'Алишер Усмонов жиянининг ўлимини шарҳламоқчи эмас'

Image caption "Узметроном" нашрининг ёзишича, Бобур Усмонов Тошкент марказидаги "Минор" қабристонида тупроққа қўйилган ва Алишер Усмонов жуда қайғули аҳволда кўринган

Бу ҳақда Америкада чоп этилувчи Forbes журналининг Россиядаги нашри асли ўзбекистонлик миллиардернинг вакилига таяниб хабар тарқатган.

Аммо, Ўзбекистондан олинган хабарларга кўра, "Россия ва Британиянинг энг бой одами" жияни Бобур Усмоновнинг кеча Тошкентда бўлиб ўтган дафн маросимида шахсан иштирок этган.

"Узметроном" нашрининг ёзишича, Бобур Усмонов Тошкент марказидаги "Минор" қабристонида тупроққа қўйилган ва Алишер Усмонов жуда қайғули аҳволда кўринган.

29 ёшли Бобур Усмоновнинг кеча чоршанба куни тонг саҳар Тошкентда "Форд Мустанг" русумли машинасида ҳалокатга учраб, ҳаётдан кўз юмгани хабар берилганди.

Бобур Усмоновнинг автоҳалокатда қурбон бўлганини шу куннинг ўзида россиялик миллиардернинг вакили ҳам, рафиқаси Ирина Винер ҳам хорижий ва маҳаллий интернет нашрларига тасдиқлашганди.

Аммо уларнинг сўзларига таяниб, хабар тарқатган интернет нашрлари ҳам автоҳалокат сабаблари тафсилотларини келтиришмаган.

Бу ҳақда ҳозирча расмий маълумотлар ҳам йўқ, аммо дастлабки хабарларда Бобур Усмоновнинг машина бошқарувини йўқотгани бунга сабаб бўлгани айтилганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати бугун Ўзбекистондан олишга муваффақ бўлган расмий маълумотларга кўра, юз берган ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган.

Тергов жараёни эса, Тошкент Шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.

Сўнгги тафсилотлардан маълум бўлишича, машинада у билан бирга бўлган Кристина Йўлдошева исмли йўлдоши ҳам ҳалокат сатҳида эмас, касалхонада оламдан ўтган.

"Узметроном" нашри унинг ҳам кеча аср вақтида Тошкентда дафн этилгани ҳақида ёзган.

Бобур Усмонов россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг асосий меросхўри сифатида кўрилган ва Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг куёви бўлган.

У 2009 йилда, кўпчилик таҳлилчилар ҳозир президент Ислом Каримовнинг ўрнига асосий даъвогарлардан бири сифатида тилга олаётган жаноб Мирзиёев рафиқасининг жиянига уйланган.

Алишер Усмоновнинг ўзи эса, 2007 йилда Британиянинг "Гардиан" газетаси билан суҳбатида на Ўзбекистон ва на бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтганди.

Асли ўзбекистонлик миллиардер расмий Кремль ўзини президент Каримовга эҳтимолий меросхўр сифатида кўриши ҳақидаги тахминларни ҳам "ўзини кремлшунос деб атайдиганларнинг фантазияси" деб атаганди.

Алишер Усмонов суҳбати чоғида на Ўзбекистон президенти ва на унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини ҳам таъкидлаб ўтганди.

Жияни Бобур Усмоновнинг рафиқаси билан асосан Швейцарияда яшагани, аммо қариндошининг никоҳ тўйида иштирок этиш учун Тошкентга келган бўлгани айтилади.

Ҳозирги кунда Алишер Усмоновнинг умумий бойлиги 20 миллиард АҚШ доллари атрофида экани маълум.

Мерос ва меросхўрлик

Бобур Усмонов Россия матбуотида Алишер Усмонов меросхўрларидан, ҳатто, ягона меросхўри сифатида тилга олинган бўлса-да, унинг жаноб Усмоновнинг бизнес тузилмаларидаги расмий роли ҳақида кўп нарса маълум эмас.

Бугун биз суҳбатда бўлган ва Алишер Усмоновнинг бизнес тузилмалари ҳақида ёзган россиялик айрим журналистлар ҳам Бобур Усмонов ҳақида кўп нарса билмасликларини айтишди.

Аммо жаноб Усмонов ўтган йили берган интервьюларидан бирида қариндошларига ҳеч қандай мерос қолдириш нияти йўқлигини айтган.

"Ҳеч кимга ҳеч нарса қолдирмайман. Менинг(балки ҳозирча ) болаларим йўқ ва менинг бойлигим эса - умрим давомида ўзимга ва одамлар учун сарфлашга етадиган бойликдир. Қолганини, мен айтганимдек, дўстларим бошқаришади ва тақсимлашади", деб айтганди жаноб Усмонов.

Бироқ, Бобур Усмоновни яқиндан билган инсонларнинг айтишларича, амакиси унинг молия соҳасини ўрганишига, шу йўналишда билим олишига шахсан бош-қош бўлган.

Айрим таҳлилчилар фикрича, жаноб Усмонов яқин орада ҳамма бизнесларидан четлашиб, фақат хайрия ишлари билан шуғулланиш ниятида эканини айтганда, бизнеслари бошқарувини жиянига топширишни кўзда тутган бўлиши мумкин.

Ўтган йилги суҳбатида Алишер Усмонов барча бизнесларини бир қўлда жамлашни истаётганини айтган эди.

Айрим таҳлилчилар тахминича, бунда россиялик миллиардер жияни Бобурни назарда тутган бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ