Қўшма Штатлар Ўзбекистонни яна диний эркинликлар топталувчи мамлакатлар сирасига қўшди

Image caption АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни 2006 йилдан буён "Алоҳида хавотирга молик" давлатлар рўйхатига киритиб келади.

Дунёдаги диний эркинликлар борасида йиллик ҳисоботини чиқарган АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни яна бир бор "алоҳида хавотирга молик" давлатлар қаторига киритган.

Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари энг кўп топталадиган давлатлардан бири сифатида қайд этган.

"Алоҳида хавотирга молик" давлатлар рўйхатига Ўзбекистондан ташқари яна Хитой, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон ва Туркманистон каби мамлакатлар киритилган.

Ўзбекистон "Алоҳида хавотирга молик" давлатлар рўйхатига 2006 йилдан буён мунтазам киритилади.

Ҳисоботда қайт этилишича, Ўзбекистон "конституцияси ва баъзи қонунлари диний эркинликни таъминласа-да, бошқа қонунлар ва сиёсатлар диний эркинликарни чеклайди, ва амалда, ҳукумат бу чекловларни татбиқ этади".

Давлат Департаменти ўтган йил давомида диний эркинликлар масаласига Ўзбекистон ҳукуматининг муносабати "унча ўзгармаган"ини қайд этади.

"Қонун рўйхатдан ўтмаган гуруҳлар диний эркинликларини чеклайди ва миссионерлик каби кўплаб фаолиятларни тақиқлайди; рўйхатдан ўтган ва ўтмаган диний озчиликларга таалуқли гуруҳларининг кўплаб аъзолари бу қонунларни бузганликлари учун катта жарималарга тортилган ва қисқа қамоқ жазоларига ҳукм этилган," - дейилади ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид бўлимида.

АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматини масжиддан ташқарида диний мавзуларни муҳокама этган мусулмонларга нисбатан "шиддатли" муносабатда бўлганликда айблаган.

"Ҳукумат инсонларни экстремизм айбловлари билан қамашда, рўйхатдан ўтган ва ўтмаган диний жамоаларнинг йиғинларини босишда, муқаддас китоблар дохил диний адабиётларни мусодара ва вайрон этишда давом этди," - деб қайд этади ҳисобот.

Унда, шунингдек, диний эътиқоди учун жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни калтаклаш ва уларга ёмон муносабатда бўлинганинга оид қатор хабарлар бўлгани таъкидланади.

Ҳисоботда жумладан шундай дейилади: "Мулозимлар "диний экстремизм" ёки хуфия Исломий фаолиятда бўлиш гумони билан ҳибсга олинган шахсларга "ўта ёмон" муносабатда бўлишгани ҳақида ҳукуматга таалуқли бўлмаган манбалар хабар беришди. Улар қийноқларга тутилган, калтакланган ва ўта оғир қамоқ шароитларида ушлаб турилган."

Бундан ташқари АҚШ Давлат департаменти маҳкумлар яқинларига иқтибосан "диний экстремизм" айблови билан озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг калтакланиш оқибатида ҳалок бўлганини хабар беради.

"Маҳкумлар оила аъзолари ўликлар танасида қийноқ излари борлигини айтишади. Аммо, расмийлар уларни тиббий кўриксиз яқинларини дарҳол кўмишга мажбурлашади" - дея қайд этади ҳисобот.

Давлат Департаменти бунга 2012 йил февралида ҳалок бўлган Абдураҳмон Сагдиев ўлимини мисол қилиб келтиради.

"1999 йил февралида Ҳизби Таҳрир фирқасига аъзоликда айбланиб 16.5 йилга озодликдан маҳрум этилган Абдураҳмон Сагдиев, маҳаллий мулозимларга кўра, ўз хонадошлари томонидан калтакланиши оқибатида ҳалок бўлган," - деб таъкидланади ҳисоботда.

Май ойи бошида Қўшма Штатларнинг дунё давлатларидаги диний эркинликлар бўйича вазиятини кузатиб борувчи ҳайъати Давлат департаментидан Ўзбекистонни "алоҳида хавотирга молик" давлатлар қаторига киритиш ва унга нисбатан жазо чоралари жорий этишга чақирганди.

Америка Давлат Департаменти Ўзбекистонни "алоҳида хавотирга молик" давлатлар сирасига 2006 йилдан бери киритади.

2009 йилдан бери эса, айни рўйхатда бўлишича қарамай, ижобий ўзгаришлар томон қадам ташлашни рад этиб келаётган давлатлар қаторида қайд этади.

Бу мавзуда батафсилроқ