Таниқли ўзбек адиби Ўткир Ҳошимов вафот этди

Image caption Ўткир Ҳошимов замонавий ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири эди

Тошкентдан келаётган хабарларга кўра, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов 71 ёшида оламдан ўтган.

Яқинларига кўра, таниқли ёзувчи бугун Тошкентдаги Дўмбиробод қабристонида тупроққа топширилади.

1941 йилнинг 5 августида Тошкент шаҳрида туғилган Ўткир Ҳошимов Тош Давлат Университетининг филология факултети журналистика бўлимини тугатган.

Ёзувчининг "Пўлат чавандоз" номли очерклардан иборат илк китоби 1962 йилда нашр этилган.

Ўткир Ҳошимовнинг "Чўл ҳавоси" номли илк насрий асари бир йил ўтиб чоп этилди.

Унинг шунингдек "Одамлар нима деркин", "Шамол эсаверади", "Қалбингга қулоқ сол", "Баҳор қайтмайди", "Дунёнинг ишлари" каби қиссалари ҳамда "Нур борки, соя бор", "Икки эшик ораси" ва "Тушда кечган умрлар" романлари нашр этилган.

Ўткир Ҳошимовнинг "Тўйлар муборак", "Ҳазон бўлган баҳор" асарлари асосида бадиий филмлар суратга олинган.

Ёзувчи ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси учун Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти ҳамда "Меҳнат шуҳрати" ва "Буюк хизматлари учун" орденларига лойиқ деб топилган.

Ўткир Ҳошимов Эрнест Ҳемингуей, Константин Симонов каби адиблар асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

"Ижодкор 80-йиллар публитсистикаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган адиблардан биридир. Унинг одоб-ахлоқ, маънавий олам, миллий қадриятлар, шўро даври адолатсизликларини дадил ёритган очерк ва телекўрсатувлари бу даврнинг баркамол меваларидир," - дейилади e-adabiyotuz веб саҳифасида.

Ўткир Ҳошимов "Дунёнинг ишлари" қиссаси учун Ойбек номидаги ҳамда "Икки эшик ораси" романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор деб топилган.

Би-би-си адиб яқинларига таъзия изҳор этади.