Гулнора Каримованинг сурати ва сийратига бир назар

Яқинда "Биржевой лидер" журнали Ўзбекистондаги сиёсатчилар рейтингини тузган, унга мувофиқ, мамлакат Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова биринчи марта матбуот саҳифаларида ўз номининг тилга олиниши бўйича отасидан ҳам ўзиб кетган эди.

Аммо Гулнора Каримова сиёсатчидан кўра кўпроқ, поп-қўшиқчи ва дизайнер сифатида тилга олинади.

Хўш, Гулнора Каримова ўзини ким, дея кўради? Поп юлдузими ёки бўлғуси Президент?

"Биржевой Лидер" журнали муҳаррири Вячеслав Зубенконинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Гулнора Каримованинг рейтинги отасидан ҳам ошиб кетгани бу бир тасодиф эди. Аслида унинг шахсан ўзи президент бўлмоқчими ё-да поп юлдузи - бу борада бир тўхтамга кела олмаганлиги белгилари бор.

Вячеслав Зубенко: Биласизми, тоталитар давлатда тасодифлар рўй бермаслиги назарда тутилса, биз Ўзбекистондаги сиёсатчилар рейтингни тузганимизда, икки маротаба Гулнора Каримова ўз отасининг рейтингидан ўзиб кетган вақти, бу бир сенсация бўлган эди. Агарда бу тенденция давом этиб, фақатгина 2 маротаба эмас, такрор-такрор рейтинги баланд келаверганида, ана ўшандагина биз тоталитар давлатда уни келгуси Президентликка тайёрлашмоқда, деган аниқ хулосага келишимиз мумкин эди. Лекин тез орада Президент девони ўз хатосини тушуниб етди шекилли, жаноб Каримов ҳақида мақола ва маълумотлар кескин оширилиб, Гулнора Каримова ҳақида хабарлар камайди. Бу шуни англатадики, 2012 йили декабр ойида Гулнора Каримованинг рейтинги ошиб кетгани бу шунчаки, тасодиф эди.

Би-би-си: Гулнора Каримова шахсан ўзини Президент сифатида кўради, деб ўйлайсизми?

Вячеслав Зубенко: Айнан ҳозирги вақтда Гулнора Каримова Президентдан кўра кўпроқ маликага ўхшайди. Мен уни малика Дианага солиштириш ҳам мумкин, деб айтган бўлардим. Яъни гўзал бир аёл, лекин ўзи яшаётган доира унга кичиклик қилади. У машҳур бўлгиси келади, муайян чегара ва чизиқларни босиб ўтгиси келади - менинг фикримча, унинг психологик қиёфаси ана шундай. Лекин айни вақтда унинг матбуот томонидан яратилаётган ва вужудга келган қиёфаси президент бўлиш учун ҳали тайёр эмас, деб айтган бўлардим.

Би-би-си: Демак сизнинг фикрингизча, уни ён- атрофдагилар ҳали президентликка тайёрлашаётгани йўқ, лекин унинг ўзичи? Бу каби жиддий интилиши борми? Мана халқ ўнгида қиёфасини яхшилаш учун "Фонд Форум" каби ташкилотга раҳбарлик қилиб, кенг хайрия ҳаракатларини олиб бормоқда. Элчи, БМТдаги вакил каби мавқеълари ҳам бор. Демак ён-атрофдагилар бўлмаса ҳам, ўзи президентликка интилмоқда, деб айта оламизми?

Вячеслав Зубенко: Сўзсиз. Ақлли, мамлакатнинг юқори доираларидаги ўйин қоидаларини яхши биладиган аёл сифатида у отасининг вафотидан кейин президент бўлиш ўзи учун энг қулай мавқеъ эканини тушунади. Яъни, бошқа бирон киши ҳокимиятга келиб, унинг келажаги мавҳум бўлганидан кўра, ўзи президент бўлгани яхшироқ. Шунинг учун ҳам Гулнора Каримова шароит тақозо қилгани туфайли сиз айтган қадамларни қўймоқда. Лекин тоталитар тузумда жорий Президентнинг ўзи меросхўр ким эканлиги ҳақида бир тўхтамга келмагунча, бутун аппарат фақатгина унинг фойдасига ишлайди. Бу борада эса, жаноб Каримов ҳозирча аниқ бир ишора бермаган. Гулнора Каримова президентликка номзодлардан бири, лекин уни шундай келажак кутяптими, йўқми, ҳали айтишга эрта.

Би-би-си: Гулнора Каримова сиз айтгандек, президентликка кўз тикаётган ақлли ва оқил аёл бўлса, ўта очиқ-сочиқ кийимда турли кечаларда иштирок этиб, муҳаббат ҳақидаги қўшиқлар билан клиплар олмасди-ку? Бу амаллар уни келгуси Президент сифатида қиёфасини яратишга хизмат қилмаслигини ҳам билса керак?

Вячеслав Зубенко: Тўғри, шунинг учун ҳам мен уни Малика Диана билан қиёсладим, ҳудди шундай психологик тип. Гулнора Каримова ўта илҳомли шахс, улар учун жамиятнинг ва қонунларнинг яратган ахлоқий чегаралари ҳамиша торлик қилади ва улар бу чегараларни ёриб чиқишга ҳаракат қиладилар. Гулнора Каримова ҳам шундай қилмоқда. Албатта, у сиёсий карьерага мутлақо диққатини қаратганида, очиқ-сочиқ кийимдаги суратлар, оффшор ширкатлари билан боғлиқ муаммолар, клип-қўшиқлар - буларнинг ҳеч қайсиси рўй бермаслиги керак эди. Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда ҳам ва хорижда ҳам турли шов-шувларни келтириб чиқармоқда. Демак, у сиёсатчи сифатида хато кетидан хатога йўл қўймоқда. Нима учун бундай бўлаяпти, айтиш қийин. Балки унинг имидж мейкерлари тажрибасиздир, ёки балки илҳомлари шу қадар кенг ва юқорики, унинг ўзи бу қоидаларни қайта-қайта бузаётгандир.

Би-би-си: Президент бўлишини шароит тақозо қилади дедингиз, унинг ўзи эса балки поп юлдуз бўлмоқчидир. Бу икки келажак ўртасида унинг ўзи ҳам бир тўхтамга келмаган, деб айта оламизми? Яъни онги қандай бўлиши кераклигини биладию, кўнгли бошқа нарсада?

Вячеслав Зубенко: Менимча, ҳаёт уни бу танловда бир қарор беришга мажбур қилади. Лекин ҳозирча Гулнора Каримова президентлик билан маликаликдан биттасини танлай олгани йўқ. Агар Президент бўламан, деган қарорга келса, имиджини мутлақо ўзгартириши ва фақатгина сиёсатчи сифатида қадамларни қўйиши керак бўлади. Лекин ҳозирча унинг қўяётган қадамлари маликаникидек бўлиб чиқаяпти.