Термизда шахсий уйлар нима учун бузилмоқда?

Шу кунларда YouTube видеопорталида Термизлик 75 ёшли онахоннинг Ўзбекистон Президентига мурожаати туширилган тасвир пайдо бўлди.

Унда Термизлик онахон шаҳарнинг собиқ Акмал Икрамов кўчаси бўйлаб шахсий хонадонларнинг расмийлар томонидан бузилаётганлигидан ўз норозилигини билдирган.

Онахоннинг айтишича, бу ерлардан кўчишга қаршилик қилаётганлар уйларининг томлари мажбурий равишда очиб ташлаган ва уларни ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари ёрдамида куч билан кўчага олиб чиқиб ташламоқдалар.

Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш қўмитаси Сурхандарё вилояти бўлим раҳбари Ботир Нормуродовнинг Би-би-сига айтишича, Термиз шаҳрининг собиқ Акмал Икромов кўчасида уч қаватли замонавий биноларни қуриш жараёни кетмоқда.

Бу шаҳарни қайта қуриш режаларининг таркибий қисмидир.

Икки йилча аввал бошланган бу лойиҳага мувофиқ кўчанинг икки четида уч қаватли биноларнинг қад кўтариши режаланган. Бу биноларнинг биринчи қавати тижорий мақсадларда фойдаланиши, юқори қаватлари эса аҳоли учун ипотека асосида сотиладиган квартиралар бўлиши мўлжалланган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бу мақсадда ҳудуддаги 100 га яқин хусусий уй бузилмоқда. 4-5 йилча аввал эса бу уйларнинг томлари қайтадан ёпилиб, таъмирланган эди.

Уйлари бузилаётганларга шаҳар чеккасидаги стадион орқасидан янги уй қуриб, кўчиб ўтиш учун ер ажратиб берилмоқда экан. Уйлари бузилаётганларнинг тахминан ярми бу ерда уйлар тиклаб, кўчиб ҳам ўтишган.

Баъзи хабарларга кўра, янги уйлар учун ажртилган ерда термитлар жуда кўп ва хом ғиштдан қурилган уйларни кемира бошлашган.

Ҳуқуқ фаоли уйи бузилган бир шахс билан суҳбатлашиб, тафсилотларни сўраганда уйнинг қандай материаллардан қурилгани ва умумий аҳволидан келиб чиқиб баҳолаш асосида яшовчиларга товон тўланаётганлигини айтган.

Шахсан унга 36 миллион сўм товон пули тўланган ва 24 сотка ер берилган. У ҳозирда шу пулга янги уй тиклаш билан овора. Аслида у уйини яқиндагина, атиги бир неча йил аввал қайтадан жуда сифатли қилиб кўтарган эди.

Ҳозирда Султон Саодат кўчаси дея юритилувчи кўчада яшовчи бу шахсга кўра, баъзилар уларга берилаётган товон пулининг етарли эмаслигидан норози бўлаётган бўлсалар, бошқалари кўп йиллардан бери яшаб келган ерларидан бошқа жойга кўчирилаётганларидан норозилар.

Чунки улар орасида уйларининг аҳволига қараб атиги 5-6 миллион сўм товон олаётганлар ҳам бор. Бу пулга эса жорий шароитда янги уй тиклашнинг имкони йўқ.

Ҳуқуқ фаоли бу борада расмийлардан изоҳ сўраган вақтда, уйлар учун тўланаётган товон уй эгасининг шу вақтгача тўлаб келган солиғи ва кадастр ҳужжатларда қайд этилган нархи асосида белигиланаётганлигини айтишган.

Баъзи ҳолларда эса солиқ миқдорини камайтириш мақсадида кадастрда уйларнинг бозор нархи эмас пасайтирилган нархда қайд қилиш ҳоллари бўлган. Расмийлар ана шу асосда ҳам баъзиларга кам миқдорда товон белгиланаётганлигини айтишган.

Бу борада расмийларга қилинган шикотяларга жавоб бўлмаганидан кейин яшовчилар уйларни бўшатишга қаршилик кўрсатмоқдалар.

Бундай ҳолларда, айтилишича, милиция ходимлари яшовчиларни уйларидан чиқаришга жалб этилмоқда.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ҳуқуқ фаолининг айтишича, аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган асосий омил ҳам расмийлар томонидан қаттиққўл йўл тутилаётганидир.

Вазиятни ўрганган яна бир ҳуқуқ фаолига кўра, кўчанинг бошқа бетида бўлган қатор уйларни ҳам бузишмоқда. Лекин уларнинг эгаларига номаълум сабаблар туфайли ҳануз товон пули тўланмаган ва ажратилаётган ерлар ҳам аввалгиларига қараганда анчайин кам. Яъни киши бошига атиги 1 соткадан ер ажратишмоқда.