Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бухородаги универсиада фавқулодда хавфсизлик чоралари остида ўтмоқда

Бухорода талаба-ёшлар ўртасидаги "Универсиада-2013" спорт мусобақалари муносабати билан фавқулодда хавфсизлик чоралари кўрилган.

Бухородаги манбаъларга кўра, шаҳарнинг тарихий қисмига олиб борувчи йўллар ёпиб қўйилган, пиёда ва транспорт ҳаракати чекланган.

Ўйинлар арафасида талабалар ўқишдан четлатилиб, ободончилик ишларига жалб этилган.

Олий ўқув юртларидаги имтихон ва синовлар "Универсиада" ўйинлари тугаганидан сўнг давом эттирилиши айтилмоқда.

Мусобақаларда 1200 нафар талаба 12 та спорт тури бўйича беллашиши маълум қилинган.

'Махсус рўйхат'

Бухоролик талабалардан бирининг Би-би-сига айтишича, пайшанба куни кечқурун бўладиган очилиш маросимини томоша қилиш барча талабаларга ҳам насиб қилмайди.

Унинг сўзларига кўра, очилиш маросими ҳамда ундан кейинги ўйинларга талабалар ҳуқуқ-тартибот идоралари тузган махсус рўйхат бўйича қўйилмоқда.

Ҳар йили ўтадиган "Универсиада" мусобақаларига қанча маблағ сарфланиши маълум эмас.

Аммо бу маблағнинг катта қисми маҳаллий бюджетлар, шунингдек, тадбиркорлар ҳисобидан қопланиши айтилади.

Ўзбек матбуоти мусобақаларни "мамлакат спортини ривожлантиришдаги муҳим босқич" деб таърифлайди.

Аммо Би-би-си суҳбатлашган бухоролик талаба ўйинлар ёшлар орасида спортнинг оммалашишига сабаб бўлаётганини савол остига олади.