Исмат Хушев: 'Ислом-акага ҳурматим ҳаққи айтаман, мамлакат хавф остида турибди'

Image caption Исмат Хушев президент Ислом Каримовга яқин бўлганини ҳам айтади

Исмат Хушев - қарийб 10 йиллик сиёсий муҳожирликдан сўнг Ўзбекистонга бемалол кириб чиққан таниқли журналист.

У сўнгги йиллари "Дунё Ўзбеклари" вебсаҳифасини юритмоқда ва ҳар вақт ўзининг мухолифатдан мустақил журналист эканини қайд этиб келган.

Исмат Хушев муҳожиротда ўзининг президент Ислом Каримов ҳақидаги хотиралари жамланган "Оқланмаган ишонч қиссаси" асарини интернет саҳифаларида чоп этди.

Канададаги ҳижрат ортидан ватанига қайтган Исмат Хушев кўпчилик кутганидек Ўзбекистонда қолмади. Балки яна Канадага қайтиб кетди.

Журналист Исмат Хушев қуйида Би-би-си Ўзбек Хизмати радиотингловчилари ва bbcuzbek.com вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига жавоб берди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Хўжанддан Ўктам Ризаев йўллаган саволлардан бошласак. Тингловчимиз мустақил журналист қандай бўлиши керак, не боис уларнинг аксарияти бугун Ғарбда, қочқинликда яшаётгани ҳақида билишни истайди.

Исмат Хушев: Савол учун раҳмат. Ҳоди Тохтошнинг бир гапи бор:"Муҳаббат ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак уни янгилайди". Мустақил журналист ҳам худди шундай. Унинг бир ўзгармас қонуни бор, бу ҳам бўлса ўз мустақил фикрни мустақил сўз билан айта билиш фазилатидир. Иккинчи саволга келсак, унинг жавобини ҳам ўзлари берибдилар. Мустақил ва ҳур фикр ҳукуматга ёқмаса, унинг муаллифи хорижга кетмай, ҳибсга кетсинми? Мустақил журналистлар ғарбда дебсиз. Шарқ ёниб ётибдию... Оловнинг ичида бўлишни ҳамма ҳам истамайди, дўстим.

Би-би-си: Тошкентдан Ҳожиаҳмад ўз мактубида 10 йилдан кейин Ўзбекистонга келиб, у ердаги журналистика ва адабий муҳит қай даражада ўзгарганига гувоҳ бўлганингиз билан қизиққан.

Исмат Хушев: Энди журналистика ва адабий ҳаёт Ўзбекистонда ҳам бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Лекин айрим жиҳатлардан орқага кетган жойлари бор. Мен кейинги пайтлари ватан матбуотида айтиб бўлмайдиган мавзуларда "Дунё ўзбеклари" вебсаҳифамизда қатор чиқишлар қилдим. "Ўзбекистон президентига мактублар" рукнида мамлакатда авж олган порахўрлик, олий ўқув юртларидаги адолатсизликлар, президент атрофидаги кўнгли нопок мулозимлар ҳақида Ислом Каримовга тўғридан-тўғри мурожаат қилдим. Ҳақиқатни ифодалаган сўзларим расмий Тошкент мулозимларига ёқмаган бўлиши мумкин, лекин улар ҳали бирон манбада менинг чиқишларимга нисбатан мантиқий жавоб бера олишганича йўқ. Агар мен бу мақолаларни ватанимда ёзганимда эди, уларни икки дунёда ҳам эълон қилиб бўлмасди. Адабий муҳит ҳақида сўрабсиз. Масалан, мен Абдулло Орипов ва Эркин Воҳидов каби ўзбекнинг кўзга тўтиё қилса бўладиган бетакрор адибларини сенаторликдан бевақт чақириб олингани, давлат ва ҳукумат эътиборидан четда қолаётгани ҳақида танқидий мақолалар ёздим. Ёки Одил Ёқубовдек ноёб истеъдод эгасининг иззат-нафсига тегилаётганини қаламга олганман. Қаҳрамонлик кимларга берилмади? Том маънодаги адабиётга алоқаси бўлмаган кимларнинг оёғи остига сочиб ташланмади? Афсуски, ўзбек адабиёти прозасида Абдулла Қодирий ва Ойбекдан кейинги учинчи классик, деб тан олинган Одил Ёқубовга унвонлар берилмади-ку. Ёки Собир Раҳимовнинг ҳайкали олиб ташланганичи? Акмал Икромов, Усмон Юсупов ва Йўлдош Охунбобоев каби Ўзбекистон тарихидан ўчириб бўлмас асил фарзандларнинг номларини ўчиришга бўлган уринишлар ҳақида ёзганларимга хайрихоҳ бўлган инсонлар тобора кўпайиб бораётганлиги олий раҳбариятни, табиийки, ташвишга солади. Ахир уларни ўчираман, десангиз тарихнинг ўзи ўчиб қолади-ку! Бугун маънавият ва қадрият масаласида Ўзбекистон шунчалик чуқур жарга кириб кетдики, орқага қайтишнинг ҳеч иложи йўқ. "Слишком поздно", деган бир гап бор русларда.

Би-би-си: Муҳаммад Назар бир нечта саволлар берган. Хусусан, мақола ёзгунча қўшиб-чатганмисиз, ўзингизни қанчалик холис журналист санайсиз, деб сўраган. Шунингдек, буюртма бўйича ҳам мақола ёзган-ёзмаганингизни билишни истайди.

Исмат Хушев: Бу ерда ростини айтишим керак, шекилли. Президентга яқин юрган йиллардаги мақолаларда холислик камроқ, ҳукумат ва давлатни мақташ кўпроқ бўлади, дўстим. Яъни бўрттирилади. Бугун ўзбек журналистикасида бундай мисолларни истаганча топишингиз мумкин. Ҳар бир сиёсий тузумнинг ўз "заказной" журналистикаси ва журналистлари бўлади. Яширмайман, мен ҳам бир пайтлар тепадагиларга ёқиш учун Рафиқ Нишоновни танқид қилиб, унга очиқ хат ёзганман. Мен журналистиканинг оғир ва тиканли йўлларини, жумладан, "заказной" журналистикани ҳам босиб ўтганман. Бу нарсаларга кўпроқ давр ва сиёсий муҳит айбдор бўлиши мумкин. Бугун ҳам ўзбек журналистикаси юз фоиз ҳукуматнинг буюртмасини бажараяпти, унинг доирасига ўйнаяпти.

Би-би-си: АҚШдан Камол ва Балтимордан Шарофиддин исмли тингловчиларимиз бир мазмунда савол сўрашган. Яъни чиқишларингизда ҳар доим Ўзбекистонни мақтайсиз, бироқ нега у ерда қолмасдан, яна Канадага қайтиб кетдингиз, деган мазмунда.

Исмат Хушев: Мустақил журналист учун Ўзбекистонда ҳали шароит йўқ. Аммо мен бурунги Исмат Хушев бўлиб, ҳукуматнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб яшашни истамайман. Мен қаерда бўлсам ҳам, Ўзбекистонга фойдам тегишини истайман. Аччиқ қисматларга тан бериб, Канадага қайтиб келдик. Лекин биринчи имконият бўлиши биланоқ биз ватанга қайтамиз. Менинг жисмим Канадада, қалбим Ўзбекистонда.

Би-би-си: Тошкентдан Ватанпарвар тахаллусли ўқувчимиз бир нечта савол йўллаган. Аввало, "президент эркатойи" бўлиш учун президентга хайрихоҳ бўлиш керакми ва ё ашаддий танқидчими, деб сўраган.

Исмат Хушев: "Президент эркатойи" бўлган даврларим тарихда қолиб кетди. Бугун менга қилган яхшиликлари боис президентга нисбатан ўз эҳтиромимни сақлаган ҳолда, мамлакатда авж олган ноҳақликлар ҳақида ўз сўзимни ҳам айтиб келаяпман. Унга ишонч ҳосил қилиш учун "Дунё ўзбеклари"га кириб, "Муҳаррир минбари" рукнини бир кўздан кечиришингиз мумкин. Президентни севмаслик мумкин. Аммо уни ҳурмат қилиш ва унга итоат этиш ҳар бир фуқаронинг бурчи, деб биламан. Бизнинг хориждаги аламзада дўстларимиз эса, президент ва унинг оиласини сўкиб, ҳақорат қилишади. Бу - бутунлай нотўғри. Масалан, биз Муҳаммад Солиҳнинг "Йўлнома" китобини эълон қилаяпмиз. У китобида Ислом Каримовнинг яхши ва инсоний фазилатларини ҳам бирдай қаламга олган. Шу билан бирга, унинг сиёсий тузумини одоб билан, шахсига тегмай танқид ҳам қилган. Биз ана шу жиҳатларни Муҳаммад Солиҳдан ўргансак бўлади. Албатта, президентнинг эркатойи бўлиш учун унга садоқатли бўлиш, фанатик бўлиш керак. Баъзан ўйлаб кетаман, нега мен Ислом Каримовга бунчалик меҳр қўйдим, бунчалик боғланиб қолдим? Биз узоқ йиллар Ислом Каримовдек Политбюрога қарши тура оладиган, Москва билан юзма-юз жанг қила оладиган йўлбошчини орзиқиб кутган эдик. Мана шулар 1990-йиллар бошида менинг хаёлимни чалғитган, ақлимни ўғирлаган бўлиши мумкин. Президент кемасига тушган одам унинг ашуласини ҳам баробар айтиши керак, деб ўйлаган бўлишим мумкин. Ҳолбуки, бу кема мана 10 йилдирки, бизни олис хориж сарҳадларига улоқтириб юборди.

Би-би-си: Ватанпарварнинг кейинги саволи Ислом Каримов ўз ихтиёри билан ҳокимиятни топширадими, деган масалада сизнинг фикрингизни ўрганишни назарда тутган.

Исмат Хушев: Эҳ, бу - жуда мураккаб ва оғир савол, дўстим. Бу саволга мукаммал жавобни танҳо Ислом-аканинг ўзлари бериши мумкин. Мен фақат тахминимни айтаман. Мен билган Ислом-ака ўз ихтиёри билан ҳеч қачон бошқарув жиловини бошқа бировга бериб қўядиган одамлар тоифасидан эмас. Қолганини эса вақт ва ҳаёт кўрсатади.

Би-би-си: Канадада 10 йил яшаб, Ўзбекистонга бордингиз. Бугун Ўзбекистоннинг фаровон ва эркин мамлакат бўлиши йўлида нималар халал бермоқда ва уларни қандай бартараф этиш мумкин, деб ўйлаяпсиз?

Исмат Хушев: Жуда кўп нарсалар халақит қилади. Тўғри, мамлакатнинг эркин ва фаровон бўлиши каби истак олий раҳбариятда йўқ, деб айтолмайман. Бунга асосимиз ҳам йўқ. Лекин олий раҳбарият ўзи истамаган ҳолда турли шароитларда авж олган "зарпечак ва чирмовуқларнинг" қўлида қолди. Ўзбекистон олий раҳбариятини ана шулардан ҳоли қилиш керак. Бу учун кўпчилик айтаётгандай сиёсий тузумни ўзгартириш шарт эмас, инқилоб қилиш шарт эмас. Сиёсий тузумнинг назарияси Ўзбекистонда олиймақомдир. Аммо унинг амалдаги фаолияти нулга тенг. Ўзбекистон демократик йўлдан бормоқда, дейилади. Лекин қани ўша демократия? Диний эркинлик, эркин матбуот ва эркин сўз, дейишади. Конституцияда бу эркинликлар мўл-кўл даражада жуда чиройли қилиб баён қилинган. Лекин қани ўша эркин матбуот? Конституциямиз жуда яхши ва уни ўқиб Ўзбекистон фуқароларига ҳавас қилиш мумкин. Масалан, унда намойиш қилиш мумкин, деб зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Аммо амалда қани бир Тошкентнинг кўчаларига чиқиб кўрингчи, нима бўларкансиз? Мен Ислом Каримовга ҳурматим ҳаққи, шуни очиқ айтишим керак: Мамлакат хавф остида турибди!

Би-би-си: Самарқанддан Шариф Нусрат ўзбек мухолифати ҳақидаги фикрингизни билишни истаган.

Исмат Хушев: Муҳаммад Солиҳ, масалан, хорижда ўзбек мухолифати раҳбари сифатида танилган ва Ғарбда, хусусан, Оврўпода уни тан олишади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам уни хавфли рақиби, деб билади. Буни тан олиш керак. Нуфузли мухолифат аъзолари ҳақида гапирганда, мен Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Ҳасан, Толиб Ёқубов ва Тошпўлат Йўлдошев каби инсонларни ҳам айтиб ўтишни истардим. Уларнинг ҳар бири жуда донишманд, билимли ва ўз обрў-эътиборига эга одамлардир. Тўғри, улар Ўзбекистон раҳбарлигини олиб бора олади, дейиш нотўғри бўлар. Чунки давлатни бошқариш - қийин масала. Лекин сайловда мухолифат иштирок этиши шарт. Акс ҳолда тоталитар тузумларда бўлгани каби ҳокимият қўлдан қўлга ўтиб кетаверади. Ҳукмдорлик тожи ҳам бир оиланинг ичида бошдан бошга ўтаверади. Мана, Озарбайжонда Ҳайдар Алиевдан ўғлига қолди. Энди ўғли ўз рафиқасини тўрт-беш йилга қолдирмоқчи, деган гаплар бор. Шимолий Кореяни олинг, Араб давлатларини... Уларнинг ҳаммасида оиладан-оилага, авлоддан-авлодга ўтиб келаяпти. Мухолифат, албатта, бўлиши керак. Мухолифат йўқлиги Ўзбекистонга жуда катта зарар бизнинг жамиятимиз ривожланиши учун.

Би-би-си: Ўзбекистонга сафарингиз борасида бир нечта саволлар бор. Бўстон исмли тингловчимиз сиёсий қочқин мақомини олиб туриб, қандай қилиб Ўзбекистонга бориб келганингизни билишни истайди. Бундан эса бошқа саволлар ҳам келиб чиқади. Масалан, Ўзбекистон бориш учун кимлар билан, қандай олди-бердилар бўлди ва ё қандай шартлар қўйилди дегандек.

Исмат Хушев: Ўн йиллик айрилиқдан сўнг Исмат Хушевнинг Ўзбекистонга бориб келишига бир оддий ҳаракат, деб қараш керак. У сиёсий муҳожир бўлса-да, ватан дарвозалари унга нега очилди? Нега у бемалол бориб-келди, деб ўйлаб, ўзингизни кўп қийнаб юрманг, савол берган дўстим. Сиз унинг сўзига ва ёзганларига қараб баҳо беринг. Энди йиллар ўтган сайин Ўзбекистондаги сиёсий вазият ҳам бир қадар ўзгарди. Буни тан олишимиз керак. Бундан 10 йил муқаддам бизга хавф солиши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисалар ҳозир давр силсиласида ўзгача аҳамият касб этган бўлиши мумкин. Яна бир укамиз, олди-бердилар ва Ўзбекистонга бориш учун қандай шартлар қўйилди, деган яхши саволларни берибдилар. Эҳтимол, президент менга ватан дарвозларини очганда, унинг қўл остидагилар Исмат Хушевдан худди олдинги Исмат Хушев каби фойдаланаман, уни "гаҳ" деб қўлга қўндираман, дея ўйлаган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин улар шундай ўйлашган бўлсалар - адашадилар. Ўйласам, бу ҳукуматимизга беминнат хизматни керагидан ортиқроқ қилиб юборган эканман. Аммо бугунги Исмат Хушев ажабки, кечаги Исмат Хушев эмас. Мен дунё кўрдим. Ҳаётга бир қадар теранроқ назар ташлайдиган бўлдим. Мен олдинги Исмат Хушев эмасман.

Би-би-си: Ўзбекистондаги саёҳатларингиз акс этган расмларингизни эълон қилишингиз билан сизни "ўзбекнинг Жеймс Бонди" деб ҳам аташди. Асилбек исмли ўқувчимиз ҳам шу маънода савол бериб, акс ҳолда қандай қилиб Ўзбекистонга соғ-омон бориб келардингиз, деб сўрайди.

Исмат Хушев: Дунёда ажиб ҳақиқатлар бор. Кал одамни кал десангиз, жанжал кўтариб, ёқангиздан олади. Соғ одамга бу гапни айтсангиз, нари борса, кўрмисан, деб кулиб қўя қолади. Мен савол берган дўстларимизни айблаб ўтирмайман. Аммо ҳақиқатга тийранлик билан қарашларини истар эдим.

Би-би-си: Турли талотўпларда, баъзан босим бўлади, деган қўрқув остида ватандан чиқиб кетган журналистлар бор. Улар мухолифат ҳам эмас, лекин сиздек казо-казолар билан таниш-билишчилиги ҳам йўқ. Улар Ўзбекистонга бориб-келиши мумкинми? Ёки сиз бирон конкрет шахснинг Ўзбекистонга бориб-келишига ёрдам бера оласизми, деган мазмунда ҳам саволлар бор.

Исмат Хушев: Бу савол билан ҳалиям мени хавфсизлик хизмати одами, деган фикрингиздан қайтмаган кўринасиз. Майли, бу ҳазил. Агар саволга жиддийроқ жавоб берсак, улар мухолифатдами ёки мухолифатда эмасми, бундан қатъий назар хорижда юрганларнинг ҳеч бирини мен давлатнинг ва жамиятнинг душмани, деб билмайман. Агар у ёки бу масалада бировнинг жиноий ҳаракати бўлган тақдирда ҳам муддат жиҳатидан у авф этилиши керак. Бизда "срок давности" деган гап бор. Мен мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан президентимиз хориждаги мухолифатни амнистия қилиб, ватанга қайтаради, деб кутгандим. Ҳатто айни масалада Президент Девони раҳбари, Ислом Каримовнинг 24 йиллик сафдоши бўлмиш Зелимхон Ҳайдаровга бу ҳақида очиқ хат ҳам йўллаган эдим. Лекин олий раҳбариятни тобора ўраб бораётганлар бунга йўл бермаяпти. Биламан, амнистия аслида айбдорларга берилади. Аслида елкасига қоп-қоп айбловларни орттирган ва ҳозир чет элларда юрганлар мана шу давлатимизни ўраб-чирмаб турган мулозимлардан кўра хавфсизроқ, менинг назаримда. Четда юрганлар хавфли эмас. Ичкарида юрган, дўст ниқобидаги мулойим-супургилар аслида Ўзбекистон учун хавфлидир. Ўзбекистонда "гадой йўқ", деб муҳожирликда юрганларни "дангасалар" дея бутун дунёга жар солиш ана шундай одамларнинг талқини эканини мени яхши биламан. Мен Канадада туриб ҳам ич-ичимдан аниқ ҳис қилиб турдим. Ўша куни президентнинг нутқини эшитиб ниҳоятда ғазабландим. Бу сўзлар ҳеч қачон Ислом-аканинг сўзи эмас.Мен у кишининг хокисор ва бечора одамларга меҳрибонлигини билардим. Қашқадарёда тақдири қил устида турган оддий одамларга не-не саховатларни кўрсатган раҳбар қандай қилиб, миллион-миллион одамларни дангасага чиқариб қўйди, деган савол менга ҳанўз тинчлик бермайди. Яна бир бор такрорлайман. Мен президент ўз қалб амри билан бундай деганига ишонмайман! Баъзи конкрет шахсларни ватанга қайтариш масаласига келсак, буни энди сиз юқорида айтган Миллий Хавфсизлик Хизматининг агентлари ёки жосуслари ҳал қилиши мумкин. Менга эса бундай ҳуқуқ берилмаган.

Би-би-си: АҚШдан Фазлиддин Ёқуб ўзбекларнинг бугунги интеграцияси ҳақида, ўз халқингизга нималарни тавсия этишингиз ҳамда Ислом динига муносабатингиз хусусида саволлар берган.

Исмат Хушев: Фазлиддин акага раҳмат айтмоқчиман, аввало. Уч саволга уч жавоб. Биринчидан мен ҳеч қандай интеграцияни сезаётганим йўқ. Иккинчидан, мен халқимизнинг дунёдаги энг бахтиёр халқлар қаторида кўришни истайман. Ўзбеклар бунга муносиб. Ўзбек тили ҳам инглиз тили каби пешқадам тиллардан бирига айланишини орзу қиламан. Динимизга келсак, мен динимизни ҳурмат қиламан.

Би-би-си: Асилбек яна бир савол сўраган ва Ўзбекистон ҳукумати, сизнингча, яхшими ёки ёмонми, илтимос, аниқ жавоб беринг, деб ёзган.

Исмат Хушев: Энди бугун Ўзбекистонда ҳукумат йўқ. Бу - президент қўлидаги оддий бир рычаг, холос. Образли қилиб айтсак, бугунги Ўзбекистон олий раҳбарияти бўғма илон оғзидан бошини чиқариб турган шўрлик қўзичоққа ўхшайди. Ташқи дунёдан буткул иҳоталаб ташланган. Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати қоғозда бор. Конституцияда ҳам дабдабали ва нуфузли ўринга эга. Лекин амалдаги ҳукумат Ўзбекистон халқининг ўзига яраша.

Би-би-си: Ўшдан Одилжон Махдумий сизнинг 3 йил аввалги Ўш фожеаси ортидан ёзган шеърингиз учну ташаккур билдирган, аммо у ердаги "Қонга қондир, билинг, қирғизлар" каби мисрали шеърни битганда нима мақсадни назарда тутгансиз, деб сўраган. Айни дамда, Қирғизистонда яшовчи ўзбеклар кўксига ҳам шамол тегармикан, деб сизнинг фикрингизни билишни истайди.

Исмат Хушев: Раҳмат. Қирғизистондаги ўзбекларнинг шароитлари - юрагимиздаги дард. Ҳанўз бу борада ижобий ўзгаришлар бўлмади. Бу дард, бу фожеа ҳали узоқ йиллар одамларнинг кўнглини безовта қилиб келади. Аммо жавоб бериш мушкул. Чунки давлат ҳам, Қирғизистон ҳукумати ҳам бу ерда икки юзламачилик қилмоқда. Қирғизистонлик дўстларимга бардош ва сабот тилашдан бошқа чорамиз йўқ. Мен шеъримда оддий сўз билан "ёмонлик ҳеч қачон жазосиз қолмайди" деганман холос. Энди шоир эҳтиросга берилиб, ғазабини бўрттириб ёзиши мумкин. Энг муҳими, бу икки халқ илгаригидек қадрдон бўлишини орзу қиламиз. Бошқа бирон гиж-гижлаш ниятимиз йўқ, бу бизнинг вазифамиз эмас. Оллоҳдан яхши кунлар келишини тилаб қоламиз.

Би-би-си: Нью Йоркдан Шаҳло исмли тингловчимиз эса оилангиз ҳақида маълумот истаган.

Исмат Хушев: Раҳмат, Шаҳло синглим. Оила аъзоларим соғ-саломат. Олдинроқ катта қизим Ҳулкарни турмушга берганимизни айтган эдим. Ҳозир неварали бўлдик. Бу жуда қувончли бўларкан. Фарнзандларим Чарос ва Ислом коллежда ўқишади. Кенжатойим Комронбек эса куни-кеча Торонтодаги 8 йиллик мактабни битирди. У ўқувчилар ва муаллимлар тарафидан мактаб президенти этиб сайланганди. Унга мактаб директори "Энг аълочи ўқувчи" деган дипломни топширди. Шунда кўзларимга ёш келди. Ўғилчам соф инглиз тилида маъруза қилди ҳамда мактабда ўтган йиллари ва бахтли болалиги учун барча битирувчилар номидан миннатдорчилик билдирди. Ўзбекистондан келган сиёсий муҳожирнинг ўғли Канада мактабида президент этиб сайланишини ақлга сиғдириш мумкинмиди? Мен билан бирга муҳожирликнинг аччиқ нонини баҳам кўрган, тақдирнинг бу ажиб синовларига бардош бериб, мени маломат қилмай юргани учун, фарзандларимга гўзал тарбия бераётгани учун оиламга, Наргизга ўз миннатдорчилигимни айтишни истардим. Мен тақдир менга ато қилган аччиқ қисматимда фарзандларим камолини кўриб, ўзимни овутаман, кўнглимга таскин бераман. Менинг сўзларимни эшитиб турган, дунёга сочилиб кетган, минглаб, балки миллионлаб ўзбекларнинг юрагидаги дард бу, ҳасрат бу.

Би-би-си: Суҳбатингиз учун катта раҳмат.

Бу мавзуда батафсилроқ