'Сўз эркинлиги ҳамон йўқ даражада, тазйиқлар ҳам тинмаган...'

Image caption Халқаро ташкилотнинг янги ҳисоботи пайшанба куни эълон қилинди

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг йиллик ҳисоботининг Ўзбекистонга доир бўлими ўтган йиллардан кескин фарқ қилмайди.

Сўз эркинлиги ҳамон йўқ даражада, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистларга нисбатан тазйиқлар тинмаган ва уларни калтаклаш, маҳкамага тортиш ва қамоққа ташлаш ҳолатлари давом этмоқда дейилади ҳисоботда...

Ҳисоботда икки нафар инсон ҳуқуқлари фаолининг қамоқдан озод этилгани ҳам айтилади. Аммо камида яна ўн киши қамоқда қолаётгани урғуланади, уларнинг айримлари ноинсоний ва шафқатсиз бир шароитларда тутиб турилади дейди ташкилот.

Айбларга иқрор қилиш учун қийноқ қўлланиши ва турфа босим кўрсатиш усуллари ҳамон сақланиб қолаётганига доир хавотирлар аригани йўқ.

Бу каби ноинсоний муносабатга, айниқса, ноқонуний диний оқимларга аъзоликда гумонланганлар мубтало этилмоқда.

Сўз ва фикр эркинлигига доир бобида ташкилот журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъқиб остида қолаётганлари, жумладан, оддий кийимларда бўлган хавфсизлик ходимлари уларни кузатиши, сўроққа чақириб туришлари, уй қамоғида сақлашлари, тинч намойиш ўтказиш ҳаракатларига қаршилик қилишлари ҳақида сўз боради.

Айрим инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳуқуқ –тартибот ходимлари томонидан ва ё уларга яқин ёлланган шахслар томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар бор.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Алишер Караматов ва Ҳабибулло Оқпўлатовларнинг узоқ йиллик қамоқ жазосидан кейин озод этилганлари эътироф этилар экан, Қарши шаҳрида бошқа бир инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қораеванинг икки аёл томонидан калтаклаб кетилгани ҳақида айтган. Бу аёллар ҳуқуқ-тартибот ходимларига алоқадор экани тушунилади. Шундан кейин унинг уйига турфа граффити чизиб кетилади. Бундан аввалроқ эса Гулшан Миллий Хавфсизлик Хизматининг “қулоқ” бўлиб ишлаши ҳақидаги таклифини рад этган.

Ўтган йил сентябр ойида уни яна муваққат ҳибсга оладилар. Унга ҳужум қилган аёллардан шикоят тушгани, “ҳақорат қилиш” ва “туҳмат қилиш”да айблашганини айтишади. Агар бу айбловлар маҳкамада исботини топса, тўрт йилга қадар қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди, аммо декабр ойига келиб Гулшанга нисбатан Президент авфи қўлланилади. Гулшан Қораеванинг оила аъзоларига ҳам тазйиқ ўтказилгани, ҳақорат қилингани ва калтакланганини ёзади AI ўз ҳисоботида.

Қийноқлар ва ноинсоний муносабат

Image caption Ташкилот ўз ҳисоботида маҳкумлар ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланишининг давомий эканини урғулайди

Ташкилот ўз ҳисоботида маҳкумлар ва маҳбусларга нисбатан қийноқ қўлланишининг давомий эканини урғулайди.

Қийноқлар, айниқса, турфа диний оқимларга аъзолик айблари билан қўлга олинганларга нисбатан кўпроқ қўлланилади.

Ўнлаб турк бизнесменларини ҳибсга олиш воқеасига тўхталар экан, Туркия фуқароси Ваҳит Гунешнинг Ўзбекистон ҳукуматига қарши маҳкама иши бошлагани ва ўзига нисбатан қийноқ қўлланилгани даъво этгани зикр қилинади.

Ўзбекистон телевизионидан берилган филмда эса иқтисодий жиноятлар билан бир қаторда турк ишбилармонлари “Нурчилар” диний оқимига алоқадорликда ҳам гумон этилганлари ҳам даъво этилди.

Насронийларнинг “Иегова шоҳидлари” гуруҳидан бўлмиш Гулчеҳра Абдуллаева Ҳазораспда ҳибсга олиниб, милиция томонидан қийноққа солинганини айтди, дейилади ҳисоботда.

Гулчеҳра ўзига қўйилган айбловлар қаторида тақиқланган диний адабиётни олиб кириш борлигини айтади, зотан бу айбловни рад этади.

Ҳуқуқ- тартибот ходимлари уни бир неча соатлаб озиқ-овқат ва сувсиз турғизиб қўйишгани, бошига газ ниқоб кийгизиб, ҳаво ўтказиш йўли тўсиб қўйилгани айтади.

Гулчеҳра алал-оқибат “хусусий диний таълим бериш”да айбланиб жарима тўлаш ҳақида ҳукм чиқарилади.

Аксилтеррор амаллар ва хавфсизлик

Image caption Халқаро ташкилот ўзининг янги ҳисоботида Швецияда ҳануз комада қолаётган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қорининг тақдирига ҳам эътибор қаратган

Ўзбекистон мулозимлари турфа Исломий гуруҳларга алоқадор деган айбловлар билан хориждаги шахсларни мамлакатга қайтариш ҳаракатларини жадаллаштиришган. Ҳукумат уларнинг бари хавфсизлик ва террорга қарши кураш ҳаққи амалга оширилаётгани урғулайди.

Бу каби экстрадиция талабларининг аксарияти сохта ва ё ишончсиз кўрсатмалар асосида кечгани айтилади. Ватанга мажбуран қайтарилганлар, ҳукуматнинг адолатли муносабатга доир ваъдаларига қарамасдан, қийноққа солинганлар. Саҳналаштирилган маҳкама жараёнларида уларга нисбатан узоқ йиллик қамоқ жазоси ҳукмлари берилган. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати мулозимлари муҳожиротдаги мухолифат раҳбарларининг жонига қасд қилишда ҳам айбланганлар.

Айни ўринда Amnesty International Швецияда отиб кетилган Обидхон Назаровнинг тақдирини тилга олади. Айни жиноят бўйича маҳкама ишида ҳакамнинг Обидхон қори ўзининг сиёсий қарашлари учун Швеция ташқарисида бўлган кучлар томонидан нишонга олинганини айтди, унинг оиласи ҳимоячиси эса тўғридан тўғри Ўзбекистон хавфсизлик хизматларини айблади.

Бу мавзуда батафсилроқ