"Чегара Билмас Мухбирлар" Абдураҳмоновнинг саломатлигидан ўта хавотирда

Image caption Солижон Абдураҳмонов Қорақалпоғистонда фаолият юритиб келган саноқли мустақил журналистлардан бири эди.

27 июн Ўзбекистонда Журналистлар куни нишонланар экан, айни дамда "Чегара Билмас Мухбирлар" ташкилоти ҳам 2008 йилдан бери гиёхванд моддалар савдоси айби билан 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Солижон Абдураҳмоновни озод қилиш чақириғини такрорлаган.

Жаноб Абдураҳмонов ошқозон ярасидан жабр чекиб келади ва охирги бир неча ой ичида унинг касаллиги зўрайган.

"Чегара Билмас Мухбирлар" Абдураҳмоновнинг саломатлигидан ўта ҳавотирда эканини билдирган. "Қамоқда ўтказган беш ўта оғир йил ортидан 63 ёшли бу кишининг тутқунда ушлаб турилишининг ўзи бир жиноят. Биз қамоқхона расмийларини Абдураҳмоновнинг тақдири учун жавобгар тутамиз ва зудлик билан унинг саломатлиги ҳақида очиқ ва тўла ҳисобот беришларига чақирамиз", - деб айтган ташкилот.

Ташкилотнинг айтишича, халқаро ҳамжамият ўз ҳаракатларини мувофиқлаштириб, ўзбек ҳукуматининг сиёсий маҳбусларни озод қилиши йўлида босим ўтказиши керак.

Унга кўра, Оврўпо Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан аввал ўрнатилган талаблари қондирилмаганига қарамай чекловларни бекор қилгани, Ўзбекистон ўз ҳолига ташлаб қўйилганини англатади.

Солижон Абдураҳмонов Қорақалпоғистонда фаолият юритиб келган саноқли мустақил журналистлардан бири эди. У оддий инсонларнинг саломатлиги, ҳамда Орол денгизи қуришининг инсоний таъсири ҳақида мақолалар ёзган. У шунингдек, Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя қилиш қўмитасининг маҳаллий директори бўлиб хизмат қилган.

У 2008 йил 7 июнида эндигина таъмирланган машинасини таъмирлаш шаҳобчасидан олиб келаётганида милиция томонидан тўхтатилган. Милиция унинг машинасидан гиёҳванд моддаларни топган ва наркотик моддалар истеъмол қилиш айби билан ҳибсга олган.

Солижон Абдураҳмонов шу кунгача айбловларни рад қилиб келади ва милициянинг ўзи гиёҳванд моддаларни машинасига ташлаганига ишонади. Тиббий анализлар Абдураҳмонов ҳеч қандай наркотик истеъмол қилмаганини исботлагач, айблов "наркотик моддалар савдоси"га ўзгартирилган ва у 10 йилга қамалган.

"Чегара Билмас Мухбирлар" шунингдек, қуйидаги тўққиз журналист озод этилишига чақирмоқда, улар Хайрулло Ҳамидов, Дилмурод Саййид, Баҳром Ибрагимов, Даврон Қобилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев, Юсуф Рўзимуродов, Муҳаммад Бекжоновлардир.

Бу мавзуда батафсилроқ