ҲРУ: 'Ғарб Андижон қирғинини унутмаслиги лозим'

Оврўпо Иттифоқининг мустақил рўзномаси - "Оврўпо овози" Андижон ҳодисалари ҳақида "Қирғин тарих қаърига ғарқ бўлмаслиги керак" сарлавҳали мақола эълон қилган.

"Андижон ҳодисаларидан 8 йил ўтиб ҳам, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳалокатли даражада қолаётган мамлакатдир", дея бошланади Ҳюман Райтс Уотчнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича икки вакили - ёзган мақола.

Мақолада асосий гап "Ғарб собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида юз берган энг фожеали қирғин - Андижон воқеасини унутмаслиги лозим" деган жумлага жам бўлади.

Андижон қирғинидан кейин Ўзбекистоннинг халқаро саҳнада инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи мамлакат деган номи яна ҳам мустаҳкамланди.

"Қирғиндан кейин Ўзбекистон ҳукумати ўнлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва журналистларни қамоққа тиқди", деб ёзади муаллифлар.

Шунингдек, мақолада халқаро медиа вакиллари мамлакатдан қувиб чиқарилгани, қамоқхоналарда эса, қийноқлар қўлланилиши одатий ҳолга айлангани ҳам эсга олинади.

Андижон қирғинидан кейин, Ўзбекистон билан қандай муносабат қилиш керак, деган савол Оврўпо Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар учун бошоғриққа айланган.

Аввалига қирғинни қаттиқ қоралаган Ғарб 2009 йилга келиб, Иттифоқнинг инсон ҳуқуқларига доир бирорта ҳам талабини бажармаган Ўзбекистонга жазо чораларини бекор қилди.

Ўзбекистон НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетишида муҳим жуғрофий аҳамиятга эга.

"Каримов бунинг устига айни алоқалардан иқтисодий манфаатлар билан бирга Ғарбнинг ўз ҳукуматини кўпроқ эътироф этишини истайди", деб ёзади Ҳюман Райтс Уотч вакили.

Оврўпо Иттифоқи эса, шунга қарамай, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласида қандайдир ўзгаришлар бўлмоқда, деган қараш билан иш кўришни маъқул топди.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Ўзбекистондаги қамоқхоналарга сафарларини тўхтатиш ҳақида берган қарори эса, Ғарбнинг ана шундай "мулойим" қарашларига зарба берди.

"Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлари Ўзбекистон билан муносабатлари мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан бўлган абгор аҳволни ўнгламаётганини қачон тан олишади? Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан стратегиясини қачон ўзгартиради?" дея савол қўяди муаллифлар.

Аслида ўта авторитар давлатлар ҳам Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг қамоқхоналарга сафарларини тақиқлаб қўймайди.

2009 йилда беш йиллик тақиқдан кейин Тошкент яна Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг қамоқхоналарга ташрифлари учун рухсат берганида Оврўпо Иттифоқининг Ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонни "ижобий қадам" билан олқишлашганди. Жазо чораларини бекор қилишга баҳоналардан бири ҳам шу эди.

"Ана энди Оврўпо Иттифоқи Тошкентнинг бу қадамига муносиб жавоб бериши керак", деб ёзади муаллифлар.

Ҳюман Райтс Уотч вакилларининг таъкидлашларича, Оврўпо Иттифоқи агар Ўзбекистонда вазият ўзгармаса жазо чораларини қайтариши керак, ҳукумат мулозимларига виза тақиқи ва уларнинг ҳисобларини музлатиш лозим.

Уларга кўра, бу жазо чораларига илк номзод шафқатсиз Миллий Хавфсизлик Хизматининг раҳбари Рустам Иноятов бўлиши керак.

"Андижон қирғинидан кейин Оврўпо Иттифоқининг қора рўйхатига тушганлардан бири ҳам шу одам ва у ҳамон кўплаб маҳбусларни қийноққа соладиган ташкилотнинг раҳбаридир", дейди ҲРУнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Виллиямсон ва ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Уларнинг таъкидлашларича, ўн йилдан ортиқ вақтдан бери БМТнинг 11 нафар кузатувчиси мамлакатга киришига изн берилмаётгани Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича Эрон, Хитой ва ё Туркманистондан ҳам баттар эканини кўрсатади.

ҲРУ вакиллари Оврўпо Иттифоқи ва унинг иттифоқчилари БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан Ўзбекистон бўйича маърузачи тайинлашни сўраши, маърузачи эса, у ердаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳалокатли манзарага глобал эътиборни тортиши, бу борада халқаро баҳс майдонини ташкил этиши зарурлигини айтадилар.

Мақола муаллифларига кўра, бу каби қадамлар маълум маънода - Андижон қурбонлари хотирасига ҳурмат, қолаверса, Оврўпо Иттифоқи қатъий гапни айтишга қодир эканини ҳам кўрсатиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ