Четга чиқмаса Ўзбекистондаги маош нимага етади?

Image caption Самарқанд шаҳри яқинидаги мардикор бозор. 2008 йил ноябрида олинган сурат.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг оиласини боқиш учун чет мамлакатларга чиқиб кетган ўзбекистонликларни дангаса деб атаб, улардан жирканишини айтгани ҳамон қизғин муҳокама мавзуси бўлиб турипти.

Ўзбекистон телевидениеси намойиш этган Президент Каримовнинг Жиззах вилоятига сафарига бағишланган кўрсатувда мамлакат раҳбари "Ўзбекистонда ҳеч ким очидан ўлаётгани йўқ", деб айтган.

Интернет нашрларидаги муҳокамаларда миллионлаб инсонлар ўзи туғилиб ўсган жой ёки мамлакатда эмас, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Туркия, Араб Амирликлари, Оврўпо ва АҚШда даромад қидиришга мажбур бўлаётганлари Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсати натижаси экани таъкидланаётганини кўриш мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳвол айнан қанча одамни ўз ватанидан ташқарида маблағ топишга мажбур қилгани борасидаги реал кўрсаткичга яқин рақам Ўзбекистон статистика идораларида мавжуд, бироқ бу рақамни жамоатчиликка ошкор этмаслик маъқул кўрилади.

Ўзбек давлат статистика идорасининг расмий ишсизлик ҳақидаги рақамлари эса шубҳа остига олинади.

Ўзбек статистикаси ишсизлик даражасини 0,5 фоиз деб атайди.

Бунда меҳнат биржаларида расман рўйхатдан ўтган фуқаролар назарда тутилади.

Image caption Самарқанд вилоятидаги мардикор бозорида бугунга келиб мардикорларнинг сони бундан ҳам кўпайган.

Ўзбекистонда эса ишсизлик кўрсаткичини "ёмон" қилмаслик мақсадида ишсиз фуқарони меҳнат биржасида рўйхатга олмаслик ҳоллари кузатилган.

2013 йил февралида мамлакат аҳолисининг сони 30 миллионни ташкил этгани хабар қилинган.

Шундан ишга яроқли аҳолининг сони 18 миллион атрофида деб кўрилади.

Иқтисодий таҳлилчилар Ўзбекистонда ўзининг томорқаси, чорва моллари бор инсонларни ҳам иш билан таъминланган, банд фуқаро сифатида рўйхатдан ўтказилганини эслатадилар.

Норасмий рақамларга кўра, Ўзбекистонда ишга яроқли аҳолининг учдан бир қисми мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Биргина Россиянинг ўзида камида 4 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор деб кўрилади.

Хўш, Ўзбекистонда ишсизлик миқёси нималарда кўринади?

Журналист ва мухолифат фаоли Малоҳат Эшонқулова кўплаб инсонлар ташқарига чиқиб кетганидан ташқари Ўзбекистондаги деярли ҳар бир туман марказларида мавжуд мардикорлар бозорлари ишсизлик миқёсини кўрсатувчи яққол мисол дейди.

Ўзбекистоннинг ўзида иш топиш мумкин, бироқ бу ишлар учун тўланадиган энг кўп маош 500 минг сўм атрофида.

"Бу 500 минг сўм олдинги 5 сўмга тенг", дейди Малоҳат Эшонқулова.

500000 Ўзбек сўми шу кеча-кундузда қарийб 184 АҚШ долларига тенг бўлиб турипти.

Шунингдек, бир ой меҳнат қилган ишчининг маоши пластик карточкага ўтказилади, бу карточкадан эса ўз эгаси ҳам хоҳлаган вақтида хоҳлаган миқдордаги пулини ололмайди.

Малоҳат Эшонқулова билан суҳбат

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди