НАТОнинг Афғонистондан Марказий Осиё орқали олиб чиқаётган ҳарбий техника жиҳозлари Оврўпога етиб бора бошлади

Image caption Афғонистондаги хорижий кучлар келгуси йил охирига қадар қўшин ва ҳарбий аслаҳаларни олиб чиқиб кетишлари керак.

Хабарларга кўра, Ўзбекистон орқали олиб чиқиб кетилаётган ашё ва жиҳозлар Лативияга бандаргоҳларига етказилган.

Ғарб кучлари келаси йил охиригача аксар Ўзбекистон орқали Афғонистондаги қўшинлари ва ҳарбий аслаҳаларини олиб чиқиб кетадилар.

Бироқ салмоқли ҳарбий-техник жиҳозлар Ўзбекистонга ҳам берилиши айтилмоқда.

НАТОнинг Афғонистондан Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон орқали юк поездлари ўта бошлагани ҳақидаги хабарларнинг илк тасдиғи Латвия темир йўллари ширкатидан келди.

Ширкат тарқатган баёнотда айтилишича, SIA Cargo Railwayга тегишли юк поезди НАТОнинг Афғонистондаги юкларини Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳудуди орқали Латвия бандаргоҳларига олиб келган.

Бу бандоргоҳлардан юклар эндиликда Норвегия ва Буюк Британиядаги эгаларига етказилади.

Баёнотда ушбу юк поезди Латвияга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали ўтиб келганлиги айтилган.

"НАТО юклари ширкатимиз томонидан ташиладиган юкларнинг салмоқли қисмини ташкил этмаса ҳам, биз бу миқдорни ошириш йўлида ишламоқдамиз", дея баёнотда Латвия Темир Йўллари ширкати президенти сўзларидан иқтибос келтирилган.

Изофа қилинишича, Латвия Афғонистондан юкларни олиб чиқиш жараёнига 2012 йил май ойидан бери иштирок этмоқда ва шу вақтгача юклар Рига қўналғасига олиб келинаётганди.

Ўзбекистон Афғонистонда қўшин ва ҳарбий техникага эга бўлган қатор мамлакатлар билан юкларни олиб чиқиш бўйича икки томонлама келишувлар имзолаган. Ушбу келишувлар тафсилотлар ошкор этилмаган бўлса ҳам, юкларни ўз ҳудудидан ўтказиб берганлиги учун Ўзбекистонга ҳақ қисман ҳарбий техника, қурол-яроғ ва эҳтиёт қисмлари билан тўланиши айтилганди.

Айни вақтда, нато Тошкентда ўз идорасини очаётганини тасдиқлаган.

НАТОнинг Тошкентдаги идораси асосан Шимолий Тармоқ номини олган Афғонистондан ҳарбий техника ва аслаҳаларни олиб чиқиш билан боғлиқ фаолиятни мувофиқлаштириши кутилмоқда.

Ушбу идора ўз фаолиятини шу йил июн ойида бошлаши хабар берилган.

Бу мавзуда батафсилроқ