Ўзбекистон Футбол Федерацияси веб саҳифаси хакерлик ҳужумига учради

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff.uz
Image caption "Ҳозирги пайтда ана шу ҳужумдан, таъбир жоиз бўлса, "тирик қолдик" ва ҳозир зиён етган бўлимларда иш олиб борилмоқда"

Ушбу хабарни расман тасдиқлаган федерация матбуот воизининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, хакерлар ўзларидан ташқари Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг расмий веб саҳифасини ҳам ҳужумга тутишган.

Санжар Ризаев ҳодиса юз берган пайтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳайъати билан бирга Жанубий Кореяда бўлгани, ўзи ҳам федерация расмий веб саҳифаси жойлашган домендаги почтага киролмай, аввалига ҳайрон бўлганини айтади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Аввалига буни стадионда интернет яхши ишламаётганига йўйгандим. Лекин меҳмонхонага келганимизда ҳам, негадир, почтага кира олмадим. Компьютерим почтамизнинг калит сўзи ўзгарганлиги ҳақида хабар бера бошлади. Аҳамият бермадим. Лекин бироздан сўнг расмий веб саҳифага ҳам киролмадим. Кейин федерация матбуот хизматидаги йигитлар хабарлар киритадиган администрация бўлими ишлаётгани, аммо ўқувчилар учун мўлжалланган саҳифаси ишламаётганини хабар беришди. Балки Ўзбекистондан ташқаридан кирса бўлар деб, Сеулдан ҳам кириб кўрганимда, киролмадим", дейди у.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот воизининг айтишича, бу ҳолат камида 12-13 соат давом этган.

"Ҳозирги пайтда ана шу ҳужумдан, таъбир жоиз бўлса, "тирик қолдик" ва ҳозир зиён етган бўлимларда иш олиб борилмоқда", дейди у.

Санжар Ризаевга кўра, ҳужум "Clone Security" хакерлар гуруҳининг иши бўлиши мумкин.

Унинг айтишича, буни ўзларига Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий веб саҳифаси администратори - "Сайқал" студияси дизайнерлари маълум қилишган.

Гап нимада?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хакерлик ҳужуми Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сешанба куни Жанубий Кореяга қарши "тарихий ўйин"даги мағлубияти ортидан кузатилган

Хакерлик ҳужуми Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сешанба куни Жанубий Кореяга қарши "тарихий ўйин"даги мағлубияти ортидан кузатилган.

Жамоа ўз тарихида биринчилик ўйинларига муддатидан илгари йўл очиши мумкин бўлган ҳал қилувчи ўйинни Сеулда 0:1 ҳисобида бой берганди.

Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг ёзишича, хакерлар гуруҳи Ўзбекистон Футбол Федерацияси расмий веб саҳифасида "Миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмади....Ҳа, ҳеч қачон чиқолмайди!", деган ёзув қолдирган.

Шу боис, сўнгги хакерлик ҳужумини Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мағлубиятига норозилик сифатида талқин этаётганлар ҳам йўқ эмас.

Федерация матбуот воизи эса, учоқда Сеулдан қайтаётган бўлгани учун, "ушбу ёзувни шахсан ўз кўзи билан кўрмагани, аммо турли веб саҳифаларда тасвирларига кўзи тушгани"ни айтди.

Санжар Ризаевга кўра, "хакерлик ҳужуми оқибатида федерация расмий веб саҳифасидаги маълумотлар базаси, фото архив, шунча йиллар давомида киритилган хабарларга зиён етиши мумкин ва ҳозир буни аниқлаш учун сайт мутахассислари иш олиб боришмоқда".

Матбуот воизининг билдиришича, айни пайтда сайтнинг фаолияти йўлга қўйилган ва маълумотларни тиклаш жараёни кетмоқда.

Санжар Ризаев бундан икки-уч йилча олдин Ўзбекистон Футбол Федерациясининг расмий веб сайти эронлик хакерларнинг ҳужумига учрагани ва ўшанда инглиз тилидаги бўлимининг барча маълумотлари йўқолиб кетгани, ҳозирги кунгача уларни тиклаб олишнинг иложи бўлмаганини айтади.

Clone Security

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзбекистонлик интернет билағонига кўра, хакерлик ҳужумларини уюштиришнинг механизми жуда оддий...

Ўзбек хакерлар гуруҳининг бундан аввал қатор Ўзбек ва Қирғиз тилидаги веб саҳифаларга уюштирилган хакерлик ҳужумлари ортида тургани ҳам хабар берилганди.

Шу йил феврал ойи охирларида "Фергана.ру" ахборот агентлиги "Clone Security" хакерлар гуруҳи билан твиттер орқали боғланишга муваффақ бўлиб, ўзини Andrew Bay деб таништирган инсондан clonesec@clonesec.com емайл манзили орқали мактуб олганликларини маълум қилганди.

Ахборот агентлигининг у билан олиб борган ёзишмаларидан, "гуруҳнинг яқинда ташкил топгани, кўпчилик экани, орқаларида ҳеч ким турмаслиги ва молияламаслиги" маълум бўлади.

Ўша савол-жавобларда, "Улар ўзларининг ўзбеклар экани, аммо ҳеч ким учун ишламасликлари, Ўзбекистонда информацион хавфсизлик бўйича саводхонликни ошириш ғояси асосида иш олиб боришлари"ни ҳам билдиришган.

Ўзбекистонлик интернет билағони Қудрат Бобожоннинг айтишича, "бу каби хакерлар Ўзбекистон учун жон куйдираётган, Ўзбекистоннинг сиёсатини ўзгартиришга ҳаракат қилаётган ёшлар бўлиши мумкин":

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бугунги кунда улар кўпчиликни ташкил қилади. Сабаби - кўпчилик мамлакат ташқарисида яшайди ва уларнинг интернетга кириш имкониятлари жуда юқори. Улар Ўзбекистондаги ҳолатни кузатиб боришади ва кўпчилиги бу соҳада яхши маълумотларга эга", дейди у.

Интернет билағонига кўра, хакерлик ҳужумларини уюштиришнинг механизми жуда оддий.

"Яхши ҳимояланмаган сайтни оддий бир бола хак қилиши мумкин. Яхши биламизки, интернет бу - очиқ ресурс. Унга ҳар ким кириши мумкин, лозим дастурлар билан, ҳатто, сайтнинг ичига ҳам кириши мумкин. Шу соҳа бўйича унинг етарли даражада илми ва ихтисоси бўлса, бу - ҳар бир шахснинг қўлидан келадиган иш бўлиши мумкин".