Тинимсиз ишлаш давлат ходимларига қандай таъсир қилмоқда?

Image caption Ўзбекистонда муаллим, шифокор ва милиция ходимлари ҳам чопиқ қилишади, ҳам пилла тутишади ва ҳам, керак бўлса, пахта теришади.

Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимлари ёки халқ тилида айтганда "давлатга ишловчилар" тинимсиз ишлаб, қўшимча вазифалари юки остида ҳам қолмоқдалар.

Хусусан, кеча-кундуз демай юугуриб ишлаш, қишлоқ жойларида пилла тутишу пахта териш каби ишларга мажбурланадилар.

Бу эса уларнинг соғликларига ҳам салбий этмай қолмайди.

Давлат корхонасида мутахассис бўлиб ишловчи олий маълумотли суҳбатдошимиз, айни дамларда иш ўрнида эмас, балки далада пилла учун тут баргини чопиш билан бандлигини айтади.

У ишлайдиган корхона давлатга қўшимча равишда пилла етиштириб бериш учун мажбурият олган. У каби мутахассислар ўз вазифаси қолиб, давлат тайинлаган режани бажариш учун тер тўкишга маҳкум.

Аммо пилла билан овора бўлиб, ўз ишини ҳам тўхтатиб қўймаслиги керак ва қўли бўшади дегунча, ўз ишини эплаши шарт.

Пилла боққани учун унга на давлат, на ўз корхонаси бир сўм пул беради.

Аксар Сталин даврида СССРда урфга кирган кўплаб қонун-қоидалар каби мажбурий меҳнат собиқ совет давлатлари ичида фақат Ўзбекистонда қаттиқ сақланиб қолаётир. Лекин буни гўё "ихтиёрий-кўнгилли" меҳнат, деб аташади.

Деҳқонми ё мелиса?

Ўзбекистондаги Ички ишлар бошқармасининг собиқ ходими Нодир-ака (исми ўзгартирилган) милициянинг ҳам бошқа касб эгалари қатори дала ишларига олиб кетилганини айтади.

"Милициялар ҳозир фақат қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланаяпти. Чунки фермерлар селитрани ҳам ўз даласига милиция назорати остида сепишга мажбур" - дейди суҳбатдошимиз - "Ҳозир катта йўл ёқаларини тозалаш ва фермерларни мажлисга чақириш ишлари ҳам милиция ходимларига юкланган"

Image caption Ёши 75да бўлса-да, Президент Каримов ҳам тиним билмай ишлайдиган давлат раҳбарларидан бири саналади

"Бундан ташқари қонун посбонлари буғдойзорларни ўташ ва чопиқ қилиш билан шуғулланади" - давом этади собиқ милиция ходими.

Айни дамда, давлат бошқарув тизимида ишлайдиган ходимлар аҳволи ҳавас қилгулик даражада эмаслиги айтилади.

Чунки вазирлик ва ҳокимиятларда юқоридан бошқариш тизими, оғзаки буйруқбозлик ҳамда бетартиб қоидалар бўйича ишлаш тажрибаси ҳукмрон.

Бу эса ўрта ва қуйи бўғин ходимларини ўта қийин шароитларда ишлашга мажбурлайди.

Давлат хизматчиларининг шароити твиттер микроблогида ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган.

Хусусан, @kainbek номли фойдаланувчи, давлат бошқарувида иштирок этаётган давлат хизматчиларининг қарийб 70-80 фоизида оқибати ёмон бўлган хасталиклар учрашини ёзган.

"Мансаб пиллапоясидан кўтарилаётган давлат хизматчиси бошқарув тизимининг ҳаддан ташқари вертикал ва бир томонлама эканлиги натижасида касал бўлмоқда" - деб ёзади @kainbek - "Давлат бошқарувининг кадрлар сиёсати шундай қурилганки, давлат хизматчилари эрталаб 9 дан кеч соат 23гача ишлайди. Уйқу, вақтида овқат йўқ".

Аммо Самарқанд вилоят ҳокимиятидаги исмини ошкор қилишни истамаган масъуллардан бири бу гапларда асос йўқлигини ва иш вақти белгиланганидек 8 соат давом этишини билдирди.

Ҳимоясиз амалдорлар

Тошкентдан мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов эса давлат хизматчиларининг ўта оғир шароитларда ишлашини ва уларнинг орасида асаб хасталиклари авж олаятганини айтади.

"Ўзбекистонда ўлим сабабларининг асосий қисми юрак-қон томир касалликларга тўғри келадиган бўлса, уларнинг ичида амалдорларнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ҳам киради" - дейди журналист - "Ўзбекистонда жуда кўп амалдорларнинг мансабидан кетганидан кейин узоқ яшамаслиги, ёки иш вақтида, юрак хуружи каби ҳолатларнинг кўпайганини кўраяпмиз".

Кузатувчилар Ўзбекистондаги давлат идораларида ишловчи ходимлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш долзарб масалалардан бири эканлигини таъкидлашади. Бу борада ижтимоий тармоқларда бир неча тавсиялар ҳам берилган.

Айни дамда, Ўзбекистонда ишловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган кучли касаба уюшмаси тизимлари мавжуд эмас.

Айниқса, давлат хизматчилариин мажбурий меҳнатга жалб этиш каби тажрибалар умуммамлакат сиёсати даражасида олиб борилса, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб беришни на касаба уюшмаларидан, на маҳкамалардан кутиш мумкин.

"Биринчи навбатда Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий шароитлар ўзгариши керак. Демократик услуб ва қоидаларга амал қиладиган бошқарув тажрибаси юзага келиши лозим" - дейди Абдураҳмон Ташанов.

"Аксинча, амалдорларнинг вазифаларини белгилаш мумкин эмас. Чунки маъмурий буйруқбозликнинг асосий омилларидан бири зўравонликка асосланган".