Бахтиёр Ҳамроев оламдан ўтди

Image caption "Бир кун келиб бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқади..."

Ўзбекистоннинг энг таниқли инсон ҳуқуқлари фаолларидан бири Бахтиёр Ҳамроев 59 ёшида оламдан ўтди.

Бахтиёр Ҳамроев сўнгги ойлар саратон касали билан оғриётган эди.

У Ўзбекистон мустақиллиги йилларида мамлакатда абгор қолаётган инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни ўнглашга ҳаракат қилди.

Бир неча йиллар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах бўлимининг раҳбари бўлиб ишлади.

Бахтиёр Ҳамроев қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини уларнинг оила аъзолари билан боғлашда, маълумотларини бир-бирларига етказишда, маҳкумларнинг қийин аҳволда қолган оилалари моддий ва ҳуқуқий ёрдам олишлари учун жон куйдирарди.

Жиззахда фермерларнинг ҳуқуқлари ҳимоясига отланган эди.

Бахтиёр Ҳамроевнинг ҳуқуқбонлиги маҳаллий ҳокимият ва бир ҳовуч лаганбардор фаолларга ёқмас, уларнинг бедодлиги шу даражага етган эдики, ҳатто ҳуқуқбоннинг уйига бостириб кириб ё “фаолиятинг тўхтат ва ё бу ердан кет” қабилида кампаниялар уюштирилган эди.

Саратон касаллигининг сўнгги босқичини бошидан кечираётганига қарамасдан, халқ манфаатларини ҳимоя қилишдан тўхтамаган Бахтиёр Ҳамроев ўзининг ҳуқуқ фаолияти ҳақида шундай деган эди: "Бизнинг ҳуқуқ ҳимоячилари тарихига қарасак, уни икки даврга бўлиш мумкин. Андижон қирғинидан олдин ва кейин. Бу икки давр бир-биридан кучли фарқ қилади. Ўзбекистонда Андижон воқеаларидан олдин секин-секин кўп иш қилинганди. Афсуски, Андижон воқеасидан кейин аҳвол жуда оғирлашди".

"Ҳозир бу ерда жудаям кам, бармоқ билан санарли ҳуқуқ ҳимоячилари қолишди. Лекин улар барибир курашишмоқда. Шундай вақт келадики, адолат, ҳақиқат, ўз ватани, халқининг келажаги учун курашганларнинг орзулари албатта рўёбга чиқади. Бу менинг орзуим. Ҳозир соғлигим унча яхши эмас. Лекин бу қўл қовуштириб ўтиришим керак, дегани эмас. Мен курашишим керак. Менинг ҳаётимда жуда оғир пайтлар бўлган, лекин тушкунликка тушмаганман. Мен аҳвол яхши томонга ўзгаришига, бизнинг орзуларимиз рўёбга чиқишига ишонаман", - деган эди жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қароргоҳи Дублинда жойлашган Front Line Defenders ташкилоти ҳар йили хавф остидаги жойларда фаолият олиб бораётган бир ҳуқуқ ҳимоячисини инсон ҳақларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун тақдирлайди.

Бу йил ҳам нуфузли ҳайъат дунёнинг турли мамлакатларидан 90 дан ортиқ ҳуқуқбонларнинг номзодини кўриб чиққан.

28 январда ҳайъат мукофотнинг якуний босқичига ўтказилган олти ҳуқуқ ҳимоячисининг рўйхатини эълон қилган.

Уларнинг ичида Камбоджа, Эрон, Колумбия, Ўзбекистон Мавритания ва Кения давлатлари инсон ҳақлари ҳимоячилари бор. Номзодлари мукофотга қўйилган барча ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мамлакатида ҳукумат томонидан босим ва таҳдидларга дуч келишган. Улардан иккитаси - Комбоджа ва Колумбиялик ҳуқуқбонлар айни пайтда қамоқда қолаётгани айтилади.

"Ўтюраклар клуби" Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бу мукофотга Ўзбекистондан Бахтиёр Ҳамроевни тавсия қилган эди.