Ўзбекистон қозоқ уни импортини чекламаган

Image caption Ўзбекистон қозоқ унининг асосий бозоридир

Ўзбекистон расмийлари қозоқ уни импортига чеклов киритилгани ҳақидаги хабарларни рад этишган.

"Казах-Зерно" хабар агентлигининг Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мулозимидан иқтибос келтиришича, ўзбек томони ҳеч қандай чеклов киритмаган.

"Қозоғистон унига Ўзбекистонда яшил чироқ берилган. Ҳеч қандай тақиқлар йўқ. Ун бизга муаммосиз етиб келмоқда", - деб айтган вазирликнинг дон етиштириш бошқармаси ходими Сайдаҳмет Тўлепов.

Чеклов ҳақидаги хабарларни қозоқ расмийлари ҳам рад этишмоқда.

Асосий маҳсулот

Ўзбекистон қозоқ унига чеклов киритгани ҳақидаги хабарлар шу ҳафта бошида пайдо бўлган эди.

Мавзуни ўрганган "Казах-Зерно" хабар агентлиги мухбири Виктория Сослованинг Би-би-сига айтишича, бу каби гап-сўзлар анчадан буён бор.

"Бунга қозоғистонлик ун ишлаб чиқарувчиларнинг хавотирлари сабаб бўлган бўлиши мумкин", - дейди журналист.

Унга кўра, ўтган йили Ўзбекистоннинг Қозоғистондан ун импортини камайтириб, ўрнига қозоқ буғдойини сотиб олиш ва ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиши қозоғистонлик ун ишлаб чиқарувчиларни хавотирга солиб қўйган.

"Улар Ўзбекистонга хомашё экспорт қилинишига қарши, бу уларга фойда келтирмайди",- дейди Виктория Власова.

Айни пайтда унинг айтишича, бундай усул ўзбек томонига қозоқ унининг таннархини камайтиришга ёрдам беради.

Аксарият аҳолиси қашшоқликда кун кечирадиган Ўзбекистон учун ун асосий маҳсулот саналади.

'Ғалла мустақиллиги'

Қозоғистонлик эспертлар Ўзбекистоннинг ўзида унни қайта ишлаш салоҳияти етарли бўлгани ҳолда Қозоғистондан ун сотиб олиш манфаатли эмаслигини эътироф этишади.

Аммо шунга қарамай, Ўзбекистон ҳануз қозоқ унининг энг йирик бозори сифатида қолмоқда.

Расмий рақамларга кўра, Қозоғистонда ишлаб чиқариладиган уннинг 75 фоизи Ўзбекистонга сотилади.

"Қозоғистон донни қайта ишловчилар ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар иттифоқи" Президенти Евгений Ганнинг айтишича, ўзбек томонининг қозоқ унига ҳар қандай чеклови Қозоғистондаги ун ишлаб чиқарувчиларга дарҳол таъсир кўрсатади.

"Бундан иқтисод жабр кўради, ўнлаб тегирмонлар ёпилади", дея жаноб Гандан иқтибос келтиради "Казах-Зерно" портали.

Совет Иттифоқи қулаши ортидан Ўзбекистон буғдой етиштиришни кўпайтирган ва 1990-йиллар ўраталарига келиб, "ғалла мустақиллиги"ни эълон қилган эди.

Аммо бу билан Ўзбекистоннинг қозоқ унига қарамлиги камаймаган.

Мутахассислар буни Ўзбекистонда етиштириладиган буғдой сифатининг пастлиги ва қишлоқ хўжалигида "қўшиб ёзиш" амалиётининг давом этаётгани билан тушунтиришади.

Шу кеча-кундузда Тошкентда қозоқ унининг бир килоси 2400-2500 сўмдан сотилмоқда.

Нархлар ўтган йил ноябрида бирданига кўтарилганди.

Қозоғистондаги қурғоқчилик ва жаҳон ун бозоридаги беқарорлик боис Қозоғистоннинг турли минтақаларида нархлар 20-30 АҚШ центига ошган.

Ўзбекистонда эса бирданига 1000 сўмга кўтарилганди.

Арзон буюртма

Пахта ишлаб чиқарувчи ўзбек деҳқонлари каби дон етиштирувчи фермерлар ҳам маҳсулотларини арзон нархда давлатга сотадилар.

"Ўздонмаҳсулот" бирлашмаси Ўзбекистонда етиштириладиган буғдойнинг асосий буюртмачиси хисобланади.

Аҳоли ҳусусан, қиш ойларида ўзи етиштирган буғдойни қимматроқ нархда бозордан сотиб олишга мажбур.

Сўнгги йилларда давлат маҳаллий фермерларга пахтадан ортган ёки бўшаган майдонларда буғдой етиштиришни чеклагани ҳақида хабарлар олинган.

Фермерлар ўз ишчиларига ҳақни асосан буғдой экиш учун ер ажратиб бериш ёки буғдойнинг ўзини бериш билан ҳисоб-китоб қилишлари айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ