Ўзбекистонда 5 минг сўмлик пул муомалага чиқарилади

Image caption Бироқ ҳукумат номаълум сабабларга кўра, беш минг сўмлик пул чиқарилишини рад қилганди.

Ўзбекистон Марказий Банки яқин кунларда беш минг сўмлик янги банкнот муомалага чиқарилишини тасдиқлади.

Ушбу хабар 27 июн куни Марказий Банкнинг расмий сайтида эълон қилинди.

Беш минг сўмлик пул чиқиши ҳақидаги хабарлар ўтган ҳафтада турли интернет саҳифаларида тарқалганди. Бунга сенатнинг 18 июнда чиқарилган қарори ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиши сабаб бўлганди.

Қарорга мувофиқ, парламент аъзолари тақдим қилинган сўм нусхасини тасдиқлашган ва Марказий Банкка оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилиш топширилган.

Бироқ расмийлар номаълум сабабларга кўра, дастлаб бу хабарни рад қила бошлашди.

Сенат матбуот хизмати ўшанда маълум қилишича, "беш минглик сўмни ишлаб чиқиш ҳақиқатга тўғри келмайди".

Шунингдек, Марказий Банк матбуот хизмати ҳам бу борада бирор маълумотга эга эмаслигини билдирганди.

Бугун эълон қилинган хабарга кўра, 2013 йил 1 июлдан беш минглик ўзбек сўми муомалага киритилади.

Айтилишича, янги банкнотда парламент биноси ва Ўзбекистон герби акс этган.

Шу пайтгача Ўзбекистонда энг катта банкнот бир минг сўмлик ҳисобланган.

Беш минг сўм расмий курс бўйича икки АҚШ долларига тенг дегани.

Бу мавзуда батафсилроқ