Ҳасан Чориевнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда

Image caption Фаоллар Ҳасан Чориев ўғлининг сиёсий фаолияти учун таъқиб этилаётганига ишонадилар

Ўзбекистонлик мухолифатчи, "Бирдамлик" ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг отаси икки кундирки, бедарак кетган.

71 ёшли Ҳасан ота икки кун аввал қизига қўнғироқ қилиб, Қашқадарё вилоятининг тергов ҳибсхонасида эканини хабар қилган.

Бироқ инсон ҳуқуқлари фаолларининг уни топиш бўйича ҳаракатлари ҳозирга қадар натижа бермаган.

Ички ишлар бошқармаси уни ушлаб турганини тасдиқламаган.

Яқинлари унинг тақдиридан хавотирда эканликларини айтишмоқда.

"Бирдамлик"нинг Ўзбекистондаги фаоли Малоҳат Эшонқулованинг Би-би-сига айтишича, улар сешанба куни Ҳасан Чориевни қидириб, Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармасига боришган.

Бошқарманинг тергов ҳибсхонасига маҳбусларни олиб келган ҳайдовчи "70 дан ошган отахон"ни кўргани, уни суд-тиббий экспертизага олиб кетишганини айтган.

"Ҳасан Чориев вилоят ёки Қарши шаҳар вақтинчалик тергов ҳибсхонасида сақланаётган бўлиши мумкин", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Мухолифат фаоли нима учун Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олингани сир сақланаётганидан таажжубда эканликларини айтади.

Ота учун ўғил жавобгарми?

Ҳасан Чориевнинг нима учун ҳибсга олингани ва қандай ҳаракатларда гумон қилинаётгани маълум эмас.

Айни пайтда яқинлари унга нисбатан қидирув эълон қилиш ҳақидаги ариза билан милицияга мурожаат этишган.

Малоҳат Эшонқулова Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинишини унинг ўғли, АҚШда яшаётган "Бирдамлик" раҳбари Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти билан боғлайди.

Ҳасан Чориев ўтган йил октябрида Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139-моддаси - "туҳмат" қилишда айбланиб, маҳкамага тортилганди.

Жиноят ишига унинг Қашқадарё вилояти Қамаши тумани ҳокими устидан Миллий Хавфсизлик Хизматининг маҳаллий бўлимига шикоят билан мурожаат қилгани сабаб бўлган.

Ўз аризасида у туман ҳокимини дастлаб ўзига тегишли, кейинчалик эса маҳкама қарори билан давлат қарамоғига ўтказилган 37 гектар ердан ноқонуний фойдаланишда айблаган.

Маҳкама аризачининг даъволарини рад этган ва Ҳасан Чориевнинг ўзини йирик миқдордаги жаримага тортган.

Бу мавзуда батафсилроқ