Янгийўллик фермерни дўппослаган милиция бошлиғи 'ҳибcга олинган'

Image caption Милиция бошлиғи махсус кучлар томонидан олиб кетилгани айтилмоқда

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, 15 апрел куни Янгийўл туманида ўтган йиғилишда маҳаллий фермерни дўппослагани айтилган туман милициясининг бошлиғи ҳибсга олинган.

Азиз Тошпўлатовнинг ҳибсга олиниш тафсилотлари ва нимада айбланаётгани маълум эмас.

Би-би-си суҳбатлашган Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими милиция бошлиғининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни тасдиқламади, аммо рад ҳам этгани йўқ.

ИИБдаги манбаънинг айтишича, юқори мартабали милиция мулозимининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни тасдиқлаш фақат Ички ишлар вазирлигинининг ваколатига киради.

Янгийўл туман милициясининг ишонч телефонига жавоб берган навбатчи милиция бошлиғининг "иш жойида эмаслигини" айтди.

Марҳум Турсунали Содиқовнинг яқинлари ҳам милиция бошлиғининг ҳибсга олинганидан бехабар эканликларини айтишмоқда.

Фермернинг ўғли Давронбек Содиқов Би-би-си билан суҳбатда бу ҳақда уларга ҳеч ким ҳеч нарса билдирмагани ва ўзларидан ҳеч қандай ариза ҳам қабул қилинмаганини билдирди.

Мустақил Узнюс. нет нашри Азиз Тошпўлатовнинг 1 май куни "қора ниқоблилар" томонидан олиб кетилгани ҳақида ёзган.

63 ёшли фермер Турсунали Содиқов ҳодисадан бир кун ўтиб, вафот этган.

Яқинлари унинг юрак хуружидан кўз юмганини айтишган.

Фермерларнинг ғазаби

Айни пайтда 15 апрел куни Янгийўлда ўтган йиғилишнинг айрим тафсилотлари ўртага чиқмоқда.

Англашилишича, ҳодиса йиғилишни бошқарган Тошкент вилоятининг янги тайинланган ҳокими, милиция генерали Аҳмаджон Усмоновнинг кўзи ўнгида юз берган.

2 май куни Янгийўлга сафар қилган инсон ҳуқуқлари фаоли Шуҳрат Рустамовнинг йиғилиш иштирокчиларидан бирига иқтибосан айтишича, милиция бошлиғи йиғилишга кечикиб келган фермерга мушт тушириши ортидан залда ўтирганлар жунбушга келган ва туманнинг бош милиционерига ташланишган.

"Фермерлар сенга ким ваколат берди уришга, дея милиция бошлиғига ташланишган. Вилоят ҳокими уларни тинчлантирган. Шундан кейин Азиз Тошпўлатов минбарда бошини кўтармай ўтирган ва мажлис ҳам тезда тугатилган", - дейди Шуҳрат Рустамов Би-би-си билан суҳбатда.

2 май куни Янгийўл туман милициясига борган ҳуқуқ фаолларига милиция навбатчиси бошлиқнинг жойида йўқлигини айтган.

"Милиционерлар фермернинг дўппосланганини ҳам, бошлиқларининг ҳибсга олинганини ҳам рад этишди", - дейди Шуҳрат Рустамов.

Унинг сўзларига кўра, марҳум фермернинг оила-аъзолари қўрқитилган.

"Биз уйига борганимизда аёли ҳам ҳам, қизи ҳам биз билан гаплашишни исташмади. Уларнинг қўрқитилгани билиниб турибди. Бошқа фермерларни ҳам ҳокимиятга чақириб, бундай ҳодиса бўлмагани ҳақида тилхат ёздириб олишаётган экан", - дейди фаол.

Аввалроқ фермернинг укаси Шавкат Содиқов Би-би-си билан суҳбатда ҳодиса юзасидан шикоят қилишларини билдирганди.

"Албатта шикоят ёзилади. Ўзбекистоннинг қонунлари бўйича кўриб чиқилишига ҳаракат қилаяпмиз", - деган Шавкат Содиқов.

Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг қўл остидагилар, хусусан, фермерларни дўппослаш ҳоллари кенг тарқалгани айтилади.

Аммо ҳозиргача биронта амалдорнинг бу каби зўравонлик учун жазога тортилгани маълум эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ