Милиция зобити томонидан калтакланганидан сўнг оламдан ўтган Янгийўллик фермернинг яқинлари унинг ўлими юзасидан шикоят қилишмоқчи.

63 ёшли фермер Турсунали Содиқов 15 апрель кунги мажлисда ҳамманинг олдида милиция бошлиғидан калтак ейишидан сўнг юрак ҳуружига учраган.

Юрак ҳуружи оқибатида ҳалок бўлган фермернинг укаси Шавкат Содиқов Би-би-си билан суҳбатда бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан шикоят қилишларини ва адолатли ечимга умид қилишларини билдирди.

“Албатта шикоят ёзилади. Ўзбекистоннинг қонунлари бўйича кўриб чиқилишига ҳаракат қилаяпмиз”, - дейди Шавкат Содиқов.

63 ёшли фермер маҳаллий ҳокимиятда 15 апрель куни вилоят ҳокимининг ўринбосари ва Янгиёўл туман ҳокими иштирокида ўтказилган мажлисга кеч келгани учун ҳамманинг олдида калтакланганди.

Мажлисда иштирок этган янгийўллик фермернинг айтишича, Турсунали ака билан яна бир киши мажлисга кеч келган ва туман Ички Ишлар бошқармаси бошлиғи залда ҳоким ҳамда 300 яқин одам ўтирганига қарамай кеч келганларни шапалоқлаб уришга тушиб кетган.

“Мажлисга иккита одам кеч кириб келди. Милиция бошлиғи ўрнидан туриб бориб, ёшроғини шапалаб уриб кетди. Ётқизиб олиб яна бир- икки шапалоқ урди. Ундан туриб ёши катта кишининг ёқасига ёпишди. Уни ёқасидан ушлаб силтаганида одамлар, фермерлар ўрнидан туриб "тегмагин", деб бақир- чақир бўлиб кетди. Кейин итариб итариб ёқасидан қўйиб юборди”, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган фермер.

Фермернинг қўшича қилишича, калтак еган Турсунали Содиқов мулзам ҳолатда ўрнига бориб ўтирган.

Оламдан ўтган фермернинг ўғли Давронбекнинг айтишича, мажлисдан дадаси ёмон ҳолатда қайтган.

“Аҳволлари ёмон эди. Мендан яширганлар. Амакимга ҳам, бу ерда бўлган гапларни ўғлимга айтманглар, сиқилади, деб келибдилар. Дадам дўхтирга бориб, укол олган. Давленияси кўтарилиб кетган, поликлиникага бориб, укол олган. Уйда синглим бўлган, синглимга ҳам акангга айтмагин, деган. Анча мазаси бўлмаган”, - дейди Давронбек.

Давронбекнинг айтишича, дадаси мажлисга кетишдан олдин соппа соғ бўлган. Шунча одамнинг олдида мулзам бўлганидан сўнг сиқилган.

Фермерларни калтаклагани айтилаётган Азиз Тошпўлатов Янгийўл туман Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи ўлароқ вазифасини давом эттирмоқда.

Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан 28 апрел куни Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасига телефон орқали шикоят қолдирган. Шикоятни қабул қилиб олган навбатчи 5 куннинг ичида кўриб чиқилиши ва зарур чора тадбир кўрилишини билдирган.

Би-би-сининг Тошкент вилоят ички ишлар бошқармасидан бу борада изоҳ олиш ҳаракатлари бесамар кетди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Янгийўл милиция бошлиғи Азиз Тошпўлатов томонидан фермерларни калтаклаш ҳолати олдин ҳам бўлганини таъкидлашади.

Янгийўллик Шоира Сулаймонаванинг айтишича, 2011 йилнинг ноябр ойида фермер укаси Маҳмуд Сулаймоновни милиция бошлиғи 14 кун давомида бир айбни бўйнига қўйиш учун калтаклаган. Сўнгра маҳкама фермерни жувоз ишлатиб ёғ сотишда айблаб 8 йилга озодликдан маҳрум қилган.

“Укамни 14 кун урган, оғизларига дубинкалар тиққан. 14 кун бизга кўрсатмади. Оёқ яланг, 30 одам олиб чиқиб кетиб шунақа урган укамни. Синдириб ташлашган. Аҳволи оғир сангородларга олиб кетишган, ҳозир 29 зонага ташлашган. Зарбалар натижасида томи кетиб қолган”, - дейди Шоира Сулаймонова.

Ўзбекистонда фермер ва қўл остидаги кадрларни таҳқирлаш ва калтаклаш кенг қулоч ёзган. Бу каби шикоятлар одатда кўриб чиқилмайди ва айбдор жазосиз қолиб кетади.

Ўзбекистонда раҳбарлар муштумзўрлиги қанчалик кенг тарқалган?

Ҳокимлару милиция раҳбарларининг пастроқ мавқе ё оддий одамларга қарши муштумзўрлиги борасида ҳикояю миш-мишлар кўп.

Лекин, бирон ҳолат расман текширилгани оммага маълум эмас.

Айни дамда, Президент Каримов ҳам Тошкент вилояти ҳокимини ишдан бўшатиш пайтида ҳокимнинг муштумзўрлиги ва одамларга ноқонуний муносабат кўрсатишини эслати, танқид қилган эди.

Ҳукуматга яқин Узметроном агентлиги ҳам Андижон халқи орасида зўравонлиги билан ном қозонган ҳокимнинг Тошкнет вилоятга кетишидан хурсанд бўлган одамлар, палов дамлаб ейишгани ҳақида ҳазилнамо мақола билан чиққанди.

Тошкентдан фаол ва журналист Абдураҳмон Ташанов бу каби ҳолатлани кузатиб келади. Биз ундан раҳбарлар муштумзўрлиги Ўзбекистонда қанчалик кенг тарқалган, деб сўрадик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ