Қозоғистон президенти Тошкентга сафар қилади

Image caption Икки президент учрашувида сув тақсимоти ва хавфсизлик масалаларига кўпроқ эътибор қаратилади

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Тошкентга сафар қилади.

Бу Нурсултон Назарбоевнинг 2010 йилдан бери қўшни мамлакатга илк расмий ташрифидир.

Қозоғистон президенти ҳамкасби Ислом Каримов билан учрашади.

Икки мамлакат раҳбари учрашувида асосан хавфсизлик ва сув тақсимотига доир мавзулар муҳокама қилиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, президентлар стратегик ҳамкорликка доир шартнома имзолашади.

Ўтган йил сентябр ойида Ислом Каримов Қозоғистонга сафар қилган эди.

Мутахассисларига кўра, қўшнилари билан одатда муносабатлари совуқ бўлган Ўзбекистон сўнгги ойларда Қозоғистон билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётгани кўзга ташланади.

“Ўзбекистонга Қозоғистон керак, Қозоғистонга Ўзбекистон эмас”

Президент Назарбоевнинг Тошкентга сафари олдидан Қозоғистон иқтисодиёт вазирлиги ошкор этган маълумотларга кўра, охирги 10 йилда Қозоғистоннинг Ўзбекистонга киритган сармоялар ҳажми Ўзбекистоннинг Қозоғистонга киритган сармоя миқдоридан 10 баробар кўпдир.

Иқтисод масалаларида қалам тебратадиган Тошкентлик журналистнинг айтишича, Қозоғистон Россиядан кейин Ўзбекистоннинг чалажон ҳолатга келтирилган иқтисоди учун дармон экани англаб етилмоқда.

“Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, кам бўлмаймиз деб кўкракка уришни яхши кўрсак ҳам, аслида вазият анчайин абгор. Энди ҳукуматдагилар ҳам буни англаб етишмоқда. Қозоғистоннинг унини еймиз...Минглаб ҳамюртларимиз иш қидириб кетишган. Буёғи қўшни Қирғизистон ва Тожикистонда қуриладиган сув электр иншоотларига доир гапимиз ўтмай қолди. Хуллас, деярли барча масалада Остона Ўзбекистонга асқотади. Буни тепадагилар ҳам тушуниб қолишди”, дейди тошкентлик журналист.

Image caption "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз" - шиор ва ҳаёт ҳақиқатлари...

Бугунги кунда ўн минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистонда ишлашмоқда.

Гарчанд ҳар иккала мамлакат раҳбари ҳам минтақада сув тақсимоти масаласида зоҳиран муштарак хавотирлар изҳор этишган бўлса ҳам, Қозоғистон президенти Ислом Каримов сингари “сув урушлари” билан огоҳлантириш даражасида кескин чиқиш қилгани йўқ.

Сиёсий масалалар, айниқса, НАТО қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши масаласида ҳам Ислом Каримов минтақада беқарорлик ҳақида қўрқув ва хавотирларини изҳор этган бўлса, Нурсултон Назарбоев НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан ҳеч қандай фожеа юз бермайди деган фикрда.

“Марказий Осиёдаги бизнинг минтақага, дунёда бўлаётгани каби ўзгаришлар даври келаяпти. Шу жиҳатдан минтақавий хавфсизлик масаласи жуда ҳам долзарб. Шуни айтмоқчиманки, НАТОнинг Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетиши ортидан ортга айланувчи таймер қўшилгани йўқ. Минтақамиз учун ҳеч қандай фожеа содир бўлмаслигига аминман”, - деган эди Нурсултон Назарбоев.